“Вертолёт керак бўлса, Мудофаа вазирлигидан олиб турамиз” — ФВВ

17.07.2019 | Ўзбекистон | 4604

16 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутасадди ходимлари иштирокида журналистлар билан интервью бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар қилди.

Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, унинг ҳудудий ва таркибий тузилмалари Ички ишлар вазирлигидан Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтказилиши натижасида соҳа олдига янги вазифалар қўйилгани маълум қилинди.

Энди ФВВ — ёнғин хавфсизлигини таъминлашда давлат сиёсатини юритувчи ваколатли орган ҳисобланади.

Мулоқот давомида Нукус, Қарши, Самарқанд, Фарғона шаҳарларида йирик кўламли фавқулодда вазиятларни бартараф этишга мўлжалланган ҳудудий ёнғин қутқарув отрядлари тузилиши айтилди.

ОАВ вакиллари тоғли ҳудудларда тезкор ёрдам зарурати туғилганда ёки катта ҳажмли майдонларда ёнғин келиб чиққанда воқеа жойига етиб бориш учун фойдаланиладиган техникалар хусусида савол берди.

Мутасаддилар айни вақтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тасарруфида вертолёт мавжуд эмаслигини билдирди.

“Вертолёт керак бўлганда Мудофаа вазирлигидан олиб турамиз, бунда биз ёқилғи билан боғлиқ харажатларни қоплаб берамиз”, — деди Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Дадахонов.

Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, ФВВни вертолёт билан таъминлаш масаласи ўз ечимини топади.

“Фавқулодда вазиятлар вазирлигига вертолёт ажратиш ва вертолётлардан фойдаланиш бўйича Қарор лойиҳаси тайёрланган, — деди Ёнғин хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи Санжар Зуфаров. — Бу масала ҳатто давлат Дастурига ҳам киритилган. Режага мувофиқ 2020 йилда бизнинг тизимга ҳам вертолёт берилиши мумкин”.