Хоразмда ўн уч йилдан бери чўзилиб келаётган можаро қонуний якунини топди

21.05.2019 | Ўзбекистон | 4919

Урганч туман «Машина-трактор парки» акциядорлик жамияти кузатув кенгашининг 2003 йил 12 август куни ўтказилган навбатдаги йиғилишида жамиятнинг нархи 1 000 сўмдан иборат оддий акциялари номинал қийматини, айрим ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ, 11 минг 124 сўмга кўтариш масаласи муҳокамага қўйилди. Йиғилиш қарорига кўра, бу топшириқнинг амалий ижросини таъминлаш масаласи акциядорлик жамияти раҳбариятига тавсия қилинди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг судьяси Раъно Камолова маълум қилди.

Бундай қаралса, ҳар бир акциянинг номинал қийматининг бирданига салкам 11,5 баравар оширилиши ноинсофликдан бошқа нарса эмас. Буни ҳатто ғайриқонуний ҳаракатга йўйса ҳам бўлаверади. Акциядорлик жамияти раҳбарияти эса, кузатув кенгашининг қарорини ўзича тушунди.

Корхона низом жамғармасини акцияларнинг номинал қиймати ҳисобига ошириш ва шу йўл билан кузатув кенгаши қарорини ижрога йўналтириш мақсадида анча муқаддам лизинг савдолари орқали харид қилинган гаровдаги 2 та «Кейс» тракторини акциядорлик жамияти мол-мулклари рўйхатига киритиши лозим эди. Бу иш шошма-шошарлик билан амалга оширилди.

Янада қизиқ томони шундаки, корхона мутасаддилари акцияларнинг номинал қийматини ошириш юзасидан кузатув кенгаши чиқарган қарор юқори турувчи раҳбар органлар ва ташкилотлар томонидан маъқулланиши ҳамда тасдиқланишини кутиб ўтиришмади. Қарор тегишли ҳуқуқий асослар ва раҳбарий кўрсатмаларсиз ижрога қаратилди.

Оқибат нима бўлди, дерсиз? Гаров объекти бўлмиш «Кейс» русумли иккита буғдой ўриш комбайни қонунга хилоф равишда корхона мол-мулклари рўйхатига киритилди. Бошқача айтганда, ҳали тўлови адо этилмаган ана шу икки лизинг объекти эвазига акцияларнинг номинал қиймати оширилди.

Кузатув кенгашининг акциялар қийматини лизинг тўловлари аллақачон адо этилган ва корхона мулки сифатида эътироф этилган 2 та «Магнум» трактори ҳисобига ошириш ҳақидаги таклифи негадир инобатга олинмади. Оқибатда жамият бошқаруви мутасаддиларининг ҳали кучга кирмаган ушбу қарор ижросини таъминлаш борасидаги ҳаракати бесамар кетди, корхонанинг бир мулки иккига кўпаймади, молиявий-иқтисодий барқарорликка йўл очилмади.

Аксинча, лизинг шартномасида белгиланган пул вақтида тўланмагани, бу борадаги қарз миқдори қуюшқондан чиққани боис ҳар иккала трактор уларни етказиб берувчи тегишли лизинг ташкилоти томонидан қайтариб олинди.

Афсуски, кузатув кенгашининг юқори органлар томонидан маъқулланмаган ва кучга кирмаган ушбу қарори узоқ йилларга чўзилган бошқа бир жиддий можарога ҳам сабаб бўлди.

Гап шундаки, бу можаро ўша кезларда акциядорлик жамияти кузатув кенгашининг раҳбари Озод Обидов давлат томонидан тадбиркорлик ва унинг ривожи учун юртимизда яратилган имкониятлардан оқилона ва самарали фойдаланиш йўллари, чораларини излашга бел боғлаб киришган бир маҳалда рўй берди. Бу ўринда О. Обидов ўшанда ушбу жамият акциялар пакетидаги энг катта улуш соҳиби, Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитасининг Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғининг ўша пайтдаги ўринбосари — мониторинг бўлими бошлиғи лавозимда ишлаганини ҳам таъкидлаш лозим.

Акциялар пакети соҳиби белоруссиялик ишбилармон-тракторсозлар билан ҳамкорлик алоқаларини боғлашга муваффақ бўлди. Ҳамкор юрт ишбилармонлари корхона фаолияти билан яқиндан танишиб, истиқболдаги хайрли режани амалга ошириш мақсадида Хоразмда «МТЗ» трактор заводи филиалини очишга розилик билдиришди.

