Бухорода фарзандларига алимент тўламаган аёлга 5 сутка қамоқ жазоси тайинланди

03.08.2019 | Жамият | 5118

Бухоро вилоятининг Ромитан туманида яшовчи Г.Т. уч нафар фарзандига алимент тўламаганлиги учун жазога тортилди.

МИБ вилоят бошқармаси хабарига кўра, бюронинг Ромитан туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг 2010 йил 1 июлдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор Гулчирой Тошева (исм-фамилиялар шартли)дан Қодир Матёқубов фойдасига уч нафар фарзанди таъминоти учун 1/2 қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисида ижро ҳужжати мавжуд эди.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор она бир неча бор огоҳлантирилган. Аммо Г.Тошева алимент пулларини тўлашдан қочиб юрган. Унинг алиментдан бўлган қарздорлиги 82.487.000 сўмни ташкил этади.

Г.Тошева Ромитан туман маъмурий суди томонидан МЖтКнинг 474-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, унга суд томонидан 5 (беш) сутка қамоқ жазоси тайинланди.