Туркия ва Нидерландия ўртасидаги сиёсий инқироз хроникаси

12.03.2017 | Таҳлил | 976

Туркия ва Нидерландия ўртасидаги дипломатик можаро тобора ўткир тус олмоқда, деб ёзади Спутник нашри.

Ҳаммаси қандай бошланган эди? 

Ҳаммаси Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлининг пўписасидан бошланди. Чавушоглу агар уни Роттердамга қўйишмаса, Анқара Нидерландга қарши иқтисодий ва сиёсий санкциялар киритиши мумкинлигини айтган эди.

Туркия ТИВ раҳбари 11 март куни Роттердамга бориб, у ердаги икки фуқароликка эга нидерландларни Туркия конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдумни қўллаб-қувватламасликка кўндирмоқчи эди.

Кейинчалик Роттердам мэри Аҳмад Абутолиб митинг бўлмаслигини, акция ўтказилиши лозим бўлган жой эгаси ўз рухсатномасини чақириб олганини маълум қилди.

Туркия ТИВ раҳбари CNN Turk телеканалига берган интервьюсида нидерланд ҳукумати тақиқига қарамасдан, Роттердамга боражагини маълум қилади.

"Агар Нидерландия менинг бугунги парвозимга рухсатни бекор қилса, биз улкан санцияларни киритамиз", — деб иқтибос келтирган вазир гапларидан Hurriyet нашри.

Нидерландия Туркия ТИВ раҳбари самолётини мамлакатга киритишдан бош тортди

Нидерландия ҳукумати Мавлут Човушўғли самолёти қўнишига берган рухсатномасини қайтариб олди. Нидерландия ҳукумати баёнотида бундай қарор "жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид" туфайли қабул қилингани айтилган.

Ҳужжатда қайд қилинишича, Нидерландия ҳукумати Туркия билан биргаликда бу масалага "манзур келадиган ечим" топишга ҳаракат қилишган, аммо "бу музокаралар охирига етмай туриб турк ҳукумати оммавий равишда санкциялар билан пўписа қилган". Шу туфайли бу масалага ҳақли ечим топишнинг имкони йўқ, — дейилган ҳужжатда.

Эрдўғон: "Нидерландия ҳукумати — бу фашистлар"

Нидерландия ҳукумати Мавлут Човушўғлининг самолётини мамлакатга киритишдан бош тортгач, Туркия президенти бу борада ўз фикрларини аниқ баён этди.

"Улар на сиёсат, на халқаро дипломатия ҳақида заррача билимга эга эмас. Бу нацизм сарқити, улар эса — фашистлар", — деб айтган Эрдўғон шанба куни Истанбулдаги чиқиши давомида.

Ана шундан сўнг Туркия президенти Тойиб Эрдўғон Нидерландларга қарама-қарши чоралар билан пўписа қилган.

"Бизнинг Ташқи ишлар вазирлигидаги вазирларимизга ўзингиз хоҳлаганча учишни ман этишингиз мумкин, аммо келинг энди сизларнинг рейсларингиз қандай қилиб Туркияга қўнишларини томоша қиламиз", — деб айтган Эрдўғон. Турк етакчисининг сўзларидан Франс Пресс агентлиги иқтибос келтирган.

Нидерландия ҳам жавобни узоқ чўзмади

Нидерландия Бош вазири Марк Рютте Туркия президенти Тойиб Эрдўғоннинг сўзларидан қаттиқ ғазабдалигини яшириб ўтирмади.

"Улар жаҳл отига минишганини тушунаман, аммо "фашистлар" дейиш энди бу ҳаддан зиёд", — деб таъкидлаган Рютте, Эрдўғоннинг сўзларига "аҳмоқона гап" дея изоҳ берган ҳолда.

Элчининг қайтишига ҳожат йўқ

Туркия ТИВ раҳбарига Нидерландияга киришга рухсат берилмагач, Туркия томон таътилда бўлган Нидерланд элчисининг мамлакатга қайтишига ҳам ҳожат йўқлигини эълон қилди.

"Туркиядаги Нидерландиянинг муваққат ишлар вакили бизнинг Ташқи ишлар вазирлигимизга чақиртирилди ва унга Нидерландия ҳукумати қарорига бизнинг норозилигимиз билдирилди. Унга шунингдек, Туркия чегараси ташқарисида таътилда бўлган Элчининг ўз вазифаларини бажариш учун юртимизга келишига ҳожат қолмагани эълон қилинди", — дейилган Туркия ТИВ баёнотида.

Тартибсизликлар...

11 март куни Голландия ҳукумати қарорига қарши Анқарадаги Нидерландия элчихонаси олдида юзга яқин одамлар норозилик намойиши уюштиришди. Акциянинг баъзи иштирокчилари дипломатик ваколатхона биносига қарата тухумларни улоқтиришди.