Ўзбекистонда биохавфсизлик бўйича ўқув машғулотлари бўлиб ўтади

17.06.2019 | Илм-фан | 4395

Ўзбекистонда кузда «Марказий Осиё мамлакатларида биохавфсизлик ва биоҳимоя бўйича миллий ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва ихтисослашган тайёргарликни таъминлаш» лойиҳаси якуни доирасида «Жайрон» биологик хавфсизлик минтақавий ўқув машғулотлари ўтказилади. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига қарийб 1 млн евролик биологик хавфсизлик бўйича иккита мобил лаборатория тақдим этилади.

Илғор тажриба марказларининг кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий материаллар (КБРЯМ) бўйича миллий мувофиқлаштирувчиларининг Ўзбекистон делегацияси иштирок этган йиғилишида бу ҳақда сўз борди. Тадбир 12−14 июнь кунлари Брюсселда бўлиб ўтди. Тадбир доирасида Марказий Осиё, Афғонистон, Мўғулистон ва Покистон Илғор тажриба марказларига аъзо давлатларнинг минтақавий йиғилиши ҳам бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Минтақа давлатлари «Марказий Осиё давлатларида хавфсизликни оширишиш ва хавфсизликка таҳдидларни пасайтириш учун кимёвий ва биологик чиқиндиларни бошқаришни кучайтириш» лойиҳасининг амалга оширилишини муҳокама қилди. Қиймати қарийб 5 млн евро бўлган мазкур лойиҳани амалга оширишда минтақадаги кимёвий ва биологик чиқиндилардан вужудга келаувчи хавф-хатарларга баҳо берилади ва уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилади.

Тадбир якунлари бўйича Марказий Осиёда БМТ Хавфсизлик кенгашининг ядровий, кимёвий ёки биологик қуролларни ишлаб чиқиш, сотиб олиш, ишлаб чиқариш, ташиш, бериш ёки қўллашнинг олдини олиш бўйича резолюциясининг амалга оширилиши бўйича минтақавий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни бошлаш бўйича келишуга эришилди.

Ўзбекистон делегацияси Душанбеда атом электр станциялари хавфсизлигини таъминлаш бўйича Европа тажрибасини ўрганишга бағишланган учрашувлар ҳам ўтказди.