Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Осмонўпар бинолар қурилиши тарихида инқилоб ясаган мусулмон меъмор
6.04.2017 22:23,  
68

1931 йилда Нью-Йоркдаги Empire State Building жаҳоннинг энг баланд иморати ва II жаҳон урушидан кейинги даврдаги дунёда Американинг ўрни рамзига айланди.

381 метрлик бино 40 йилдан ортиқ дунёнинг энг баланд чўққиси бўлишини кўпчилик кутмаган эди. У қуриб битказилгандан сўнг Буюк тушкунлик (ХХ асрнинг 30-йилларидаги жаҳон иқтисодий инқирози назарда тутилмоқда), Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейини тикланиш давлари ўтди.

Узоқ вақтгача осмонўпар иморатлар мутлақо самарасиз деб ҳисобланар ва Empire State Buildingдан кўра баландроқ бино қуриш, табиий, жуда хавфли эди: бундай баландликдаги зил-замбил бинони ушлаб туриш учун керак бўлган жуда кўп миқдордаги пўлат харажат қилишга йўл қўймасди.

Бу Фазлурраҳмон Хон меъморчилик соҳасида катта саҳнага чиқишидан аввалги гаплар эди. Бангладешда туғилиб, Америкага кўчиб борган муҳандиснинг янгича «қувур-синч» (“tube” structure) дизайни хавфсиз ва самарали осмонўпар минораларнинг янги даврини бошлаб берди. 1972 йилдан бери қурилган дунёнинг энг баланд биноларининг барчаси асосида унинг ихтироси ётади.

3 апрел куни Google компанияси Фазлурраҳмон Хон таваллудига 88 йил тўлиши муносабати билан Doodle лойиҳасида Чикагодаги машҳур John Hancock Center минорасини намойиш қилиб, буюк меъморни ёдга олди.

Хоннинг ҳаёти

Фазлурраҳмон Хон 1929 йилда Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида туғилди (ўша пайтда бу шаҳар Британия мустамлакаси бўлган Ҳиндистон таркибида эди). Дакка университетида муҳандислик соҳасида таълим олгандан сўнг у 1952 йилда АҚШга бориш учун грант ютиб олди ва Чикагодаги Иллинойс университетида таҳсил олди.

Унинг ташрифи Чикаго учун муваффақиятли бўлди – ҳозирда Чикаго бангладешлик меъмор лойиҳаси асосида қурилган иккита осмонўпар биноси билан машҳур. У шаҳардаги қурилиш фирмасида ишлай бошлади. Шаҳар урбанизация ва аҳоли оқими босими остида қолган, улкан металл таянчлар зарур бўлган Empire State Building каби баланд бинолар қуриш лойиҳаси самарасиз кўринарди.

«Қувур-синч» конструкцияси

Хоннинг энг муҳим ихтироси шу бўлдики, у бинонинг марказдаги металл таянчга эмас, ташқи деворларига таянадиган лойиҳасини ишлаб чиқди. Вертикал жойлаштирилган қувурлар иморатнинг ташқи деворини ҳосил қилар, бу эса бинога кучли шамол ва зилзиладан ҳимоя қилувчи ҳайратланарли мустаҳкамлик берарди.

Хоннинг амалиётга татбиқ қилинган илк лойиҳаси 1963 йилда қад ростлаган Чикагодаги DeWitt-Chestnut минораси бўлди. 1968 йилда эса John Hancock Center қуриб битказилди. Ўша пайтда у Empire State Buildingдан кейин дунёдаги энг баланд бино эди. Аммо янги лойиҳа Empire Stateдан кўра самаралироқ чиқди: Нью-Йоркдаги минорада ҳар бир квадрат метр учун 206 кг пўлат ишлатилгани ҳолда, янги иморат учун ҳар квадрат метрга 145 кило пўлат сарфланган эди. «Қувур-синч» конструкцияси янги лойиҳанинг ташқи фасадини намойиш қиларди.

1972 йилда қуриб битказилган «Жаҳон савдо маркази» Эмпиренинг 41 йиллик рекордини йўққа чиқарди. Гарчи бу бино Фазлурраҳмон Хоннинг лойиҳаси бўлмаса ҳам, унда бангладешлик меъморнинг ихтиросидан фойдаланилди.

Афсонавий бинолар

«Жаҳон савдо маркази» бор-йўғи икки йил дунёнинг энг баланд биноси мақомида турди. 1973 йилда Фазлурраҳмон Хон лойиҳаси асосида Чикагода 442 метр баландликдаги 108 қаватли Sears Tower (ҳозирги номи Willis Tower) қад ростлади. Мазкур бино 24 йил давомида «дунёнинг томи» бўлиб турди. Sears Tower 2014 йилда янги «Жаҳон савдо маркази» – One World Trade Center қурилиши якунлангунча АҚШдаги энг баланд иморат эди.

Фазлурраҳмон Хон 1982 йилда вафот этди. Аммо у ўйлаб топган меъморий услубдан ҳамон осмонўпар бинолар қуришда фойдаланилмоқда. Хон қурган бинони баландликда ортда қолдирган янги осмонўпар миноралар ҳам унинг ўз услуби асосида қад ростлаган бинолар, холос. Дунёнинг энг баланд иморатлари: Куала-Лумпурдаги Petronas Tower, Тайвандаги Тайпеи 101 ва Дубайдаги Бурж Халифа – барчаси Хоннинг «қувур-синч» дизайнидан фойдаланиб қурилган.

Мероси

Фазлурраҳмон Хон инсоният тарихидаги энг буюк меъморлар ва муҳандислар қаторидан ўрин олди. Унинг лойиҳалари бугун ҳам амалиётда. У компьютер ёрдамида лойиҳа яратиш (CAD) дастурига ҳам асос солди. Бундан ташқари, Бангладешдаги мустақиллик уруши пайтида ватандошларини инсонпарварлик ёрдами билан таъминлашда ҳам фаол бўлди.

Бурж Халифа 2010 йилда битказилганда Telegraph нашри лойиҳани Фазлурраҳмон Хон кашф қилган «илҳомбахш, енгил вазнли дизайн фалсафасининг энг яхши намунаси» деб атаган ва буюк меъмор «осмонўпар бинолар қурилишини ҳам иқтисодий, ҳам тузилиш жиҳатдан ўзгартиргани»ни эътироф этган эди.

2009 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Барак Обама Фазлурраҳмон Хонни мусулмонларнинг Америкага кўрсатган хизматлари намунаси сифатида эслаб ўтган эди.

Унинг қизи Ясмин Сабина Хон отасини шундай эслайди:

 “У ўз иши ижобий таъсирга эга бўлиши ҳақидаги ишончдан илҳомланган эди. У бошқа муҳандисларни ўз касбларининг мақсад йўналишини йўқотиб қўймасликлари учун руҳлантирди. Қурилиш соҳасидаги йил одами деб топилганда у шундай деган эди: «Техника кишиси ўзининг технологиялари орасида йўқ бўлиб кетмаслиги керак. У ҳаётни қадрлай олиши лозим. Ҳаёт эса санъат, драма, мусиқа ва, энг асосийси, одамлардан иборатдир».

Telegraph.co.uk сайтидан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан