Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Меҳнат соҳасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган Бош келишув имзоланди
27.02.2017 11:42,  
17

2017 йил 22 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича  2017-2019 йиллар учун Бош келишув имзоланди.

Бош келишув:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан – Бош вазир ўринбосари Танзила Нарбаева;

ходимлар ташкилотлари номидан – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков;

республика иш берувчилар бирлашмалари номидан – Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайховлар томонидан имзоланди.

Бош келишув республикада олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатни умумий тамойилларини белгилайди. Шунинг учун ушбу ҳужжат асоси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинган.

Келишув иштирокчилари томонидан иқтисодиётни, маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини кўтариш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиётда хусусий мулк улушини ошириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, фаолиятнинг барча соҳаларида давлат иштирокини камайтириш бўйича ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга  доир ишларни ҳамкорликда амалга ошириш кўзланган.

Шунингдек фермерлик, деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш, етказиб берилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун самарали ўзаро ҳисоб-китоб механизмларини ишлаб чиқиш ва бу маҳсулотларни саноат асосида қайта ишлаш кўламини кенгайтириш борасидаги ишларни фаоллаштириш назарда тутилган.

Келишувда меъёрий ижодкорлик ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояси ишларида тарафларнинг биргаликдаги иштироки алоҳида бўлимда акс эттирилди. «Аҳоли бандлигига кўмаклашиш нодавлат ташкилотлари (рекрутинг агентликлари) тўғрисида»ги, «Яраштирув жараёнлари (медиация) тўғрисида»ги, «Давлат хизмати тўғрисида»ги Қонунларни қабул қилиш учун ҳамкорликда таклифлар ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди. Шунингдек, меҳнат шартномаларини тузмасдан фаолият кўрсатадиган мавсумий ишчилар, шу жумладан вақтинчалик бир марталик ишларда меҳнат қиладиган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш назарда тутилмоқда.

Иш берувчилар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида тизимли ишларни амалга ошириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини судгача ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш, меҳнат қонунчилиги бузилишларининг, шу жумладан вазирликлар, идоралар ва фуқаролик жамияти институтларининг  колл-марказлари, ишонч телефонлари ва виртуал қабулхоналари тармоғини кенгайтириш орқали одини олиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Меҳнатга ҳақ тўлаш,  аҳолининг реал даромадлари ва турмуш даражасини кўтариш масалаларида илк бор ялпи ички маҳсулот таркибида меҳнат ҳақи улушини 30  фоиздан кам бўлмаган миқдорда сақлаб туриш, энг кам иш ҳақи миқдорини белгилаш бўйича уч томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш хусусида келишиб олинди.

Меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солишда ва иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлашда жамоа келишувлари ва шартномаларининг ролини оширишга, иш ҳақидан қонунчиликда кўзда тутилмаган ушлаб қолишларга йўл қўйилмаслигига доир қўшимча чора-тадбирлар кўриш мақсадга мувофиқ деб қабул қилинди. Тарафлар энг кам меҳнат ҳақи стандартларига риоя этилиши устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, шунингдек меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг тариф қисми ва тарифга қўшимча қисми ўртасидаги мақбул нисбатни давлат томонидан ва жамоа шартномалари воситасида  ўрнатилишини  таъминлаш зарурлигини тан олдилар.

Меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш масалаларида барқарор иш ҳақини ва ҳавфсиз меҳнат шароитларини таъминловчи доимий иш ўринлари, айниқса қишлоқ жойларида яратилишига,  олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни ҳамда  ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг бошқа тоифаларини ишга жойлаштиришга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилиши, ёш мутахассисларни ўз иш ўринларида қўнимлилиги учун иш берувчилар масъулиятин ошириш, юридик шахсларнинг тугатилиши ва қайта ташкил этилиши натижасида бўшатиб олинган ходимларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этиш, меҳнат миграциясини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича амалий чоралар кўриш устувор вазифалар ҳисобланади.

Тарафлар Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва Меҳнат вазирлигининг 2016 йил 1 августдаги 27-24 қ/қ – сонли қарори билан тасдиқланган «Фермер хўжаликларида меҳнат муносабатларини тартибга солиш, ходимлар сони ва иш ҳақи фондининг энг кам меъёрларини  белгилаш тўғрисидаги низом» талабларига жойларда риоя этилишига кўмаклашиш мажбуриятини ўз зиммасига олдилар.

Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири деб ҳисоблаган ҳолда, тарафлар ишлаб чиқаришда шикастланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, шунингдек, уларнинг пайдо бўлиш сабабларини бартараф этиш ишларини амалга оширишга эътибор қаратиш, меҳнат шароитлари ва муҳофазаси, саноат ва экологик хавфсизлик ҳолатини давлат назорат органлари билан ҳамкорликда текширишни амалда кенг қўллаш мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.

Иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизими билан тўлиқ қамраб олиниши, меҳнат муҳофазаси бўйича тадбирларни молиялаштириш, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва ускуналарнинг шикаст етказиши мумкинлиги бўйича шаҳодатдан ўтказиш, меҳнат муҳофазаси бўйича ваколатли вакилларни сайлаш, ўқитиш, малакасини ошириш ишлари устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш кўрсатмаси берилди.

Ижтимоий кафолатлар ва ижтимоий ҳимоя соҳасида тарафлар бизнеснинг корпоратив ижтимоий масъулиятини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш асосида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кам таъминланган оилаларга, болали оилаларга, уруш ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдам кўрсатиб бориш мажбуриятини олдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016  йил 28  декабрдаги  «Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2705-сонли Қарорини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон   Республикаси    Президентининг    2017  йил   7  февралдаги   ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури  доирасида касаба уюшмалари барча нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда ҳар бир меҳнаткаш ва ҳар бир оилага етиб борган ҳолда уларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишга ҳартомонлама кўмаклашиш мажбуриятини ўз зиммасига олдилар.

Маънавий-маърифий ишлар, жисмоний тарбияни оммалаштириш ишлари, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади.

Мазкур йўналишда касаба уюшмалари ва иш берувчилар маънавий-маърифий, маданий-оммавий ва спорт тадбирларини ҳамкорликда ўтказиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар йили маданий дам олдириш, туризм ва соғломлаштиришни ташкил этиш чораларини кўриб бориш, ҳар йили кам таъминланган ва кўп болали оилалар аъзолари, Чернобил АЭСидаги фалокатни бартараф этиш иштирокчилари, байналминалчи жангчилар, ишлаётган меҳнат фахрийлари ва ногиронлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси олдида хизматлари бор шахсларнинг маълум миқдорини санаторийларда бепул соғломлаштириш мажбуриятларини олдилар.

Касаба уюшмалари Федерацияси ёз мавсумида болаларнинг болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиш ва соғломлаштирилишини ташкил этишга, уларда «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчиларини, шунингдек республиканинг экология жиҳатдан ноқулай  минтақаларида истиқомат қилувчи болаларни соғломлаштирилишига қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириб боради.

Бош келишувда шунингдек жамоа шартномаларига аёллар ва ёшлар учун қўшимча кафолатларни, шу жумладан:

ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш;

болали аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш ва қисқартирилган иш вақтини ўрнатиш;

касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларига  меҳнат муносабатлари соҳасида қўшимча имтиёзлар ўрнатиш;

узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш, уй-жой қурилиши, шунингдек сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўташга ҳақ тўлаш учун ёш ходимларга фоизсиз ссудалар бериш имтиёзларини киритиш тавсия этилди.

Бош келишув билан ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш чоралари ва бу борадаги айрим қоидалар белгилаб қўйилди.

Жумладан, долзарб ижтимоий иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш учун ҳар йили касаба уюшмалари фаоллари ва иш берувчиларнинг Ҳукумат, вазирликлар, идоралар вакиллари билан давра суҳбатларини ташкил этиб бориш, ижтимоий-меҳнат муносабатларини жамоа шартномалари асосида тартибга солиш амалиётини кенгайтиришга ёрдам бериш, ташкилотларда ходимлар  вакилларининг эркин фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратишга кўмаклашиш режалаштирилмоқда.

Ягона музокара жараёнини тадбиқ қилиш мақсадида тегишли касаба уюшмалари ва иш берувчилар (уларнинг бирлашмалари) ўртасидаги тармоқ (тариф) келишувларини – тегишли йилнинг январь ойидан, корхона, ташкилот, муассасаларда жамоа шартномаларини эса – март ойидан кечиктирмай тузиш тавсия этилди.

Бош келишувнинг барча бўлимларида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликни йўлга қўйишга, унинг конвенция ва тавсияларини амалиётга тадбиқ этишга эътибор қаратилган.

Жумладан, ХМТнинг бир қатор конвенцияларини миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги Давлат бошқаруви академияси, шунингдек малака ошириш бўйича таълим муассасаларида халқаро ва миллий меҳнат стандартларига оид машғулотлар ўтказиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек вазирликлар, идоралар, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг Халқаро меҳнат ташкилотининг асоссолувчи конвенцияларига риоя этишга доир чоралари тизимини ҳар йили таҳлил қилиш белгилаб қўйилди.

Аёллар ва ёшларга қўшимча имтиёзлар берилишини назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказиш ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти Конвенцияларига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлиги нуқтаи-назаридан қайта кўриб чиқиш ҳамда уларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ёки юқоридагиларга зид меъёрларни бекор қилиш юзасидан таклифлар бериш тавсия этилди.

Таъкидлаш лозимки, Бош келишув меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг асосий ҳужжати ҳисобланади, доиравий тусга эга бўлиб Ҳукумат, касаба уюшмалари Федерацияси ва иш берувчилар ташкилотлари ҳамкорлигининг асосий йўналишларини белгилаб беради. Келишув меъёрларининг катта қисми тармоқ ва ҳудудий келишувлар шунингдек жамоа шартномалари орқали амалга оширилиши лозим.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан