Ўз қудасидан фирибгарлик йўли билан пул олган аёл жавобгарликка тортилди

09.08.2019 | Жамият | 4929

Жиззахда яшовчи аёл ўз қудаси ва яна бир кишидан фирибгарлик йўли билан пул олгани сабабли жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг раиси Раҳматулла Орзиқулов маълум қилди.

Шарифа Салимова (исм-фамилиялар ўзгартирилди) Жиззах шаҳрида нуфузли муассасаларнинг бирида ҳисобчи вазифасида фаолият юритарди. Оилали, икки нафар фарзанднинг онаси Ш. Салимова таниш-билишларининг назарида ҳалол, ростгўй аёл эди.

Кўпчилик, айниқса, қариндош-уруғлар, қуда-андалар Шарифани таниш-билиши кўп, қўлидан анча-мунча иш келади, деб ўйларди.

Халқимиз опанинг қудаси сингилга ҳам қуда бўлади, деб айтади. Чунки ўртада жиян бор. Эт билан тирноқни эса, бир-биридан ажратиб бўлмайди.

Ўшанда 2016 йилнинг айни ёз чилласи эди. Ш. Салимованинг уйига опаси Зарнигорнинг қудаси Элмурод Собиров оиласи билан меҳмон бўлиб келади. Меҳмондорчилик чоғида ўзаро суҳбат иш масаласига бориб тақалади. Шунда Шарифа Салимова Корея давлатига ишлаш учун одам жўнатаётганини айтиб қолади. Аслида у ёлғон гапирган эди.

Буни қарангки, қуда бўлмиш Э. Собиров ўғли Достонга ойлик маоши яхши иш излаётганди. Шунинг учун у Ш. Салимованинг гапини эшитиб, бирдан жонланиб қолади ва ўғлини хорижга ишга юборишга ёрдам беришни илтимос қилади.

— Албатта, биринчи навбатда, сизларга ёрдам қиламан, қуда бува, — дейди Ш. Салимова. — Ахир, қадимгилар «Қудачилик — минг йилчилик» деб бежизга айтишмаган.

Э. Собиров Ш. Салимованинг бу гапларини эшитиб, шундай оқибатли одамлар билан қуда бўлганига ич-ичидан қувонади.

— Ҳурматингиз бор, — гапида давом этади Ш. Салимова. — Ўғлингизни хорижга ишга имтиҳонсиз ўтказаман. Кўпчиликнинг ишга боролмаётгани ана шу имтиҳон деган балодан ўтолмаётганида. Фақат 7 минг АҚШ доллари миқдори харажати бор…

Бундай катта миқдордаги пулни эшитиб Э. Собиров ўйланиб қолади.

Бироздан кейин эса, бунча пули йўқлигини айтди.

— Ноумид бўлманг, — қийин вазиятдан чиқаради Ш. Салимова. — Ҳозирча ярмини берсангиз бўлади. Қолганини ўғлингиз хорижга етиб олгач, берарсиз…

Эртаси куни Э. Собиров уйидагилар билан маслаҳатлашиб, Достонни эргаштирганча Ш. Салимованинг хонадонига келади. У узатган 3 минг 500 АҚШ долларини санаб олган Ш. Салимова узоғи билан октябрь ойига қадар Достонни хорижга ишга жўнатишга ваъда беради.

Достоннинг хорижга ишга кетаётгани ҳақидаги хабарни эшитган қўни-қўшнилар ҳам тараддудга тушиб қолишади. Масалан, Х. Нуралиева хорижга ишга жўнатаётган опа ҳақида сўраб-суриштиради. Бегона эмас, қўшнининг қудаси эканлигини эшитиб, кўнглида умид учқунлари пайдо бўлади. Қайнукаси Олимжонни хорижга юбориш ниятида эканлигини айтиб, Шарифа Салимованинг уй манзилини сўрайди. Элмурод Собировнинг тўнғич ўғли Рустам Хадича Нуралиевани Ш. Салимова билан учраштиришга ваъда беради.

Қисқаси, Хадичанинг гапларини тингларкан, Ш. Салимова ич-ичидан қувониб кетади. Қудасининг ўғли Достонни ҳам бошқалар қатори 7 минг АҚШ доллари эвазига хорижга ишга жўнатаётгани, бунинг учун ҳозирча улардан 3 минг 500 АҚШ доллари олганини айтади.

