Депутат: Аҳолининг намунавий уйлар бўйича эътирозлари асосли чиқди

14.08.2019 | Ўзбекистон | 4948

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида қурилган намунали уйлар бўйича эътирозлар асосли бўлиб чиққанини маълум қилди.

«Шу йилнинг апрел ойида тугалланиши ваъда қилинган уйлар ҳамон тўлиқ эгаларига топширилмаганлиги ва қурилишдаги сифатсиз ишлар ҳақида аҳоли вакиллари ўтган ҳафтада Янгийўлдаги қабулхонамга келиб мурожаат қилишганди, — дейди депутат. — Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, мурожаат жойида ўрганилгандагина асл ҳақиқат намоён бўлади. Шу боис, қурилишга масъул „Қишлоқ қурилиш инвест“ ИК ва туман ҳокимлиги масъулларини жойига таклиф қилиб, муаммони ўрганиб чиқдик».

«Очиғи аҳоли вакиллари нолиганича ҳам бор экан: жами 76 та уйнинг 60 га яқинида хонадон эгалари у ёки бу даражада қурилиш ишларидан норози, аксарияти қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилгани учун уйларни қабул қилиб олишмаган. Шу боис, уйлар ҳамон табиий газ билан таъминламаган, янги кўча чанг тўзон ва шағалдан иборат бир аҳволда. Шунингдек, бир қатор хонадонлардаги ҳаммом, котельный, эшик, канализация, ҳовли саҳнидаги бетон ва электр токи монтаж ишлари қурилиш талабларига мос олиб борилмаган, айрим қурувчи усталар иш ҳақларини ола олмай сарсон…» — дейди Расул Кушербаев.

Депутат барча камчиликлар билан танишгач, аҳоли эътирозлари бежизга эмаслигини, шу ернинг ўзида тез муддатда қурилиш таъмирлаш ишларини охиригача етказиш бўйича ишлар режалаштириб олинганини таъкидлади.

«Ҳар тугул бу сафар бир-биримизни яхши тушундик шекилли „Қишлоқ қурилиш инвест“ масъуллари эътиборсизлик қилган қурилиш ишларини қаттиқ назоратга олиб, камчиликларни бартараф қилишга киришишди. Ҳокимлик ҳам эрталабдан ваъда қилинган ишларни бошлаб юборибди», — дея маълум қилди Қонунчилик палатаси депутати.