"UZAUTO MOTORS" АЖ салтанатига саёҳат

06.07.2019 | Блог | 5461

Ўзбекистон ОАВларидан ташриф буюрган вакиллар Фарғона шаҳар аэропортидан тўғри автомобиллар учун қуйма-кавшарли деталлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган "UZSUNGWOO" МЧЖ қўшма корхонасига йўл олди ва у ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Корхона "UZAUTO MOTORS" автомобилларидан ташқари, Россиянинг ГАЗЕЛЬ "NEXT" русумли автомобиллари учун ҳам деталлар ишлаб чиқаради. Жорий йилнинг охирига бориб, Россияда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун 52 номдаги қуйма деталлар ишлаб чиқариб, экспортни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Кейинги манзилимиз хавфсиз автомобил ойналари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган "Автоойна" МЧЖ бўлди. У ерда "UZAUTO MOTORS", "JV MAN Auto-Uzbekistan" МЧЖ қўшма корхонаси, "SamAvto" МЧЖ, ARTEL "EKO ELEKTRON", "ТТЗ" МЧЖ учун конвейер бутловчи деталларини бирламчи бозорга ишлаб чиқарилади. Корхонада ойна ишлаб чиқариш ва уларни синаш жараёнлари билан танишдик. Бундан ташқари, Ўзбекистон бозорларида "Автоойна" логотипи босилган қалбаки, сифатсиз ойналар ишлаб чиқарилаётгани ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилди.

Ойнани тест жараёни

Фарғонанинг кафеларининг бирида уюштирилган тушликдан сўнг, Наманган вилоятида жойлашган "UzChasis" МЧЖ йўл олинди. Корхона "Chevrolet Nexia", "Matiz", "Spark", "Cobalt" ва "Lacetti" автомобилларидан ташқари Россиянинг "АвтоВАЗ" заводи учун полимер материаллардан автомобил фара ва фонарлари ишлаб чиқаради. Замонавий ва юксак технологик ускуналар билан жиҳозланган корхона 90% автоматлаштирилган Марказий Осиёдаги ягона завод ҳисобланади. У ерга МДҲ ҳудудида ноёб бўлган юқори технологик "Meiki" термопласт автомати ўрнатилган. Автомат бир вақтнинг ўзида уч рангда қуйма қуйиш имконини беради.

Учта корхона билан танишгунимизча кун ҳам охирлаб қолди ва у ердан узоқ йўл босиб, Андижоннинг сўлим Хонободида жойлашган "UZAUTO MOTORS"нинг "Хонобод" сиҳатгоҳига йўл олдик. У ерда ҳам биз келишимизга шинам хоналар, кечки овқат ва концерт дастури кутиб турган экан. Тунни сиҳатгоҳда ўтказдик.

Эрталаб нонунтадан сўнг сиҳатгоҳдан бир неча километр узоқликда жойлашган автомобил симлари, тўқимачилик машиналари учун жгут, вентиляция, иситиш ва совитиш ускуналари учун Марказий Осиёда ягона бўлган "UzKoje" қўшма корхонасига ташриф буюрдик. Корхонанинг эътиборли жойи жамоада ишлаётганларнинг асосий қисмини аёллар ташкил қилар экан. Симларни йиғиш нозик иш бўлганлиги учун ҳам бундай ишлар аёлларга топширилган.

Ҳукуматнинг 09.04.2019 йилдаги 292-сонли қарорига асосан автомобиллар кундуз куни фараларини ёқиб юриш мажбурлиги ва бунинг оқибатида ҳаво исиб кетиши натижасида бир нечта автомобилларнинг фара симлари юкланмага бардош бера олмай, ёниб кетиш сабаблари ҳақида корхона раҳбариятидан изоҳ сўралди. Уларнинг айтишича, симлар ва жгутлар ёнмайдиган полимер материаллардан тайёрланган ва тайёр маҳсулот талабларга қаттиқ риоя қилинган лаборатория текширувидан ўтиб, автомобилларга ўрнатиш учун заводларга юборилади. Ёнғин келиб чиқишига автоуловларнинг симларига кўчадаги усталар томонидан қўлбола ускуна ва симларлар ўрнатилиши сабаб қилиб кўрсатилди.