Хадича ўзи билан олиб келган 5 минг АҚШ долларини унинг қўлига тутқазади. Қолган 2 минг АҚШ долларини Кореяга жўнаш арафасида беришини айтади. Ўз навбатида, Ш. Салимова Олимжонни декабрь ойида хорижга, даромадли ишга юборишга қуюқ ваъда беради.

Вақт жуда тез ўтади. Э. Собировга айтилган октябрь, Х. Нуралиевага ваъда қилинган декабрь ойи ҳам етиб келади. Ундан кейин ойлар бир-бирини қувлаб, йил ўтади. Бироқ Достон ва Олимжоннинг хорижга бориш орзуси орзулигича қолиб кетади. Ш. Салимова эса, ҳали-ҳануз ўз сўзининг устидан чиқишини такрорлашдан чарчамасди. Бироқ ҳар бир нарсанинг ҳам охири бор. Кейинчалик Ш. Салимова жабрланувчиларга уйини сотмоқчи экани, пулни ўшанда қайтариб беришни айтиб, уларни тинчлантиришга уринади. Афсуски, бу ҳам бир баҳона эди, уй сотилмайди.

Битмаган ишга пул сарфланса, қийин бўларкан. Яна денг, қўл қўлни танийди. Ш. Салимовага пулни Элмурод билан Хадичанинг ўзлари беришган. Шунинг учун улар Ш. Салимованинг уйига пулни қайтаришни сўраб, қатнайверишади. Ш. Салимова эса, бора-бора бундан безади. Уларни кўрса, қовоқ соладиган, жаҳлланадиган бўлиб қолади.

Хуллас, кейинчалик Ш. Салимова жабрланувчиларга пулни қайтармаслигини очиқдан-очиқ айтади. Шундан кейин Э. Собиров билан Х. Нуралиева ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилишади.

Суд судланувчи Ш. Салимовага оид жиноят ишини очиқ суд мажлисида мазмунан кўриб чиқди. Ш. Салимовага жазо тайинлаш масаласига тўхталганда, шуни айтиш керакки, Жиноят кодексининг 168-моддасига 2016 йилнинг 26 декабрида ўзгартиш киритилган. Унга кўра, такроран ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан талон-торож қилганлик учун ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш назарда тутилган.

Судланувчи Ш. Салимова томонидан содир этилган фирибгарлик жинояти 2016 йил июнь ойида рўй берган. Бу пайтда амалда бўлган қонунга кўра, ушбу жиноятни содир этганлик учун судланувчига нисбатан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Суд юқорида келтирилган қонун талабларига кўра, тергов органи томонидан Ш. Салимованинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг (эски таҳрирдаги) 168-моддаси 2-қисми «б» банди билан тўғри малакаланган деб топди.

Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда жазони оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олди. Ш. Салимованинг икки нафар фарзанди борлиги, улардан бири ногирон эканлиги, қилмишидан пушаймон экани, Жиззах шаҳар хотин-қизлар қўмитаси томонидан унга нисбатан енгил жазо тайинлаш тўғрисида фикр билдирилгани эътиборда тутилиб, Ш. Салимовага уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Суд томонидан Ш. Салимова озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек, суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, ана шу тайинланган жазонинг қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириш тўғрисида огоҳлантирилди. Суд ҳукми билан етказилган зарарни қоплаш учун жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг банкдаги ҳисоб рақамига топширилган 10 миллион сўмнинг 5 миллион сўми жабрланувчи Х. Нуралиевага, қолган 5 миллион сўми эса, жабрланувчи Э. Собировга қайтарилди. Шунингдек, Ш. Салимовадан Х. Нуралиева фойдасига 36 миллион 500 минг сўм, Э. Собиров фойдасига 24 миллион 50 минг сўм ундириладиган бўлди.

Мулоҳаза қилиб қараганда, аёл қуданинг фириби яхшилик билан якун топмади. Жиноят кўчасига кирган Ш. Салимова ўзгаларни алдаб, ишончини суиистеъмол қилгани билан ҳеч нарсага эришолмади. Ўртада қудачиликдек миллий қадриятни поймол этгани, қариндошлар ўртасига совуқчилик тушгани, қилмишига яраша жазо олгани қолди, холос.