Мажбурий ижро бюроси ходими 600 доллар пора билан қўлга тушди (видео)

11.06.2019 | Жамият | 5460

Фарид Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси Самарқанд тумани бўлимида энергия ресурслари ва сувдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш шўъбаси инспектори вазифасида ишлаб келаётган эди. 

У Самарқанд тумани Юқори қайнама маҳалласидаги Ибрагимовларга қарздорлиги борлигини айтади ва далолатнома тузишини айтиб қўрқитади. Қарздорлик 15-16 миллион сўм экани айтилади. Бунча пулни тўлашга қурби етмаган фуқаро тегишли ташкилотларга бориб, суриштиради. Натижада қарздорлик йўқлиги аниқланади. 

Ундирувчи ва тўловчи яна учрашади. Ибрагимов бу пулни тўлай олмаслигини билдиргач, Фарид Абдуллаев 600 АҚШ доллари эвазига барча қарздорлик ва далолатномаларни йўқ қилиб беришини айтади. Акс-ҳолда қарздорлик МИБга ўтказилиши билан таҳдид қилади. Абдуллаев ҳатто 500 долларга ҳам кўнмайди. Унинг айтишича, «ўзининг ҳаражатлари» ҳам бор экан.

Якунда эса у ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинди. Абдуллаев судда ўз айбини тан олди. Суд уни уч йил озодликдан маҳрум этди. Шу билан биргаликда бир йил МИБ тизимида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.