Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тошкентда қиймати бир неча миллион долларлик бўлган улкан хазина давлатга топширилмоқда (видео)
3.07.2019 21:55,  
53

 

ЎзА Тошкентда топилган хазина давлатга топширилиши ҳақида мақола эълон қилинди. Уни тўлиғича келтириб ўтамиз.

Турли эртаклар, саргузашт романлар, фильмлар қаҳрамонларининг хазина излаб йўлга чиққани ва кўплаб қийинчилик, ажойиботларга дуч келгани хусусида ўқиганмиз, кўрганмиз. Кимдир уларга ишонса, ким учундир уларнинг бари сафсатадан ўзга нарса эмас.

Аммо Тошкентда, сиз-у биз яшаётган замонда, улкан тарих сирларидан воқиф қилувчи, қимматбаҳо хазина топилди.

Бу хазинадан қадимий олтин тангалар, тарихий манбалардан дарак берувчи сирли хариталар, диний қўлёзма ва иконалар каби юзга яқин ноёб топилмалар ўрин олган.

Хазинани Ўзбекистон Миллий университети битирувчиси, мустақил изланувчи, илмий ходим Муҳаммадбобур Юсупов 3 йиллик изланишлари, қидирувлари натижасида пойтахт марказидаги эски биноларнинг биридан топишга муваффақ бўлди.

Ушбу қимматбаҳо хазина топилганидан хабар топган бир гуруҳ маҳаллий ва хорижий фуқаролар М.Юсуповни йўлдан уриб, бойиш пайига тушиб қолди. Турли алдов ва кўзбўямачилик йўллари билан топилмаларни чет элга ноқонуний олиб чиқиб кетиб, катта даромад орттиришга қаратилган ҳаракатларни бошлаб юборган. Улкан бойлик ҳатто республикамиз ҳудудида фаолият юритаётган айрим хорижий ташкилотлар вакилларини-да қизиқтириб қўйди. Улар Муҳаммадбобурга катта миқдорда моддий манфаатдорликни, бойликларни божхонада хавфсиз олиб ўтишни, хорижда ўқитиб, фуқаролик беришгача бўлган мақсадларини, чет элда ҳашаматли ҳаёт каби таклифларни баён этишди.

Энг ачинарлиси, хорижий ташкилотлар вакиллари хазинанинг қийматини юқори баҳолаб, унга эгалик қилишга уринаётган бир пайтда, ўзимизнинг айрим фуқаролар ҳам хазина эгасини четга суриб, бойликларни ўзлаштириш ҳаракатига тушишди.

Аммо бу ҳаракатларга Давлат хавфсизлик хизмати идоралари томонидан чек қўйилди. Фуқаро М.Юсуповга нисбатан шубҳали шахсларнинг ғаразли таклифлар юзасидан тезкор тадбирлар ўтказилди. Мамлакатимиз ҳудудида фаолият юритаётган айрим хорижий ташкилотлар вакиллари томонидан ёш изланувчи олимга турли алдов ва шахсий манфаатдорлик олишга қаратилган бир томонлама таклифлар аниқланиб, Ўзбекистон тарихига оид қадимий ашёлар ва манбаларнинг юртимиз ҳудудидан олиб чиқиб кетилишига йўл қўйилмади.

Бир неча миллион долларлик тарихий ашёлар ва топилмаларнинг бегона қўлларга ва чет элга чиқиб кетилишининг олди олинди.

Фуқаро М.Юсупов шахсий бойлик орттириши, чет эллардаги нуфузли таълим даргоҳларига ўқишга ва ишга жойлаштириш, кўчмас мулк орттириш ва бошқа ғаразли таклифларга учмасдан ўз фуқаролик бурчини тўлиқ адо этди ва ДХХ идораларининг бевосита кўмаги ва маслаҳати остида ўзи томонидан топилган қимматбаҳо тарихий буюмларни Ўзбекистон тарихи давлат музейига тақдим қилди.

Қимматбаҳо буюмларни музейга топшириш жараёни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, Муҳаммадбобур томонидан тақдим этилган жамламадан 92 номдаги нодир тарихий ва маданий аҳамиятга эга бўлган буюмлар жой олган.

Улар орасида қадимги турк, немис, араб, француз, лотин, инглиз тилларида ёзилган ноёб асарлар, қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, хариталар, диний қўлёзма ва иконалар, микроскоп қурилмалар, 71 дона олтин, кумуш, мис тангалар жой олган.

Ноёб топилмалар келгусида мазкур музей экспонатлари сафига қўйилиши ва алоҳида кўргазма сифатида тарих, санъат ихлосмандлари эътиборига намойиш этилиши режалаштирилмоқда. Айни пайтда экспонатларнинг ўзи барчани қизиқтириш табиий, ҳар бир осори-атиқанинг ўз тарихи бор, улкан қийматга эга. Муҳаммадбобурдан тилла суви юритилган бир неча китобнинг ўзини хорижликлар 600 минг долларга сотишни сўрашган. Қолган буюмларнинг қиймати қанча эканидан ўзингиз хулоса чиқараверинг...

Ўйлаймизки, мутахассисларимиз бу борада ҳам, яъни топилмаларнинг нечоғли тарихий ва моддий қийматга эга эканига аниқ хулосасини, халқимиз бой меросига айланишига холис баҳосини беришади, деган умиддамиз.

Топилмаларнинг келгуси тақдири-чи, ноёб буюмларни мутахассислар қандай баҳолайди, бойликларнинг жисмоний шахсларнинг қўлига чиқиб кетишини олдини олиш борасида қандай ишлар қилинмоқда, олдинда турган вазифалар-чи? Шу каби саволларга жавоб олишни истасангиз ЎзА сайтини кузатишда давом этинг, хазина тақдири сайтимиз орқали батафсил ёритиб борилади.

Сўнгги ўринда аччиқ бўлса-да, шуни айтиш лозим, неча асрлар давомида халқимизнинг моддий ва маданий бойликлари ўзга юртларга ташиб кетилди. Орамизда моддий манфаатдорлигини, бисотимизни ўзгаларга бериб қўйганлар қанча бўлди. Кўзимизни очиш, миллатимизни ўйлаш вақти келмадими? Халқимизнинг тарихий, маданий ва маънавий бойликларини чет элга ноқонуний олиб чиқиб кетилишига йўл қўймайлик.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан