Молия вазирлигида янги бошқармалар ташкил этилди: асосий вазифалар

22.05.2019 | Таҳлил | 4724

Давлат корхоналари ва устав капиталида давлат иштирок этаётган тижорат банкларини реструктуризация ва ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги зиммасига давлат иштирокидаги корхоналар ва банкларни реструктуризация ва ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш функцияси юкланди.

Вазирлик тузилмасида Саноатнинг базавий тармоқлари, ёқилғи-энергетика мажмуи ва геологияни ривожлантириш молияси ва тарифни тартибга солиш бош бошқармаси негизида Тариф сиёсати ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш бош бошқармаси ҳамда вазирлик бошқарув ходимларининг умумий штат бирликлари доирасида Давлат иштирокидаги тижорат банкларини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилди.

Шунга кўра, Молия вазирлиги:

- давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳи қилиш, шу жумладан давлат корхоналари, хўжалик бирлашмаларининг хўжалик ва бошқариш функцияларини ажратиш орқали уларни реструктуризация қилиш ишларини амалга ошириш масалаларида вазирлик ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

- халқаро молия ташкилотларининг экспертларини жалб этган ҳолда тижорат банкларида давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириб боришни назарда тутиб, уларни бошқариш, ислоҳ қилиш ва самарали эгалик қилишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.