Финландия бош вазири билан учрашув вақтида Меркелни яна кучли қалтироқ тутди

10.07.2019 | Жаҳон | 5040

Германия канцлери Ангела Меркель Финландия бош вазири Антти Ринне билан учрашув вақтида яна ўзини ёмон ҳис қилди. Бу ҳақда N-tv телеканали хабар қилмоқда.

Меркелни яна қалтироқ тушиши акс этган видео Twitter ижтимоий тармоғида пайдо бўлди. Видеода Меркель ва Ринне тик турган ҳолда нутқ тинглаётгани тасвирланган. Кутилмаганда канцлерни қалтироқ тутади, аммо у жойидан жилмайди. Фин ҳукумати раҳбари бунга эътибор бермайди.

​Германия вазирлар маҳкамаси вакили Меркель ўзини яхши ҳис этаётгани ва Финландия бош вазири билан музокаралар белгиланган тартибда ўтказилаётганини маълум қилди.

Қайд этиш жоизки, бу бир ой ичида шунга ўхшаш учинчи ҳолатдир. Июнь ойида Меркелни Берлинда Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашувда титроқ босганди.

Кейинроқ Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашув чоғида ҳам уни кучли қалтироқ тутиб қолганди.

Ангела Меркелнинг ўзи журналистларга саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммо йўқлигини айтганди.