Андижонда халқ таълими соҳасидаги аёлларнинг “сирли рўйхати” юзасидан қўшма баёнот берилди

13.08.2019 | Ўзбекистон | 4852

Хотин-қизлар қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги Андижонда халқ таълими соҳасидаги аёлларнинг “сирли рўйхати” юзасидан қўшма баёнот берди

Қайд этилишича, икки вазирлик биргаликда мазкур воқеликни жиддий ўрганиб чиққан. Маълум бўлишича, бу рўйхат Андижон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга қабул қилишда суҳбатга чақириш учун тузилган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда аёл ходимлар, хусусан, педагоглар сонини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Рўйхатда қайд этилган аёллар розилиги олинган ҳолда суҳбатга юборилган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлашни хоҳламаганлар эса рўйхатдан ўчирилган ва суҳбатга чақирилмаган.

“Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур рўйхатнинг тузилишига мутлақо алоқаси йўқлигига қарамай, жамоатчилик олдида масъулиятни ҳис қилган ҳолда, тегишли идоралар билан биргаликда юқоридаги саволларга жавоб излади”, - дейилади хабарда.

Хабарда ушбу рўйхатдаги аёллар масаласида аҳолининг ваҳимага тушишига ўрин йўқлиги қўшимча қилинган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги мактабларда ишловчи 25 — 35 ёшдаги, турмушга чиқмаган ва турмушидан ажраган аёлларнинг алоҳида рўйхати юритилишига оид маълумот пайдо бўлганди.