Кўчмас мулкни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш тартибига ўзгариш киритилди

13.06.2019 | Ўзбекистон | 7101

Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Эндиликда кўчмас мулкни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш бўйича битимни нотариал тасдиқлаш учун:

кўчмас мулкнинг кадастр паспорти (илгари кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилди);

агар кўчмас мулкнинг қурилиши тугалланмаган бўлса — ер участкасига ҳамда қурилиши тугалланмаган объектга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма (илгари маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қарори ва ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома) тақдим этилади.

Шунингдек, киритилган қўшимчага мувофиқ юридик шахсларнинг кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш тарафларнинг ўз хоҳишига кўра амалга оширилади ҳамда мажбурий тусга эга эмас.

Қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига қуйидагича ўзгартириш киритилди.

Яъни, эндиликда қурилиш органи ҳамда ваколатли ташкилотлар томонидан келишилган далолатнома келиб тушиши билан бир кунлик муддатда давлат кадастр корхонаси филиали кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказади ҳамда QR-кодли далолатнома ва кадастрдан кўчирмани Давлат хизматлари марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборади.

Давлат хизматлари маркази уларни ариза берувчига бир соат ичида қоғоз ёки электрон кўринишда етказиши шарт. Бунда QR-кодли электрон ҳужжатлар асли билан бир хил кучга эга (илгари ариза берувчига фақатгина далолатномани қоғоз ёки электрон кўринишда тақдим этиш белгиланган бўлиб, электрон шаклдаги ҳужжатларни QR-кодлаш назарда тутилмаган эди).