"UZAUTO MOTORS" автомобилларига бутловчи деталлар етказиб берувчи сўнгги корхона "UZ-Dong Won" АЖ қўшма корхонаси бўлди. Корхона автомобиллар учун тутунчиқаргич, зарбага қарши эшик тўсинлари ва кузов деталлари ишлаб чиқаришга ихсослаштирилган. У ерда қўшимча равишда ўн бир турдаги спорт анжомлари ва йигирма икки турдаги халқ истеъмол товарлари (мебел, сут ва сабзавот маҳсулотлари) ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган.

Корхона УК "Группа ГАЗ" (Россия) учун 21 номдаги бутловчи қисмларни ҳам етказиб беради. Ишчи хизматчилар учун яхши шарт-шароитлар яратилган, спорт зали, электрон кутубхона. Электрон кутубхонадан QR код ёрдамида смартфонга китобларнинг электрон нусхасини юклаб олишлари мумкин.

Ва ниҳоят, "UZAUTO MOTORS" заводига ҳам етиб келдик. Завод билан танишиш тушлик вақти бўлганлиги учун ошхонадан бошланди. У ерда эътиборли жиҳат шу бўлдики, заводнинг раҳбарияти ва ишчи-ходимларига бир хилда таом пиширилар экан. Раҳбарлар ва ишчиларнинг ошхонаси алоҳида эмас экан.

Тушликдан сўнг бизни "UzAuto Motors" компанияси бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов шахсан кутиб олди. Қисқача танишув ва суҳбатдан кейин Р. Ражабов бошчилигида цехларга экскурсия уюштирилди. Экскурсия пресслаш цехидан бошланди. Цехга ўрнатилган Японияда ишлаб чиқарилган бир неча минг тонна босим остида пресслайдиган пресслар дунёдаги бир неча заводларга борлиги урғуланди. Экскурсия давомида цех ишчилари ҳам завод ҳақида ижобий фикрларини билдиришди.

Заводда биз учун алоҳида кўрсатилган жой хавфсизлик ва сифатни таъминлаш учун автомобил кузовларини лазер ёрдамида текшириш қурилмаси бўлди. 600 минг долларлик ушбу қурилма ходимларининг айтиши бўйича кузовни "томография" қилар экан ва 2787 та кавшарланган нуқталар ўлчамларга мос уланганлиги текширилар экан. Ишлаб чиқариш жараёнида сифатга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳозирги кунда сифат интеграциясининг учинчи босқичи BIQ III (Built-In Quality)да ишланмоқда.

Автомобил кузови йиғилишидан тортиб, то тайёр маҳсулот ҳолига келгунча бўлган жараённи ўз кўзимиз билан кўрдик.

Экскурсия сўнгида завод раҳбарияти билан пресс-конференция анжумани ўтказилди. Раҳбарият ҳодимлари барча саволларга аниқ жавоб беришди. Савол-жавоб қизғин тусга кириб, узоқ вақт давом этиши мумкин эди, лекин кун ниҳоясига етиб қолганлиги ва Тошкентга қайтиш учун узоқ йўл босиш кераклиги сабабли, тугатишга қарор қилинди. Пресс-тур қатнашчиларини манзилларига етказиб қўйиш учун кечки овқатдан сўнг "UZAUTO MOTORS" томонида "Captiva" ва "Tracker" автомобиллари ажратилди.

Пресс-турни ташкилаштириб, бизга ҳамроҳлик қилган:“Ўзавтосаноат” АЖ дан Зумрад Шаджалилова ва Ромина Туляковага ҳамда "UZAUTO MOTORS" АЖ дан Шохруҳ Абдусаламов ва Хасан Раджаповларга таҳририятимиз номидан алоҳида миннатдорчилигимизни билдирамиз

Муҳаммаджон Юнусов