Бундай корхона Ўзбекистондай истиқболли мамлакат қишлоқ хўжалиги учун ниҳоятда катта аҳамият касб этиши тайин эди. Қолаверса, кейинги пайтларда иши анчайин оқсаб қолган мазкур акциядорлик жамияти фаолиятини қайта жонлантириш, шу орқали қўшимча иш ўринларини очиш, меҳнат жамоасининг ризқ-насибасини бутлаш борасида қулай имконият вужудга келганлигини чуқур англаган урганчлик сармоядорлар янги ҳамкорларнинг акциялар пакетидаги улушини камида 51 фоизга етказиш ҳақидаги таклифини иккиланмай қабул қилдилар.

Корхона акциядорларининг рухсатини олган Озод Обидов бу ишга астойдил киришди. Харид қилиниши зарур бўлган 1 минг сўмлик оддий акциялар нархини 3 минг сўмга кўтариш таклифини илгари сурди. Бир йўла 200 фоизлик устама фойдага эга бўлиш истаги, албатта, кўпгина акциядорларни кенгаш раиси билан ҳамкорликка ундади.

Шу аснода жами 1 минг 390 та оддий акция оширилган нархда, сармоядорларнинг шахсан розилиги асосида ва ўзаро келишилган шартномага мувофиқ, яъни тамомила қонуний йўсинда «Тошкент» фонд биржаси томонидан уюштирилган аукцион саводлар орқали сотиб олинди. Кузатув кенгаши раисининг Белоруссиядаги трактор заводи филиалини очиш ва замонавий қишлоқ хўжалиги машиналарини бевосита Урганчдаги корхонанинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатлари акциялар савдоси якунига етгунига қадар давом этди.

Шундан сўнг эса… қилдан қийиқ чиқди. Кузатув кенгашинниг қимматли қоғозлар нархини 1 минг сўмдан 11 минг 124 сўмга ошириш юзасидан юқорида зикр этилган санада чиқарган, аммо тегишли органлар томонидан тасдиқланмагани боис кучга кирмай қолиб кетган қарорини пеш қилган тергов органи мазкур кенгаш фаолиятини тафтиш қилишга киришди.

Бу жараёнда тушга ҳам кирмайдиган ғаройиб воқеалар рўй берди. Акцияларни ўз хоҳишига биноан қонуний асослар бўйича О. Обидовга сотган шахсларнинг деярли барчаси асл ҳақиқатнинг юзига оёқ қўйишди.

Аниқроқ айтганда, улар кенгаш раиси қимматли қоғозларни оширилган нархларда ўзаро келишув асосида фонд биржасидан сотиб олганини инкор этиб, аксинча, у «акцияларни тез орада янгисига алмаштириб бераман», дея олиб кетганини баён этишди.

Бу ҳолат уларнинг расман берган кўрсатмаларида ҳам ўз аксини топди.

Шу тариқа кенгаш раисининг ҳаракати боис акциядорларга етказилган молия¬вий зиён миқдори ўша давр нархлари бўйича жами 11 миллион 823 сўмга етганига оид далил тергов ҳужжатлари са-ҳифасидан жой олди.

Бундан ҳафсаласи пир бўлган хорижий ҳамкорлар эса, ҳали бошланмаёқ ниҳоясига етган ишни йиғиштиртиб қўя қолишди.

О. Обидов эса, Жиноят кодексининг фирибгарликка доир 168-моддаси 3-қисми «а» банди, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга тааллуқли 205-моддаси 2-қисми «а» банди бўйича жавобгарликка тортилди.

Дастлабки босқич суди кейинчалик бу айбловга ўзгартиш киритди.

Жиноят кодексининг 205-моддаси бўйича қўйилган айб жавобгарнинг зиммасидан соқит қилинди. Айбланувчи мазкур босқич судининг 2006 йил 12 февралдаги ҳукмига мувофиқ 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Жиноят кодексининг бағрикенгликка оид 72-моддасига асосан ҳукм бирмунча юмшатилди. О. Обидовга нисбатан шартли равишда 2 йиллик синов муддати белгиланди. Акциядорларга етказилган молиявий зиённи қоплаш мажбурияти ҳам унинг зиммасига юклатилди. Айни пайтда ички ишлар органида вақти-вақти билан рўйхатдан ўтишга ҳамда акция эгаларига етказилган молиявий зиённи қоплашга мажбур экани белгиланди.

Судланувчи ўзига қўйилган айбга иқрорлик билдирди ва тайинланган жазодан қониқиш ҳосил қилди, деёлмаймиз. Аксинча, маҳкумнинг асл ҳақиқатни излаш, айбсизлигини исботлаш, адолат, одиллик, холислик ва қонунийликни қарор топтиришга қаратилган ҳаракатлари суд ҳукмидан сўнг бошланди.

