Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Инженерларнинг келажакка оид ақлга сиғмас етти лойиҳаси (видеолар тўплами)
13.05.2017 08:29,  
18

Янги технология турмушни енгиллаштириши, чигаллик яратмаслиги лозим. Бугун сизга замонамиз инженерларининг келажак учун тайёрлаган бир қатор лойиҳаларини ҳавола этамиз. Бир қарашда ҳаммаси ажойиб, аммо кўплаб саволлар туғдирувчи лойиҳаларни марҳамат, ўзингиз видеода томоша қилинг. Туғилган саволларни эса биргаликда муҳокама қиламиз.

Бу лойиҳаларнинг барчаси товарлар дизайни ва турли соҳаларда хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи Dahir Insaat компаниясига тегишли. Dahir Insaat тиббиёт анжомлари, савдо ўринлари, ресторанлар ва осмонўпар иморатларни лойиҳалаштириш, шаҳарни режалаштириш каби соҳаларда фаолият юритади.

Ташилувчи трансформер-уйлар

Бугун юк машинаси икки қаватли уйни ташиётганини кўрса, биров ажабланмаслиги мумкин. Бу бизнинг келажагимиз, десак адашмаймиз. Улкан юк автомобили бортидаги йиғма уй тегишли жойга ўрнаштирилгач, ёзилади ва 250 кв метрли бинойидек евроуйга айланади.

Тўғри, бунақа уй сунъий материаллардан қурилади. Видеолавҳани томоша қилгач, улкан деворларни йиғиш ва ёзиш учун гидравликанинг кучи етмаслигига ишонасиз. Қолаверса, иккинчи қаватга чиқиладиган зинапоя кўринмайди. Бундан ташқари, йиғма уйнинг сантехника тизим қандай ночор аҳволда бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Товарларни ер остидан етказиб бериш хизмати

Dahir Insaat товарларни манзилга етказиш соҳасида туб ўзгариш ясамоқчи. Курьерлик ва почта хизматлари ўрнига ер остида кўп сонли конвейер тасмалари ўрнатилади. Конвейерга ўрнатилган датчиклар тасма тиқилиб қолиши каби ҳолатларни аниқлайди ва лозим бўлса тортиб тўғриланади. Ерости конвейерининг вазифаси почта орқали товар етказиб беришдаги ноқулайликларга барҳам беришдир. Аммо лойиҳа муаллифлари буни қуриш учун сарфланадиган улкан маблағни ҳисобга олмаган кўринади. Эҳтимол, улар энг осон иш ер қазиш деб ўйлагандир. Қолаверса, одатий курьер хизматларидан айнан нимаси билан устунлиги ҳам номаълумлигича қолган.

Япасқи вертолёт

Гап фақат унинг япасқилигида эмас. Ёшлигингизда варрак учирганмисиз? Бу вертолёт ҳам варрак каби ерга боғлаб қўйилган. Унда темир йўл транспортининг барча камчиликлари мужассам. Авария хавфи ва энергия сарфи юқори. Уни релсга боғлаб қўйиб нима бор? Муаллифлар учувчига ишонмаганлигидан “ерга боғлаб қўйган” бўлиши мумкин. Парраклари улкан ҳаво транспорти гавдасининг 60 фоизини эгаллайди, бироқ Dahir Insaat уни ҳашаматли ҳаво лайнеридек тасвирлайди. Видеода йўловчилар двигателнинг кучли шовқинига қарамасдан ичимликлардан татиганча бемалол суҳбатлашиб ўтиришибди.

Юк ташувчи улкан вертолёт

Ўта оғир юкларни ташиш учун Dahir Insaat янги ечим таклиф қилмоқда. Тўрт парракли улкан вертолёт худди аввалги транспорт каби ерга боғланган. Тўғри, буниси релсга эмас катта йўлдаги иккита юк машинасига боғланган. Аниқроғи, юк ташиш комплекси вертолёт ва икки машинадан иборат. Мабодо, ўтиш қийин жойга дуч келса, машиналарни навбати билан вертолётдан узиб “ҳатлаб” ўтилади. Қизиғи шундаки, вертолётнинг мотори пастдаги машинада жойлашган. Савол туғилади: ўзининг двигателини кўтариб юролмайдиган вертолёт юкни қандай ташийди? Қолаверса, вертолёт ғоятда кучли шовқини билан йўлдаги транспортларга халақит беради ва хавф туғдиради.

Авто-супермаркет

Инновациялар ҳаётни қулайлаштирмасдан, мураккаблаштириши мумкин. Видеолавҳадаги автомагазинни томоша қилиб, бунга ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз.

Бу магазинда автомобилингизда юриб савдо қиласиз. Маҳсулотлар қўйилган қават-қават пештахталарни тугмани босиб айлантирасиз ва ўзингизга ёққанини танлайсиз. Ғирт даҳмазанинг ўзи. Биринчидан, маҳсулотни танлаш кўп вақт олади, чунки уларни бор-бўйича кўриб чамалашнинг иложи йўқ. Иккинчидан, пештахталарни айлантириш ортиқча иш. Қолаверса, ортиқча энергия талаб қилувчи усул маҳсулот нархига таъсир ўтказмай қолмайди. Айланувчи токчалардаги маҳсулотларни совутиш тизими муаммоси ҳам бор. Энг қизиғи, маҳсулотни автоматик усулда танлаганингиз билан, барибир, машинага қўлда юклайсиз.

Десант артиллериячи

Видеолавҳада бомбардировкачи самолётнинг бортидан танклар батальони ўрмалаётган далага қандайдир узун баллончалар ташланаётганини кўришимиз мумкин. Баллонлар автоматик очилувчи парашюти ёрдамида ерга юмшоқ қўнади ва ўрнашиб олгач, ўртасидан ирғиб чиққан стволи билан қаршидаги танкларга ўқ ёғдира бошлайди.

Снарядлар 90 градус бурчак остида отилади, бу нишонга теккизишнинг энг яхши йўли эмас. Бундан ташқари ўқотар мосламалар осмондан текис ва қаттиқ ерга тушмаса, нишонни уролмаслиги мумкин.

Кишида шубҳа уйғотувчи яна бир томони бор. Бундай мукаммал снаряд отувчи мослама ишлаб чиқара оладиган, ҳаво флотига эга давлат душман танкини йўқ қилишнинг бошқа самаралироқ усулини тополмайдими? Аммо-лекин видеолавҳада ғоят қизиқарли ва фойдали тасвирланганини тан олиш керак.

Жанговар вертолётлар тизими

Тўрт парракли улкан вертолётлар душманнинг қирувчи самолётлари, бомбардировкачилари ёки авиабардори яқинида мўъжизавий тарзда яшириниб олади. Машинага ортиб ёки тортиб келинган трансформер бир зумда тиш-тирноғигача қуролланган учар аппаратга айланиб душманга ўт сочади. Вертолётнинг қутиси снаряд ва ўққа тўла.

Тизимнинг ғаройиблиги шундаки, душман қароргоҳига бундай стационар вертолётнинг қандай яқинлашуви жумбоқдир. Ҳавога кўтарилиши биланоқ бундан қулай нишонни уриб тушириш қийин эмас. Ҳар қандай ердаги артиллерия бунчалик мураккаб йиғиладиган қирувчи аппаратга муҳтож эмас. Аммо муаллифларнинг режасига ишонсак, тўрт парракли жанговар вертолёт улкан авиабардорни ҳам ер билан яксон қилишга қодир.

манба: carzone.uz

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан