Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Катта шаҳарларнинг касалликлари
12.02.2016 10:21,  
56

БМТ мутахассислари 2030 йилга бориб бундай мегаполислар сони 41 тага етишини айтмоқда. Албатта, катта шаҳарларнинг ўзига яраша афзалликлари бор: одамлар кўпайгани сайин улар орасидаги ўзаро таъсир ҳам ривожланади, инфратузилманинг тараққий этиши эса янги имкониятларга замин ҳозирлайди. Аммо аҳоли сонининг тез ўсиши ҳавонинг ифлосланиши, уй-жой нархининг ошиши ва шаҳардаги объектларнинг емирилишига олиб келади. Айтиш керакки, мегаполисларнинг ўхшаш жиҳатлари талайгина, масалан, шаҳар қанчалик катта бўлса, ОИТСга чалинганлар, жиноятлар, ихтиролар ва ҳоказолар сони ҳам шунчалик кўп, иш топиш имкони юқорироқ. Аммо ҳар бир гигант шаҳар ривожланиш йўли устида бош қотирар экан, ўзига хос муаммоларга тўқнаш келади.  

Қоҳира: аҳолининг ўта зичлиги

Миср пойтахтида 18,5 миллион аҳоли истиқомат қилади ва қарийб ўн йил муқаддам шаҳарсозлар Қоҳирада аҳоли ҳаддан ташқари кўпайиб кетганини айтишган эди. Жорий йил мартида Миср ҳукумати янги пойтахт қуриш орқали бу муаммони ҳал қилмоқчи эканини билдирди. Амалга ошиши беш-етти йилга чўзиладиган ушбу лойиҳа 30 миллиард фунт стерлингга тушади.   

Бироқ бундай ечимни мутахассисларнинг бари ҳам қўллаб-қувватламайди. Уларнинг фикрича, шаҳарларни бу тарзда режалаштиришда инсон табиати умуман ҳисобга олинмаган. Режалаштирувчилар одамларни иш жойи бўйича тақсимлаб чиқилса, улар ҳеч қаерга жилмайди, деб ўйлашади. Ваҳоланки, дунё ўзгарувчан.

Қолаверса, бу Қоҳирадаги муаммони ҳал қилиш учун илк уриниш эмас. 1970 йилда пойтахт ғарбидан 30 километр узоқликда 6 октябрь номли янги шаҳарга асос солинди. Кейинроқ эса Қоҳира шарқидан 38 километр узоқликда Янги Қоҳира пайдо бўлди. Аммо бу лойиҳаларнинг бирортаси муваффақият қозонмади. 2010 йилда Американинг New York Times газетаси янги шаҳарларда асосан ўзига тўқлар яшай бошлаганини ёзган эди: “Янги шаҳарлар Мисрда бойлар ва камбағаллар ўртасида шундоқ ҳам кўриниб турадиган фарқни янада яққалроқ намойиш этди. Улар келгуси низолар учун майдонга айланиши мумкин”.

Аммо қоҳиралик шаҳарсозлар учинчи уриниш омадли чиқишига астойдил ишонишмоқда.

Лондон: турар жой нархлари

Британия пойтахти аҳолиси тобора ўсиб бормоқда ва 10 миллионга яқинлашиб қолди. Бу ўсиш уй харид қилмоқчи ва ижарага олмоқчи бўлганлар учун қимматга тушмоқда. Лондонда уйнинг ўртачи ижара ҳақи Британиянинг қолган ҳудудларидан икки баравар юқори – ойига 1412 фунт стерлинг.

“Сўнгги йигирма-ўттиз йилдан бери Лондон бой хорижликларнинг эътиборини тортиб келмоқда. Натижада шаҳар марказида турар жой нархи жуда ўсиб кетди”, – дейди Лондон университети коллежидан меъмор Майкл Бэтти.

“Лондон ўзгармоқда” лойиҳаси доирасида Британия пойтахтида норози ижарачиларнинг фикрлари ёзилган плакатлар пайдо бўлди. Улар орасида мана бундайлари бор: “Бой бўлмасанг, Лондон ғамга ботган” ёки “Туғилиб ўсган шаҳримда яшашга имконим йўқ”.

Бэтти турар жой нархини ушлаб туриш учун тайёр усул борлигига ишонмайди.

“Британияга тобора кўпроқ одам келмоқда, улар маҳаллий хизматлардан фойдаланади, уй ва транспорт воситаларини сотиб олади, – дейди у. – Маҳаллий ва марказий ҳокимиятнинг бу вазиятни ўзгартира олиши учун имконияти анча чекланган. Буларнинг бари транспортга, соғлиқни сақлаш тизимига, умуман, ҳамма нарсага катта таъсир кўрсатади. Қандайдир маънода бу ҳолатга бизнинг халқ сифатида тезкор ўсиш шароитида яшаш тажрибамиз йўқлиги ҳам сабаб бўлмоқда”.

Турар жой нархининг ўсишига Лондон атрофида қурилишларнинг тақиқлангани ҳам сабаб бўлмоқда: пойтахтни ўраб турадиган “яшил белбоғ” ҳудудида уй қуриш мумкин эмас. Яъни муаммо ердан фойдаланиб бўлмаслигида. Айтайлик, Катта Лондон агломерациясинини олайлик. У “яшил белбоғ” ичидаги қарийб барча ҳудудни ўз ичига олади ва 1500 квадрат километрдан ортиқ майдони эгаллаган. Уни ўраб турадиган “яшил белбоғ” эса 4900 квадрат километрдан ортиқ майдонда жойлашган. Аммо у ерда уй қуролмайсиз.

“Яшил белбоғ” концепцияси 1940-йилларда, Британия шаҳарлари атрофидаги ландшафтларни асраш мақсадида ишлаб чиқилган эди. Бироқ аҳоли борган сари ортар экан, лондонликлар ўйланиб қолмоқда: бу яшилликларни бугунги кунда ҳам сақлаб қолиш керакмикин?..

Мумбай: транспорт

Мумбай шаҳрида 21 миллион аҳоли истиқомат қилади ва яшовчиларннинг сони тинмай ўсиб бормоқда. Нью-Йорк ва унинг атрофида ҳам тахминан шунча аҳоли истиқомат қилади, бироқ икки баравар каттароқ ҳудудда. Мумбайда жамоат транспорти, айниқса, шаҳар четини марказ билан боғлайдиган темир йўл тармоқларига жуда катта юк тушади. Америкада чоп этиладиган Atlantic журналида Эдвард Глейзер шундай ёзади: “Поездда Мумбай четидан марказга бориш учун ўртача 50 дақиқа кетади, америкаликлар эса поездда ишга икки баравар тезроқ етиб боришади”.

1991 йилда Мумбайда янада ўсишнинг олдини олиш мақсадида янги биноларнинг баландлигига чеклов қўйилди. Бироқ бу харобалар энига кенгайишига ва шаҳар четида яшовчилар марказдан янада узоқлашишига сабаб бўлди. Энди одамлар ҳар куни марказга бориш учун аллақанча вақтини диққинафас поездларда ўтказишга мажбур.

Халқаро ҳамкорлик ва шаҳар тараққиёти дастури мутахассисларининг аниқлашича, Мумбайда тўққизта вагондан иборат поезд 2628 нафар йўловчини ташишга мўлжалланган (876 нафар ўтириб ва 1752 нафар тик туриб кетадиган йўловчилар). Бироқ тиғиз пайтларда поездларда 4,5 мингга яқин йўловчи бўлади. Нафас олиб кўринг-чи!..

Жакарта: денгиз сатҳи

Уммон сатҳи кўтарилиши билан Индонезия пойтахти сув остида қолади. Бунинг бир қанча сабаблари бор: глобал исиш, ўрмонларнинг кесилиши, кучли сув тошқинлари ва ҳоказо. Кунларнинг бирида Жакарта яшаш учун мутлақо яроқсиз ҳолга келиб қолиши ҳеч гап эмас.

Февраль ойида кучли ёмғирлар 14 миллион аҳоли яшайдиган Жакартани фалажлаб қўйди, қарийб 6 минг киши уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Ўтган йилнинг мартида эса ёмғирлар тўрт кишини ҳаётган олиб кетган, 20 минг кишини бошқа жойга кўчиришга тўғри келган эди.

Глобал исиш туфайли сув тошқинлари тез-тез такрорланадиган бўлади. Америкалик олим Оуэн Купернинг таъкидлашича, Индонезияда уммон сатҳи сайёрамизнинг ҳар қандай нуқтасидан ҳам тезроқ – йилига 6-9 миллиметр кўтарилмоқда.

Сув тошқинларига қарши курашиш учун шаҳар маъмурияти узунлиги 32 километрлик тўғон ва сунъий ороллар занжирини барпо этишни режалаштирмоқда. Бу лойиҳа 40 миллиард долларга тушади ва 30 йил давомида амалга оширилади.

Шанхай: ҳавонинг ифлосланиши

Хитой иқтисодиёти жадал суръатда илдамламоқда ва мамлакат мегаполислари бундай тезкор ўсишнинг таъсирини ўзида ҳар томонлама ҳис қилмоқда. Масалан, мутахассислар фикрига кўра, Шанхайда пўлат, цемент ва ойна ишлаб чиқаришнинг кўпайиши ифлосланиш даражасининг ортишига олиб келди. Пировардида маҳаллий маъмурият аҳолига ҳимоя ниқоблари тарқатиш керакмасмикин, деб ўйланиб қолди.

Оуэн Купер Хитой ҳавонинг ифлосланиши бўйича “етакчи” эканини айтади. “АҚШ ва Европада қатъий талаблар ва назоратнинг кучайтирилиши ёрдамида автомобиллар ва электр станцияларидан чиқадиган чиқиндиларни камайтиришга эришилди. Хитойда эса бунинг акси”, – дейди у.

Устига-устак, бу жараён секинлай демаяпти.

“Улар ҳавони тозалаш учун ҳаракат қилишмоқда, айниқса, охирги беш йилда. Сунъий йўлдошлардан олинган маълумотлар электор станцияларидан чиқаётган олтингугурт миқдори барқарорлашганини, ҳатто камайганини кўрсатмоқда. Бироқ умуман олганда, электр станциялари ва автомобиллардан азот оксиди чиқиши кўпайиб боришини тахмин қиляпмиз”, – дейди Купер.

Турган гапки, ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлигига таъсир кўрсатади. Яқинда собиқ соғлиқни сақлаш вазири Чэнь Чжу Хитойда ҳавонинг ифлосланиши туфайли ҳар йили ярим миллионга яқин киши вафот этишини маълум қилди.

Хитой 2017 йилга бориб қисман кўмирда ишлайдиган электр станцияларини ёпиш орқали Шанхай каби мегаполисларда ҳавонинг ифлосланиш даражасини камайтиришга эришмоқчи. Бироқ бу ҳолда муқобил ҳавони камроқ ифлослантирадиган энергия манбаларини топишга тўғри келади. Ҳозирча эса Шанхай ҳавоси саломатлик учун хавфли бўлиб турибди.  

Аброр

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан