Яшнобод тумани ҳокими ўринбосарининг кўзбўямачиликка даъвати ёзиб олинган аудио тарқалди

05.07.2019 | Жамият | 6253

Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ҳоким ўринбосари ва туманнинг Мактабгача таълим бўлими мудирининг телефон орқали мулоқоти ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди, деб хабар бермоқда «Халқ сўзи».

Унда туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Зуфаров ва МТБ мудири Вилоят Акрамова ўзаро суҳбатда тумандаги барча МТМ мудираларини собиқ «Ташсельмаш» ҳудудига йиғилиши сўралётганини эшитиш мумкин.

Зуфаров суҳбат давомида Акрамовага барча МТМ мудирларининг боғчаларга бозорлик қилиб келишини сўраган: «Барча боғча мудирларингизга тайинлаб етказиб қўйинг, бозорлик қилиб ошхоналарни тўлдириб қўйсин. Меҳмонлар (текширувчилар назарда тутилмоқда — таҳр.) кетганидан кейин ҳаммаси нарсаларини уйига олиб кетаверишади. Ошхонанинг [ёғ томса] ялагудек қилиб қўйишсин. Асосан ижтимоий соҳа объектларини ошхоналарига киришаётган эканда», дейилади ҳоким ўринбосари овози акс этган аудиода.