Фоҳишахона очган самарқандлик аёлга 360 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланди

24.05.2019 | Жамият | 4976

Самарқандлик аёл уйида фоҳишахона очганлиги туфайли 360 соат мажбурий жамоат ишларига жалб қилинадиган бўлди, деб хабар берди "Зарафшон" нашри.

Хабарда айтилишича, аёл ўзи ижарада турадиган хонадонда "севишганлар дам олиши учун" шароит яратиб берган.

Аёлни қўлга олиш мақсадида, тезкор тадбир режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, ИИБ томонидан йигит ва қиз ролига “Федя” ва “Маҳлиё” исмли шахслар жалб қилинган.

Федя ва Маҳлиё Кимёгарлар қўрғонидаги кўп қаватли уйлардан бирига келиб, хонадон эгасига 100 минг сўм пул берадилар ва бунинг эвазига уларга бир хона ажратилади.

Шундан сўнг "севишганлар" кетидан хонадонга ИИБ ходимлари келишади.

Ижара уйида фоҳишахона очган аёл устидан жиноий иш қўзғатилди. Аниқланишича, аёл турмушидан ажрашган бўлиб, Нарпай кўчасидаги ушбу хонадонни яқинда ижарага олган ва осон пул топиш ниятида уйини фоҳишахонага айлантирган экан.

Судда гувоҳларнинг берган кўрсатмалари асосида аёлнинг айби ўз исботини топди. Суд ҳайъати аёлга нисбатан Жиноят Кодексининг 131-моддаси, 2-қисми билан 360 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинлади.