Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонга юз миллион доллар тақдим этди

31.07.2019 | Иқтисод | 4597

Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) Ўзбекистонга 100 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз маблағларини тақдим этган.

Лойиҳа доирасидаги тажриба-синов шаҳарлари сифатида Янгийўл (Тошкент вилояти), Когон (Бухоро вилояти) ва Чортоқ (Наманган вилояти) белгиланган.

Қарорга мувофиқ:

- Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилиши, шунингдек, ХТТБ қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

- лойиҳани амалга оширишни умумий мувофиқлаштириш Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлиги томонидан амалга оширилади.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

- Лойиҳанинг асосий техник-иқтисодий параметрлари;

- Лойиҳани амалга ошириш учун жалб этилган ХТТБнинг қарз маблағлари бўйича асосий қарзни сўндириш, фоизлар ва воситачилик ҳақини тўлашнинг прогноз графиги;

- 2019-2021 йилларда мазкур лойиҳани амалга оширишга доир “Йўл харитаси” .

Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш бўйича ишчи комиссия тузилиб, у лойиҳани самарали амалга ошириш, “Йўл харитаси”да кўзда тутилган чора-тадбирларни жадал ишлаб чиқиш ва объектларни тезкорлик билан ишга туширишни таъминлайди.

Ҳар чоракда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига лойиҳанинг амалга оширилиши тўғрисида ахборот киритилади.