Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Нима учун юртимизга туристлар ташрифи кам? (Саёҳатчи фикри)
10.05.2017 10:11,  
34

Шу пайтгача жаҳоннинг 25 давлатида бўлган журналист, продюсер, мусиқачи ва саёҳатчи Никита Макаренко Ўзбекистонда туризм соҳасида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўз тавсияларини берди. Сайёҳлар учун очиқ, оддий ва кириб чиқиш осон мамлакат имижини қандай яратиш мумкин?

Барчамиз Ўзбекистонни жуда севамиз. Лекин тан олиш керак, хорижликлар юртимизни севилиши керак бўлган даражадан камроқ яхши кўришади.

Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) маълумотларига кўра, 2013 йилда мамлакатимизга 1,9 сайёҳ ташриф буюрган. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳам ўтган йил учун шу рақамни эълон қилди — 1,9 миллион киши. Қўшни Қозоғистонга келган сайёҳлар сони 2 ярим баробар кўп (4,5 миллион). Ҳонгконгга эса 25 миллион сайёҳ борган — мамлакатимизга келганлар сонидан 13 баробар кўп. Агар ҳудуд жиҳатидан таққосланса, биргина Самарқанд вилоятининг ўрнига 5 та Ҳонгконгни сиғдириш мумкин.

UNWTO ҳозирча янгироқ маълумотларни эълон қилганича йўқ, лекин уч йил ичида манзара кескин ўзгармагани аниқ.

Биз сайёҳлар келишини ҳам, улар ўз пулларини бизнинг ватанимизда сарфлашини ҳам истаймиз. 2015 йилда сайёҳлар бутун дунё бўйлаб 1,2 триллион доллар даромад келтиришган. Ўзбекистонга бу бозорнинг атиги 0,2 фоизигина тегишли.

Нега аҳвол бундай? Шундай мамлакатлар борки, сайёҳлик контентини ўйлаб топишга мажбур, чунки уларда томоша қиладиган нарсанинг ўзи йўқ. Бизда эса ҳамма нарса бор: жуда яхши сақланган қадимий шаҳарлар, буюк тарихимиз, меҳмоннавозлигимиз. Мамлакатимизда юриш хавфсиз. Бизнинг таомларимиз жуда арзон ва хушхўр. Лекин нимадир бўлаяптики, ғилдираклар айланмаяпти, туристлар биз томон кўп ҳам шошилишмаяпти.

Мен ўрта муддатли истиқбол учун республикамизда туризмни ривожлантириш Концепциясини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Regulation.gov.uz сайтида маълум қилинишича, ҳозир лойиҳа вазирликларда маъқуллашдан ўтказиш босқичида экан. Бу ҳужжатда жуда кўп кучли жиҳатлар мавжуд. Эсимни таниганимдан бери илк марта қиммат чипталар ва меҳмонхоналар тилга олинибди, визалар ва тил муаммоси ҳам айтиб ўтилган. Қандай ажойиб! Лекин умумий вектор ҳафсаламни пир қилди. Концепциянинг бош муаммоси шундаки — уни саёҳатчилар тайёрлашмаган!

Воқеълик онгни тарбиялайди. RyanAir рейслари билан учмай ёки Booking.com сайтида меҳмонхона танлашга соатларни сарфламасдан, саёҳат олдидан Винский форумларида мулоҳазаларни ўқимасдан туриб сайёҳларнинг реал талабларини тушуниш қийин.

Концепция матнининг бирор жойида «мустақил равишда», деган сўзни учратмадим. Лекин «сайёҳлик гуруҳлари», «сайёҳлик компаниялари» ва «сайёҳлик соҳаси» каби иборалар жуда кўп марта такрорланган. Лекин ҳозир ўтган асрнинг 80-йиллари эмас: одамлар ноутбукини очиб, ўзлари саёҳатни режалаштиришади ва шунчаки, оддий ва арзон бўлган жойга йўл олишади.

Мустақиллик майдонига чиқинг ва бироз кутиб туринг. Сиз албатта бир гуруҳ бечора сайёҳлар гуруҳига дучор бўласиз. Офтобнинг жазирамаси остида улар майдондаги фавворанинг диаметри ҳақидаги ҳикояни танглашмоқда. Улар мана шундай сайёҳлик ҳақида орзу қилишган, деб ўйлайсизми? Ўзингиз ҳам таътилингизда тўданинг ичида юришни хоҳлармидингиз? Сайёҳлар бунақасини асло истамасликларини айтишади. Бироқ бошқа имконият йўқ. Ўзбекистонга келиш учун улар сайёҳлик агентликлари хизматидан фойдаланишга мажбур. Сайёҳлик агентликларида индивидуал турлар жуда қиммат, шу сабабли гуруҳлар жуда машҳур.

2014 йилда UNWTO Ўзбекистонда бўлиб қайтган сайёҳлар ўртасида сўров ўтказган. Уларнинг 62 фоизи олдиндан тўланган, ташкиллаштирилган гуруҳ таркибида келишган — мустақил равишда эмас. Сайёҳларга мамлакатимизга қай тарзда саёҳат уюштирилишини истар эдингиз, деб савол берилган. Фикрлар турлича бўлган, лекин уларнинг ичида энг кўп такрорлангани: «Менга саёҳат қилиш ва саёҳат давомида қарорларни мустақил қабул қилиш ёқади, йўлбошловчи билан биргаликда маҳаллий аҳоли билан кўпроқ учрашишни, жонли мулоқотда бўлишни истайман», бўлган. Сўралганларнинг 32 фоизи шу вариантни ёқлашган. Сўровномада қатнашганларнинг деярли ярми 55 ва ундан катта ёшда бўлишган. Агар уларнинг ўрнида ёшлар бўлишганида улар шу вариантни бир овоздан қабул қилишган бўлишарди.

Ўзим ҳам мустақил саёҳатчи сифатида 25 та давлатда бўлганман. Сайёҳлик агентлигига бир мартагина ишим тушган ва умуман ёқмаган: у ҳам қиммат, ҳам ноқулай саёҳат бўлган. Мен Европанинг у бошидан бу бошигача, МДҲнинг барча давлатларида, Жанубий Шарқий Осиёда, Африка ва Афғонистонда бўлганман. Ўзбекистонда эса Америка, Европа, Япония, ҳаттоки Янги Зеландиядан меҳмонларни қабул қилганман. Бизнинг барчамизни — турли мамлакат вакиллари бўлган саёҳларни — ягона муаммо бирлаштиради: бизга саёҳат арзон, оддий ва хавфсиз бўлса бас.

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, фикримча, уларни амалга оширмай туриб, туризмни тезкор ривожлантириш бўйича президент ва ҳукумат томонидан олдимизга қўйган вазифаларни бажариб бўлмайдиган тезислар ва таклифларни баён этмоқчиман.

Гуруҳ эмас, инсон

Фикрлашни ўзгартириш керак: сайёҳлик компаниялари ва уларнинг оладиган даромади ҳақида ўйлашни йиғиштириш керак. Сайёҳни пул тўла қоп деб тасаввур этишдан воз кечиш лозим. Бизга ҳар қандай даромадга эга туристлар керак. Фақат инсон ҳақида, уни нималар қизиқтириши борасида ўйламоғимиз керак.

Визалар

Виза тизимини соддалаштирмасдан туриб, кейинги пунктларни кўриб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Мустақил турист айни пайтда сайёҳлик агентлигисиз виза ололмайди. UNWTOнинг юқорида айтиб ўтилган сўровномасида сайёҳлар визани қўлга киритиш мураккаблиги ва умумий бюрократизмни энг асосий салбий таассуротларидан бири, деб баҳолашган.

Туризмни ривожлантириш концепциясида бу жараённи эркинлаштириш ҳақида бирор жўяли режага кўзим тушмади. Мен, масалан, бу масаланинг қуйидаги тарзда ечилишини орзу қиламан:

— «А» тоифадаги мамлакатлар вакиллари 30 кунга визасиз кириб чиқишади;

— «В» тоифадаги мамлакат вакиллари сайтда анкета тўлдириб, 5−7 кун ичида жавоб олишади ва юртимизга етиб келгач, аэропортда 30 долларга виза олишади;

— «С» тоифадаги мамлакат вакилари визани элчихонамиздан олишади.

Мамлакатларни тоифага бўлиш уларга нисбатан ишончимиз ва миллий хавфсизлик талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Бироқ «А» категорияга энг кўп сайёҳлар келадиган давлатлар бўлмиш «катта бешлик» — Хитой, АҚШ, Германия, Буюк Британия ва Франция киритилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ишонаманки, бундай чоранинг жорий этилиши мамлакатимиз тарихида бурилиш нуқтаси бўлади. Бу бизнинг очиқлигимиз ва меҳмоннавозлигимиз ҳақида жуда кучли сигнал бўлади. Туристлар гарча ҳозирча қимматроқ бўса ҳам, ҳамма жойда қулайликлар яратилмаган бўлса ҳам, дарҳол ёппасига кела бошлашади. Ана шунда кейинги вазифаларни ҳал қилишга ўтилса бўлади.

Қайддан ўтишни бекор қилиш

Ўйлайманки, амалдорларимизнинг бирортаси юртимизга келган европаликнинг «Регистрация нима ўзи?» деган саволига жавоб бериб кўриш бахтига муяссар бўлишмаган. Унга жавоб бериб, тушунтириш жуда қийин. Бу бир парча қоғоз миллий хавфсизлигимизга қай тарзда ёрдам бериши ва умуман, нега у ёрдам бериши кераклигини тушунтириш жуда қийин. Шу сабабли у бўлмаслиги керак. Турист қаерда хоҳласа, ўша ерда яшаши керак. Меҳмонхонада бўладими, Airbnb орқали ижарага бериладиган одамларнинг хонадонида бўладими, каучсёрферларнинг уйидами ёки ниҳоят, дўстлари билан бирор чодирдами… Ҳа, бу меҳмонхоналарнинг даромадларига зарба бериши мумкин. Лекин биз алоҳида бир гуруҳ тадбиркорларнинг эмас, бутун мамлакатнинг иқтисодий манфаат топиши ҳақида гаплашаяпмиз-ку?!

Концепция лойиҳасида қадга олишни осонлаштириш ҳақида гап боради, лекин ташкиллаштирилган сайёҳлик гуруҳлари учун. Бу етарли эмас. Туристга ўзига қулай жойда яшашга қўйиб беринг, шунда у пулларини сарфлаш учун келади.

Арзон авиачипталар

Бизга хорижий лоукостер керак. Буни концепцияда ҳам ғира-шира тушунишга ҳаракат қлишган, бу ҳам бир қадам олға силжишдан дарак. Менимча win-win вазияти туристларни ҳам «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКни ҳам қониқтиради. Концепция лойиҳасига етишмаётган конкрет таклиф шундай: лоукостер Тошкентга эмас, масалан Навоийга учиши керак. Бу аэропорт жуда тез ривожланмоқда, у ерда аллақачон катта тарнспорт ҳаби мавжуд. У ёққа амалга ошириладиган рейслар МАКнинг Самарқанд ва Бухорога тўғридан-тўғри рейслари билан рақобатга киришмайди. Навоийдан Бухорогача 118 км ёки автобусда 2 соатлик йўл. Навоийдан Самарқандгача 169 км, ёки автобусда икки ярим соатлик йўл. Бу ўта нормал ҳолат ҳисобланади. Масалан, Rynair лоукостерининг Амстердамга учадиган рейслари шаҳарнинг ўзига эмас, Нидерландия пойтахтидан 160 км нарида бўлган аэропортга қўнади. У ердан шаҳарга автобусда ёки поездда борилади. Электричкаларни йўлга қўйиш салоҳияти мавжуд, шунда Навоийдан Самарқанд ва Бухорога бир соатда етиб олиш мумкин бўлади. Бу шаҳарларни боғлаш учун туристларга «Афросиёб"дан фойдаланиш имкониятини ҳам яратиш мумкин.

Бизга лоукостер кераклигига ҳамон ишонмаяпсизми? Гуржистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири Вера Кобалия RyanAir билан ўтган музокалар ҳақида, мана, нималар деган: «RyanAir бизга бир ойда бир миллион турист ташиш кафолатини берди. Бу кафолат ҳаттоки шартномага ҳам киритилди». Гуржистонда лоукостер учун махсус Тбилиси ва Батуми ўртасида жойлашган Кутаиси шаҳридаги аэропорт қайта тикланди — худди бизнинг Навоий Бухоро ва Самарқанд ўртасида жойлашганидек. Натижада, Гуржистон Венгриянинг WizzAir компаниясини танлаган. Шу йил WizzAir Кутаиси аэропортини ҳабга айлантириб,минтақанинг бошқа давлатларига парвозлар йўлга қўйган.

Дунёда лоукостерлар жуда кўп. Арабларнинг FlyDubai, AirArabia, туркларнинг Pegasus, Малайзиянинг AirAsia’си. Дарвоқе, 8 июндан бошлаб WizzAir Будапештдан Остонага уча бошлайди — чипта нархи бир томонга 40 евро. Биз яна қўшнимиздан бу борада ортда қолиб кетдик.

Арзон турар жой

Меҳмонхонамиздаги нархлар ҳар доим осмонда бўлган. Хўш, ислоҳотдан кейин нима бўлди? Мен учун келган меҳмонимга бу нархларни айтиш жуда уятли. Тошкентдаги меҳмонхонадаги бир хона учун 70 доллар, ҳолбуки нонуштаси билан унинг энг баланд нархи 35 доллардан ошмаслиги керак. Ҳозирча бизда ҳеч ким Вьетнамдагидек, 7 долларга алоҳида хоналарни кутаётгани йўқ. Лекин танлов 10 доллардан бошланиши керак.

Мен Юлий Юсупов эмасман, шу сабабли қайси ричагларни ишга тушириш кераклигини билмайман. Бироқ нарх ҳосил қилинишини таҳлилдан ўтказиб, хизмат бунга арзимаса-да, бу қадар қиммат нархлар қаёқдан пайдо бўлишига қизиқиб кўриш керак. Бироқ, ричагни топиш жуда муҳим.

Паранойядан халос бўлиш

Фото ва видеопаранойяни илдизи билан қўпориб ташлаш керак. Бу мамлакатимиз обрўсига тушаётган улкан доғ. Бутун дунё Ўзбекистонда камерани чиқармаслик кераклиги, акс ҳолда «нимадир бўлиши"ни билиб қолган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходими келиб, ҳамма суратларни ўчиришни талаб қилади ёки милиция участкасига олиб кетади. Албатта, бу ҳол маҳаллий аҳоли учун ҳам ёқимсиз, туристлар учун-ку энди қўяверинг. Биз фотографлар учун нодўстона муносабатдаги мамлакатлардан бири сифатида танилиб бўлганмиз. «Ўзбекистонда суратга олманг», — деб ёзишади ўз мулоҳазаларида туристлар, Lonely Planet’ни очиб ўқинг, ана.

Ҳуқуқ-тартибот органларимизнинг фаолиятига катта ҳурмат билан қарашимни билдириб ўтган ҳолда, съёмкаларни тақиқлаш учун бирорта объектив сабаб кўрмаяпман. Агар Google Photos га кирилса, Ўзбекистондаги ҳар қандай объектнинг фотосуратини топса бўлади. Нега энди олдинлар аллақачон суратга олиниб, бемалолол очиқ ресурсда жойлаштирилган нарсани суратга олиш мумкин эмас? Яққол мисол — Тошкент метроси. Бирор киши нега у ерни суратга олиш мумкин эмаслигини тушунтириб бера олмаса керак. Google’га исталган бекатингизни номини ёзинг кўплаб фотосуратлар чиқариб беради. Дарвоқе, туристларнинг TripAdvisor’да ёзиб қолдиришларича, хорижликлар учун Тошкент метроси биринчи рақамли кўнгил ёзиш жойи экан.

Мана, яна бир чин ҳикоя. Pink Floyd Мўйноқда ўзининг сўнгги клипини суратга олмоқчи бўлган. «Пинк Флойд!». Хўш, олишдими? Албатта, фақат — Қозоғистонда. Яна қўшниларимиз биздан чаққон чиқиб қолишди. Қозоғистон ҳақида клипни томоша қилган 12 миллион киши билиб олди.

Буларнинг бариси бизнинг манфаатларимизга зид! Чунки туристлар айнан Ўзбекистон бўйлаб саёҳатдан олиб келган фотосуратлар уларнинг дўстларида мамлакатимизга нисбатан қизиқиш уйғотиши мумкин. Ҳамма суратга олиши керак, ҳамма нарса суратга олиниши керак. Бу катта таъсир кучига эга текин реклама. Бундан ўзимизни ўзимиз маҳрум қилаяпмиз.

Бу муаммо ҳам концепция лойиҳасида ўзининг билвосита аксини топган. Бу ҳам мақтовга арзигулик ҳолат. Билвосита дейилаётгани, қонунчилигимизда суратга туширишни тақиқлаш ҳақида тўғридан-тўғри тақиқ йўқ.

Концепция лойиҳаси съёмкалар учун дронлардан фойдаланишни соддалаштиришни таклиф этади, чунки бу «туристлар учун ҳам, мамлакатимизга репортажлар ва фотоальбомлар яратиш учун ташриф буюрган журналистлар учун ҳам тарихий ва табиат осори атиқаларини умумий кўринишда съёмка қилиш учун тўсиқ бўлиб хизмат қилмоқда».

Интернет

Туристлар ўз фотосуратларини Facebook ва Instagram’га қўйишни исташади. Қачондир эмас, ҳозироқ, шу дамда, «Бухоро» ресторанида ош еб ўтирган пайтида. Wi-Fi тармоқларини ривожлантириш учун жуда кўп ғоялар билдирилган, лекин уларнинг бирортаси кераклиси эмас. Сим-карталарни соддалаштирилган усулда харид қилиш тизими яратилиши керак. Ҳозир уланиш учун хорижликка негадир уяли алоқа операторининг бош офисига боришига тўғри келади. Хорижликлар учун сим-карталар барча дилерлик нуқталарида сотилиши лозим. Яхшиси, кўпроқ интернет, камроқ сўзлашув каби содда туристик тарифлар ўйлаб топилмоғи, буларнинг барчаси 10 доллардан кўп бўлмаслиги лозим. Аэропортда сим-картани сотиб ол-да, фойдаланавер.

Жаноб Полисмен

Кўплаб туристлар барча мақтовларга қарамасдан, «Афғонистон, қаерда бўлса ўшанинг ёнида"ги ерларга келишга қўрқишади. Шу кунларда оиламизга Санкт-Петербургдан таниш қиз меҳмонга келиши керак. Унинг ота-онаси қаерга борсанг бор, фақат Ўзбекистонга эмас, деб ҳаттоки Тайландга сайёҳлик тури ҳам совға қилишмоқчи бўлишибди. Нега? «У ер хавфли жой».

«Мен билан бирор нарса бўлса-чи?», «Мени ўғирлаб кетишса-чи?», «Йўқолиб қолсам нима бўлади?». Бундай саволларни доим ва кўп марта эшитганман.

Туристларни бундай хавфсираш ҳуқуқидан маҳрум қилмаслик керак. Албатта, очиқ мамлакат имижи вақт ўтиши билан уларнинг бундай хавотирларини йўққа чиқаради. Ҳозироқ туристик полиция ташкил этиб, уни бартараф қилиш мумкин. Бунинг учун кенг кўламли иш керак эмас. Бошламасига, ҳар бир туристик шаҳарга 10 нафар инглиз тилида сўзлаша олувчи ходим ва икки-уч машина етарли. Бу полициянинг телефон рақами ҳар бир туристик веб-сайтлар, самолётда ва аэропортларда бўлиши керак. Уларнинг автомобиллари сайёҳлар гавжум жойларда туриши керак. Колл-центрдагилар эса 4−5 тилда гапира олишлари лозим. Турист билиши керакки, агар ўша ўзи қўрққан «мабодо» содир бўлса камида инглизча сўзлаша оладиган меҳрибон кишилар ёрдамга келишади. Бундай хизматнинг бюджети унчалик катта эмас, лекин психологик эффекти — миллион долларлик. Яна бир нарса: туристик полиция туристларга бирга селфига тушишлари учун индамай рухсат бериши керак.

Бу рўйхатни яна кўплаб пунктлар билан бойитиш мумкин. Ўйлашимча, мен энг асосийларини белгилаб бердим. Келинг, унутмайлик: ҳозир энг муҳими — очиқ, оддий ва бемалол кириб чиқса бўладиган мамлакат имижини яратиш. Имижимизни ими жимида ижобий мустаҳкамлаш учун бошқа ҳамма ишни ҳамма нарсадан қониққан туристларнинг ўзи фотоаппаратлари ва видеокамералари ёрдамида амалга ошириб қўя қолишади.

Яна бир нарса: «Потёмкин қишлоқлари» каби кўзбўямачиликлар бизга қарши ишлайди. Ислоҳотлар чинакам бўлиши керак, яримта эмас. 2017 йилда ҳеч кимни алдамаслик керак. Бирор нарсадан қониқмаган турист албатта блогида бу ҳақида ўз мулоҳазасини билдириб қолдиради, бу унинг учун чўт эмас. Бошқалар эса айнан ана шундай мулоҳазага қараб иш кўришади, кўп миллионлик реклама кампаниясига қараб эмас.

Манба: Газета.uz

Рус тилидан Шуҳрат Шокиржонов таржимаси.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан