Алмазбек Атамбаев давлат тўнтарилишига тайёргарлик кўргани айтилмоқда

14.08.2019 | Жаҳон | 5089

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев қуролдан фойдаланиш, оммавий тартибсизликларни ташкил этиш, терговга тўсқинлик қилиш, асирга олиш, қотиллик ва қотилликка уриниш каби жиноятларда гумон қилинмоқда.

Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш операцияси вақтида қаршилик кўрсатган унинг тарафдорларига нисбатан ҳам бир нечта судга қадар тергов ҳаракатлари бошланди, деб хабар беради «Кабар» агентлиги.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Орозбек Опумбаев собиқ президент давлат тўнтарилишига тайёргарлик кўрганини маълум қилди. Атамбаев ўз уйида 500 киши, асосан болалар, аёллар ва кексаларни тўплашни мақсад қилган.

Собиқ президентнинг уйидан нишончи милтиғи, тўппончалар, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар топилган.

Эслатиб ўтамиз, Алмазбек Атамбаев 8 август куни ўтказилган махсус операция жараёнида ўз қароргоҳида қўлга олинган эди.