Мирзиёев: «Қарсак чалаверсанглар, ура-ура қилаверсанглар, бизнинг ҳам оёғимиз ердан узилса, кейин одамлар кимга ишонади?»

17.05.2019 | Ўзбекистон | 6193

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Андижон вилояти ҳокимлигида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик.

«Kun.uz»нинг маълум қилишича, президент йиғилиш давомида вилоят аҳолиси ўсиб бораётгани яна кўплаб уйлар қурилиши ва қўшимча иш ўринлари яратилиши кераклигини таъкидлади.

«Вилоятда 134 минг киши ишсиз, 283 минг киши хорижга ишлашга кетган. 417 минг кишига, яъни меҳнатга яроқли аҳолининг 30 фоизи учун иш ўринлари керак.

Агар вилоятдаги туманлар секторлари раҳбарлари ўтган икки йил давомида керакли ишларни қилиб, ажратилган маблағларни тўғри йўналтирганида эди, ҳеч бўлмаса 250 минг киши учун иш ўрни яратиш мумкин бўларди.

Вилоятдаги автомобил заводи (GM Uzbekistan Асака автомобиль заводи - таҳр.) бизга кўп ёрдам бермаяпти. Завод раҳбарларини алмаштирдик, коррупцияни йўқотдик.

Завод қанча йилдан бери ишлаётган бўлса, ҳали ҳам ускунани Кореядан олиб келади. 

Бунақа заводдан 5та қуриб, рақобатбардош қилиш керак. Одамлар ўзи учун арзонини танлаб олиши керак. Биз битта заводга ҳамма шароитларни яратиб бердик, бошқа давлатлар ишчиларини боқиб юрдик.

Битта машина заводи 3 миллион аҳолини боқадими? Ҳеч қачон боқа олмайди. Шунинг учун, Hyundai заводларини очяпмиз водийнинг бошқа вилоятларида. Жиззахда завод очяпмиз.

Чунки, машина рақобатбардош бўлиши керак. Бозор иқтисодиёти шундай. Бу заводга эса шунча йил давомида барча шароитларни бериб қўйдик, мазза қилиб юришди, ақлини ишлатмай юришди. Қандай қилиб 20 йилдан бери машина учун барча хом ашё ва эҳтиёт қисмларни Кореядан олиб келиб юриш мумкин? Биз ўзимиз эплай олмаймизми?

Бугун вазифа қўйдим, завод 10 минг ишчи ўрни яратиши керак. Йўқса бунақа завод керакмас. Ҳолбуки, вилоятда 417 минг ишчи ўрни яратилиши керак.

Мен ҳар куни учтадан қарор чиқаришим мумкин, лекин биргина Андижонда ярим миллион киши ишсиз бўлса, одамлар биздан рози бўладими? Мақтайверсанглар, қарсак чалаверсанглар, ура-ура қилаверсанглар, бизнинг ҳам оёғимиз ердан узилса, кейин одамлар кимга ишонади?», деди президент.