Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Булутларни кўзлаб ёхуд осмонўпар бинолар беллашуви
24.03.2016 13:46,  
300

Швейцарияликлар Альп тоғлари этагида Европанинг энг баланд биносини барпо этиш ниятида. Femme de Vals номи берилган мазкур бино Осиё ва Яқин Шарқдан келадиган бадавлат сайёҳлар учун меҳмонхона сифатида хизмат қилади. Бўйи 380 метрга етадиган меҳмонхона Вальс қишлоғида, денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда барпо этилиши режалаштирилган. Юзга яқин номер меҳмонлар хизматида бўлади, бу ерда бир кун яшаш камида 1000 франк (тахминан 1000 АҚШ доллари), энг кўпи билан 25 мингга тушади. Европадаги энг баланд бино қурилиши буюртмачилар – Вальс тоғ курорти соҳиби Ремо Стоффель ва тадбиркор Пайес Труфферга 200 миллион франкка тушади. Албатта, бу дастлабки ҳисоб-китоб, қурилиш кўпроқ маблағ талаб қилиши мумкин.

Кўҳна қитъанинг энг баланд биносини барпо этиш ишлари қачон бошланиши номаълум. Бунинг учун Швейцария ҳукуматининг рухсатини ва аввало маҳаллий аҳолининг розилигини олиш керак бўлади. Тоғли ҳудудда осмонўпар бино қурилиши бўйича референдум кузда ўтказилиши мўлжалланмоқда.  

Одамлар қадим замонлардан бери самога, қуёш ва юлдузларга интилиб яшашади. Ҳукмдорлар куч-қудратларини намойиш этиш мақсадида, шунингдек, одамлар ўзлари сиғинган маъбудлар шарафига баланд-баланд биноларни барпо этишган. 

Бобил минораси ҳисобга олинмаса, Миср эҳромларини илк осмонўпар иншоотлар деб ҳисоблаш мумкин. Римликларнинг 7-8 қаватли уйлар қургани тарихдан маълум, аммо бундай бинолар мустаҳкам бўлмаган, яшовчиларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида тез-тез ёнғинлар ичида қолган. Европада ўрта асрларда баланд миноралар ва жомелар қуришга алоҳида эътибор берилар эди.

Турар жойларга келадиган бўлсак, XIX асргача 6 қаватдан баланд уйлар камдан-кам қурилган. Биринчидан, тепа қаватларга зиналардан чиқиб-тушиш ҳеч кимга ёқмасди, қолаверса, ўша пайтларда сувни фақатгина 15 метр баландликка етказиб бериш имконияти бор эди, холос.   

1854 йилда америкалик ихтирочи Элиша Грейвз Олис илк хавфсиз лифтни ўйлаб топди. Унинг ихтироси айниқча Чикагода – 1871 йилги кучли ёнғиндан кейин авж олган қурилишларда жуда қўл келди. 80-йилларнинг бошидаёқ шаҳарда бўш жой қолмаган, турар жойга талаб эса камайиш билмас эди. Қурувчиларнинг баландликка интилишдан бошқа чоралари қолмади.

1797 йили Англиянинг Шрусбери шаҳрида қурилган металл синчли бино “замонавий осмонўпар биноларнинг отаси” ҳисобланади. Чикагода 1884-1885 йилларда Чикагода барпо этилган Home Insurance Building эса илк осмонўпар бинодир, у атиги 10 қават эди. Қурилиш тарихида илк бор деворлар оғирлиги деворларнинг ўзига эмас, балки металл синчга тўғри келди.

Баланд биноларни барпо этиш учун янги материаллар ва технологиялар зарур эди. Шунингдек, авваллари эътиборга олинмаган шамолнинг кучи, қор қопламининг баландлиги, зилзилага чидамлилик каби омиллар устида бош қотириш қурилиш ишларининг жадал суръатлар билан ривожланишига туртки берди.

Манхэттенда қурилган 60 қаватли Woolworth Building (241 метр) 1913-1930 йиллар оралиғида сайёрамизнинг энг баланд биноси бўлган. Кейин эса бу номга Нью-Йорк тимсолларидан бири Chrysler Building (319 м) 11 ой давомида эгалик қилди. “Крайслер” корпорациясига тегишли мазкур бино билан деярли бир пайтда қурилган 40 Wall Street ўртасида кескин рақобат пайдо бўлган эди. 40 Wall Street меъмори Крейг Северенс ўз лойиҳасини рекорд сифатида тан олинишини талаб қилди. Chrysler меъмори Уильям ван Ален эса бино тепасига 56 метрли найзасимон уч ўрнатишга рухсат олди. Уч бино ичида яширнча йиғилди ва бир ярим соат давомида ўрнатилди.

1931 йилнинг майида рекордни Empire State Building (381 м.) илиб кетди. У қаватлари 100 дан (102 қават), баландлиги 300 метрдан ошган илк бино бўлди.

Бундай рекордлар Осмонўпар бинолар ва шаҳарсозлик кенгаши томонидан қайд этиб борилади. Бино рекордчи деб тан олиниши учун тўрт жиҳатдан энг юқори кўрсаткичларга эга бўлиши керак: конструктив қисмининг баландлиги, одамлар эгаллаган қаватларнинг баландлиги, томнинг баландлиги ҳамда найзасимон уч, антенна, мачта ва ҳоказоларнинг баландлиги.

