Навоийда фирибгарликка қўл урган шифокор қўлга тушди

03.06.2019 | Жамият | 4994

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди очиқ суд мажлисида Ф. Қодиров (исми-фамилиялар ўзгартирилган) га оид жиноят ишини кўриб чиқди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси Адиз Авезов маълум қилди.

Шаҳар судининг ҳукмига кўра Ф. Қодиров Навоий вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази чақирилувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш бўлимида врач дерматолог вазифасида ишлаб фирибгарлик жиноятига қўл урган.

Ф. Қодиров, фуқароларни муддатли ҳарбий хизматни ўташини ташкил қилиш юзасидан тузилган тиббий комиссияси аъзоси ҳисобланиб, фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга юбориш юзасидан бирор-бир ваколатга эга бўлмаса-да, фуқаро С. Алиевнинг ўғли Б. Рўзиевни бир йиллик муддатли ҳарбий хизматни ўташга юбориш масаласини мансабдор шахслари орқали пора бериш эвазига гаплашиб, қонунга хилоф эканлигини била туриб, мулкий наф кўриш мақсадида алдаб, ишончига кириб, мансабдор шахсга пора беришга қизиқтириб, С. Алиевдан 4 500 000 сўм пулларни фирибгарлик йўли билан олган вақтда ушланган.

Судланувчи Ф. Қодиров суд муҳокамасида айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Жиноят иши юзасидан мавжуд далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳар тарафлама, синчиклаб текширилиб, суд томонидан Ф. Қодировга ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми, 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.