Ҳақиқатнинг илк нишонаси эса, орадан неча йиллар ўтиб, 2010 йилда бўй кўрсатди. Акция нархларини 11 минг 124 сўмга етказиш юзасидан 7 йил муқаддам чиқарилган ва оқибатда сармоя соҳибларига катта миқдорда зарар етказилгани тергов ҳужжатларида қайд этилган ва пировардида кузатув кенгаши раисини айблашда асосий дастакка айланган машъум қарор мутасадди идоралар ва ташкилотлар томонидан маъқулланмагани ҳамда кучга кирмагани боис 2010 йил 25 майда фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди томонидан бекор қилинди.

Ўша пайтдаги жамоа хўжаликларининг ҳозирда ҳаёт бўлган собиқ раҳбарлари О. Сафоев, И. Бобожонов, П. Оллаберганов, Х. Машарипов, А. Каримов, Ш. Ражабов, К. Зарипов, қимматли қоғозларнинг соҳиби мақомидаги фуқаролар Ш. Отамуродов, Р. Султонов, А. Вафоев, Ў. Нуруллаев, И. Бобожонов, Р. Шомуродов, У. Тожиев, Р. Иброҳимов анча йиллар муқаддам якунланган суд ва тергов жараёнларида нотўғри ва нохолис тарзда тўқиб-бичилган кўрсатмаларга тазйиқ остида имзо чекишгани аён бўлди. Улар аслида акцияларни О. Обидовга ўз хоҳиш-ихтиёри би¬лан тегишли ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар асосида сотишганини, собиқ маҳкум мазкур қоғозларни алдов ёки фириб йўли билан эгаллаб олмаганини, шу сабабли унга бирон-бир эътирозлари йўқлигини маълум қилдилар.

Кузатув кенгашининг собиқ раиси аризасига мувофиқ жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди судлов ҳайъати томонидан 2018 йил 8 ноябрда ўтказилган навбатдаги жарёнда шу ҳолатларнинг барчаси синчиклаб ўрганилди.

Холис эксперт ва мутахассис мақомида гувоҳлик берган Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Н. Хўжаниёзов, унинг ўринбосари Т. Расулов, собиқ брокер М. Жуманиёзовнинг кўрсатмалари ва ҳали биринчи босқич судлов жараёнидаёқ Республика назорат маркази мутахассиси А. Исрофилов томонидан берилган расмий хулоса асл ҳақиқатга мос келиши ва О. Обидовнинг айбсизлигини исботлашга хизмат қи¬лиши эътироф этилди.

Ушбу гувоҳликларни тан олмаган К. Худойбергановнинг кўрсатмаси эса, нохолис бўлиб чиқди. Суд ушбу кўрсатмани инобатга олмади.

Шундай қилиб, акцияларнинг сотиб олинишида О. Обидов қонунбузарликка йўл қўймагани тасдиғини топди. Буни судда мутахассис сифатида гувоҳлик берган Н. Хўжаниёзов очиқ-равшан ифодалаб берди.

Мазкур масалада қонунбузарлик ҳолати мавжуд эмаслиги, бу ҳолат юқори турувчи раҳбар орган — ушбу бўғиннинг республика ташкилоти етакчи мутаххасиси А. Исрофиловнинг 13 йил муқаддам ўтказилган дастлабки суд чоғида берган, аммо ўшанда тан олинмаган кўрсатмасида ўз аксини топгани назарда тутилди.

Бу жараёнда тергов органининг О. Обидов харид қилган қимматли қоғозларни ўз эгаларидан алмаштириб бериш мақсадида эгаллаб олганига оид даъвоси ҳам асоссиз бўлиб чиқди. Бинобарин, бу борада мавжуд тартиб-таомилларнинг ўз йўриғи бор ва унга кўра, О. Обидов акцияларни алмаштириб бериш ваколатига эга эмас. Тергов органи эътирози инобатга олинмагани боисини ҳам шундан излаш даркор.

Суд ушбу ҳолатларни аторфлича ва синчиклаб ўрганар экан, О. Обидовнинг ҳаракатида дастлабки босқич суди томонидан фирибгарлик сифатида баҳоланган жиноят аломати аслида мавжуд бўлмаганини эътироф этди. Собиқ маҳкум ана шу асосга кўра, тўла оқланиб, реабилитация қилинди.

О. Обидовнинг устидан муқаддам чиқарилган суд ҳукми бекор қилиниб, жиноят иши ҳаракатдан тугатилди. Эндиликда у ўзига етказилган катта миқдордаги моддий ва маънавий зиённи суд тартибида бемалол ундириши мумкин.

Хуллас, роппа-роса 13 йил давом этган можаро юртимизда адолат ва ҳақиқат, одиллик ва холислик тамойиллари устуворлиги тобора мустаҳкам қа¬рор топаётгани шарофати билан тўла барҳам топди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди апеляция ҳайъатининг О. Обидовни оқлашга доир ажрими қонуний кучга кирди. Собиқ маҳкум ва унга тараф бўлган кўпгина инсонларнинг асабию юрагини йиллар давомида кемириб келган дард буткул ариди.