“Эмпайр Стейт Билдинг” осмонўпар бинолар ичида рекордни ўзида энг узоқ муддат сақлаб қолган – 41 йил. Америка фаровонлиги ва қудратининг тимсоли ҳисобланувчи ушбу бино ўз почта индексига (10118) эга. Унинг 6,5 мингда деразаси, 73 та лифти, 1869 та зинопояси бор. Айтиш керакки, “Эмпайр Стейт Билдинг” нафақат сайёҳларни, балки ўз жонига қасд қилувчиларнинг ҳам эътиборини тортиб келади. Бино барпо этилгандан бери ўттиздан ортиқ киши турли қаватлардан ўзини ташлаб юборган.

1972 йилда сайёрамизнинг энг баланд биноси номи World Trade Center – Жаҳон савдо марказига ўтди. Маълумки, 417 метр баландлик ва 110 қаатга эга мазкур бино 2001 йилнинг 11 сентябрида террорчиларнинг нишонига айланган.  

Чикагодаги Sears Tower эса 1973 йилдан 1996 йилгача рекордчи бўлиб турди. Баландлиги 442 метр тенг ва 110 қаватли ушбу бино майдони иккита мавзе майдонига тенг – 408 773 м². Бинода 16 мингдан зиёд дераза ва 106 та лифт бор.

Айни пайт Нью-Йоркдаги 541 метрли “Жаҳон савдо маркази-1” Ғарбий яримшарнинг энг баланд биноси ҳисобланади.

Ўтган асрнинг охирида осмонўпар бинолар беллашувига Осиё мамлакатлари ҳам қўшилди. Тез орада биринчилик Чикагодан Малайзия пойтахти Куала-Лумпурга ўтди. Petronas Twin Tower ҳар бирининг баландлиги 452 метр бўлган қўшалоқ бинодан иборат. Биноларда 88 та қават мавжуд, ҳар бирининг майдони 170 880 м²га тенг. Бинолар 41 ва 42-қаватлар орасида ўзаро боғланган. Ҳар бир бинонинг оғирлиги қарийб 400 минг тоннага тенг, уларда 29 тадан тез ҳаракатланувчи лифт ва 10 тадан эскалатор ўрнатилган.

Шанхайдаги Jin Mao Building (420 м) осмонўпар бинолар оиласининг яна бир Гулливери саналади. У Хитойдаги энг баланд бино ҳамдир. Баландлиги 421 метрли ва 88 қаватли ушбу бинода хонадонлар ва офислардан ташқари 555 номерли Shanghai Grand Hyatt меҳмонхонаси ҳам жойлашган (53 ва 87 қаватлар оралиғида). Jin Mao Building тезлиги соатига 220 километрга етадиган тўфонга ва Рихтер шкаласи бўйича 7 балли зилзилага дош бера олади.

2004 йилда Тайбейдаги Taipei 101 энг баланд бино номига сазовор бўлди. 101 қаватли ушбу бинонинг баландлиги 508 метрга тенг.

Ҳозир эса баландлик бўйича Дубайдаги “Бурж Халифа”га етадиган йўқ. Унинг 828 метрли бўйини 100 километр наридан ҳам кўриш мумкин. 163 қаватли мазкур бинонинг майдони 344 минг м²га тенг. “Бурж Халифа” инсонлар яшайдиган илк рекордчи бино бўлди. Унинг 45 ва 108-қаватлари орасида 700 та хонадон жойлашган, хонадонлар сотувга чиқарилганидан кейин атиги саккиз соат ичида сотилиб кетди, ваҳоланки, арзон эмасди – ҳар бир квадрати 38 минг доллар. Хонадонларнинг тепасида офислар, пастида эса меҳмонхона жойлашган. Бинода бир пайтнинг ўзида 35 минг киши бўла олади. Унинг қурилиши 2004 йилнинг сентябрида бошланиб, 2010 йилнинг январида якунланган.

Дубайликлар “Бурж Халифа”нинг рекордига фалсафий ёндашади. Вақти келиб қаердадир янада баландроқ бино барпо этилиши ва “Бурж Халифа”нинг рекордини тортиб олишини улар жуда яхши билишади.

Рекорд қўшни Саудия Арабистонига ўтиши эҳтимолдан холи эмас. Жидда шаҳрида Kingdom Tower номли осмонўпар бино қурилиши режалаштирилган. Унинг баландлиги, албатта, сир тутилмоқда, аммо 1000 метрдан кам бўлмаслиги кутиляпти.

Қиймати 1,2 миллиард долларга баҳоланаётган Kingdom Tower лойиҳасини Чикагодаги Adrian Smith & Gordon Gill Architecture бюроси ишлаб чиққан. Бинода ҳашаматли хонадонлар, савдо марказлари, ресторанлар, офислар ва ҳоказолар бўлади. Kingdom Tower қурилишини 2019 йилда тугаллаш режалаштирилган.

Японлар эса ҳаммадан ҳам ўтиб тушди – баландлиги нақ 4 километрли X-Seed 4000 биносини қурмоқчи. Лойиҳа Japanese Taisei Corporation қурилиш компаниясига тегишли. Кўринишидан Фудзияма тоғини эслатувчи 800 қаватли ушбу бинода 1 миллионгача киши яшаши мумкин бўлади.  

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан