Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистон хорижий мамлакатларда Алишер Навоий номидаги маданият маркази ташкил этади
1.07.2019 13:32,  
89

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Хорижда Алишер Навоий номидаги Маданият марказини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикасининг “Алишер Навоий номидаги Маданият маркази”ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифга розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

Ўзбекистон маданияти ва санъати, анъаналари ҳамда ўзбек тили ва адабиёти ҳамда туризм салоҳиятини ўқув курслари ва тўгараклар ташкил этиш, конференция, семинар, фестиваль ва бошқа маданий-гуманитар тадбирлар ўтказиш орқали хорижда кенг тарғиб этиш;

дўстона халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий мамлакатларнинг фуқаролик ҳамжамиятлари, шу жумладан чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни самарали мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашиш.

Белгилаб қўйилишича:

Марказ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида ташкил этилади, унинг хорижий давлатлардаги шўъбалари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида Бош қароргоҳ фаолият олиб боради;

Чет эл давлатлари билан ўзаро маданият марказларини ташкил этиш тўғрисидаги Битимларга асосан Марказнинг хорижий давлатлардаги шўъбалари ташкил этилади;

Марказ раҳбари лавозимига Маданият вазирлиги тизимида камида 3 йил фаолият олиб борган, Ўзбекистон маданияти ва санъати, тарихи, анъаналари, урф-одати ҳамда ўзбек ва хорижий тилларни билувчи малакали мутахассислардан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишувга кўра Маданият вазири томонидан тайинланади.

Марказ ва унинг хорижий давлатлардаги шўъбалари фаолиятини молиялаштириш манбаларига давлат бюджети маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг моддий кўмаклари ва қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар киради.

Марказга:

ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш доирасида вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларидан зарур статистик ва таҳлилий ахборотни талаб қилиш ва бепул олиш;

илмий, маданий, маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун давлат мулки бўлмиш мажлислар зали ва концерт залларидан (ана шу заллар ўз тасарруфида бўлган субъектлар билан келишилган жадвал бўйича) бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги Алишер Навоий номидаги маданият маркази концепциясига кўра, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги Алишер Навоий номидаги маданият маркази Маданият вазирлиги ҳузурида ташкил этилади, хорижий давлатлар билан келишувларга кўра унинг хорижий давлатлардаги шўъбалари фаолият олиб боради.

Марказнинг хорижий давлатлардаги шўъбалари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида Бош қароргоҳ ташкил этилади.

Марказнинг асосий вазифаси – Ўзбекистон маданияти, санъати ва анъаналари, ўзбек тили ва адабиёти, туризм салоҳиятини хорижда тарғиб этиш ва оммалаштириш, шунингдек, дўстона халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий мамлакатларнинг фуқаролик ҳамжамиятлари, шу жумладан чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни самарали мувофиқлаштиришдир.

Марказ маданият, санъат, фан, таълим ва халқ дипломатияси соҳалардаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда маданий алмашинувларни йўлга қўйишда асосий майдон бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Марказ юртимизнинг маданий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотларни хорижий жамоатчиликка доимий етказиб беради ҳамда Ўзбекистон тўғрисида ижобий фикрларни шакллантириш юзасидан тегишли чоралар кўради.

Марказнинг мақсади – турли  конференциялар, семинарлар, фестиваллар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказиш ҳамда ўқув курслари ва тўгараклар ташкил этиш орқали Ўзбекистон маданияти, санъати ва анъаналари, ўзбек тили ва адабиёти, туризм салоҳиятини хорижда тарғиб этиш ва оммалаштириш, шунингдек, дўстона халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий мамлакатларнинг фуқаролик ҳамжамиятлари, шу жумладан чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни самарали мувофиқлаштиришдир.

Марказ ўз мақсадини амалга оширишда қуйидаги вазифаларни бажаради:

ўзбек тили ва адабиётини ўрганиш бўйича ўқув курслари ташкил этади, Марказ фаолият олиб бораётган давлат олий ва ўрта таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиётидан таълим берилишида ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатади;

Ўзбекистон тарихи, маданий мероси ва юртимиз алломаларини жаҳон илмига қўшган ҳиссаси тўғрисида конференция ва семинарлар ташкил этади; 

Ўзбекистон маданияти ва санъатини тарғиб қилиш мақсадида, кўргазмалар, танловлар, фестиваллар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказади;

ўзбек миллий таомларини тайёрлаш бўйича ўқув курсларини ташкил этади;

хорижда яшаётган ватандошлар билан яқин алоқалар ўрнатади, уларга ўз ваколати доирасида амалий ёрдам кўрсатади;

Марказ ўзи фаолият олиб бораётган давлатнинг тегишли муассасалари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан