Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Зиёлилар: ким нима ўқияпти?
6.06.2017 05:03,  
1230

Янги китоб» нашриёти ва ziyouz.uz портали ҳамкорликда кичик тадқиқот ўтказди. Юртимиз зиёлиларидан айни кунларда қандай китоб ўқиётгани сўралди ва 120 дан зиёд жавоб олинди. Шу тариқа ўзига хос маълумотлар захираси жамланди. Атоқли олимлар, ёзувчи-шоирлар, адабиёт ва бошқа соҳа вакиллари – миллатимиз зиёлиларининг жавоби билан танишиб, турфа китоблар, уларнинг мазмун-мундарижаси ҳақида билиб олиш мумкин.

Шукрулло, Ўзбекистон халқ шоири:
— «Бўш қоп тик турмас» деганларидек, ёзувчининг иши фақатгина ижод қилиш эмас, у муттасил ўқиши, ҳаётни ўрганиши, жаҳондаги воқеа-ҳодисалардан, адабий жараёндан бохабар бўлиши ҳам керак. Ҳозир фақат китоб мутолааси билан  бандман. Акмал Саиднинг «Ҳазрати Занги Ота», Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг «Руҳий озуқа махзани», Ғиёсиддин Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» асарларини, Ҳалима Худойбердиеванинг янги китобини ўқияпман.

Умарали Норматов, филология фанлари доктори, профессор:
— Мен шу кунларда Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Донишманд Сизиф» номли романини ўқияпман. Бир қарашда асар учун танланган мотив ғарбча бўлса-да, романни ўқиб, чинакам ўзбекона руҳни ҳис қилдим.

Наим Каримов, филология фанлари доктори, профессор: 
— Бу йил Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги нишонланади. Шу муносабат билан адиб асарларини, қолаверса, Фёдор Раззаковнинг «Коррупция в политбюро. Дело «Красного узбека» асарини мутолаа қиляпман.

Худойберди Тўхтабоев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси:
— Ойбек домланинг «Болалик» асарини қайта ўқияпман. Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» китоби столимда турибди. Ўткир Ҳошимовдаги тилнинг тозалиги, руҳнинг софлиги менга ёқади. Деярли ҳар куни болаларга оид китобларни ўқишга, варақлашга тўғри келади. Афсуски, бугунги болаларимизнинг китобхонлик даражаси мақтагулик эмас. Уларнинг сўз бойлиги жуда кам, 1200-1300 та, холос…

Иброҳим Ғафуров, адабиётшунос:
– X-XI аср араб ёзувчиси Усома ибн Мункизнинг «Ибратли китоб» номли улуғ асари бор. Уни машҳур арабшунос олимимиз, филология фанлари доктори Исматулла Абдуллаев ўзбек тилига ўгирган. Китоб Ғафур Ғулом нашриётида 1980 йили нашр қилинган. Бу асарни ўша пайтда ўқиган эдим, бугун яна қайта қўлимга олдим. Муаллиф ҳозирги Туркия, Сурия, Фаластин ерларида Х асрда салбчиларга қарши курашган йирик қаҳрамонлардан бири. Ўша кезлар бошидан кечирганлари, салбчиларга қарши қандай кураш олиб борганини хотиралар тарзида ёзиб қолдирган. Мен ўқиётган яна бир китоб инглиз олими Тёрнернинг «Символ и ритуал» асаридир. Муаллиф Марказий Африка халқлари орасида кўп йиллар яшаб, ҳаёт тарзини чуқур ўрганган. Маросимлар, расм-русумлар, рамзлар, тимсоллар нимани англатиши ҳақида ажойиб илмий китоб ёзган.

Жамол Камол, Ўзбекистон халқ шоири:
— Ҳозир Шайх Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си таржимаси билан бандман. “Маҳзанул асрор” ва “Лайли ва Мажнун” чоп этилди. Бошқа достонларни ҳам худо хоҳласа 2018 йилгача тамомламоқчиман.

Ваҳоб Раҳмонов, адабиётшунос олим:
– Яқинда рафиқам Янглиш Эгамова билан Тошкентда бўлиб, Ўсарали Нишонов ва Санобар Нишонованинг уйида меҳмон бўлдик. Баҳонада китоб айирбошладик: биз уларга, улар бизга китобларини туҳфа этди. Рафиқам Гётенинг «Муҳаббатнома»сини, мен «Мумтоз сўз сеҳри» китобимни совға қилдим. Ўсарали Нишонов «Ўқитувчи» нашриётида узоқ вақт ишлаган. Меҳнатларим зое кетмасин деб китоб чиқарибди. Номи «Қалб даъвати» бўлиб, адабий-танқидий мақолалар, қисса ва ҳангомалар, таржималардан иборат. Мен шуни ўқияпман. Рафиқам эса Санобар Нишонованинг «Ортда қолган йўл» қиссалар тўпламини мутолаа қиляпти.

Йўлдош Солижонов, филология фанлари доктори, профессор:
— Исажон Султоннинг яқиндагина нашр этилган 2 жилдли сайланмасини ўқияпман. Муаллиф замонавий инсон мавқеини чуқур англаб, бадиий таҳлил эта олиши мени ғоят мамнун этмоқда.

Эркин Малик, ёзувчи:
– Айни пайтда Чингиз Айтматовни ўқияпман. Нечанчи марта мутолаа қилаётганимни ўзим ҳам билмайман. Чингиз Айтматов асарлари ёд бўлиб кетган, лекин барибир ўқийвераман. Мен у кишидан илҳом оламан. Мисол учун, ёзишдан тўхтаб қолсам, Чингиз Айтматовга мурожаат қиламан. Диалогларини эмас, асосан тасвирларини ўқийман. Жуда самимий! Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Айтматов китобларини чиқаришга тўғри келган эди. Ўшанда Чингиз оға Стокҳольмда элчи бўлиб ишларди. Одил Ёқубов орқали Айтматовга мурожаат қилдик (Одил ака муаллифлик ҳуқуқи бўйича идора бошлиғи эди). У киши Чингиз акага қўнғироқ қилиб, «Ўзбекистонда сизнинг китобларингизни чиқармоқчимиз, қаламҳақини қандай ҳал қиламиз?» деганида, Айтматов хат ёзиб юборган (бу мактуб менда турибди). «Ўзбекистон шароитида қандай лозим бўлса чиқараверинглар, мен розиман», деб ёзилган ўша хатда.

Қудрат Дўстмуҳаммад, ёзувчи, иқтисод фанлари номзоди, профессор:
— Шу кунларда Аҳмад Заки Валидийнинг «Бўлинганни бўри ер» деб аталган китобини ўқияпман. Уни ziyouz.com сайти кутубхонасидан кўчириб олдим. Бу китоб ХХ аср бошларида туркий халқлар мустақилликни қўлдан бермаслик учун Россия империализмига қарши қандай курашганини ҳужжатлар асосида ҳикоя қилиб беради.
Аҳмад Заки Валидий буюк инқилобчи, сиёсатчи, тарихчи ва ҳақиқатда ҳам, закий, яъни зийрак, ақлли, нозик дидли инсон, гўзаллик ошуфтаси бўлганига ишонч ҳосил қилиб турибман. Рус босқинига қарши ҳам мафкуравий, ҳам қуролли курашатуриб, советларнинг «Ўлим машинаси»ни доғда қолдирган, Аллоҳ берган бу дунёда саксон йил яшаб ўтган инсон экан, жойи жаннатларда бўлсин.
Валидийнинг бу китоби ўзбек тилига 1997 йили қисқартириб таржима қилинган экан, рус тилидаги тўлиқ нашрини ва бошқа асарларини («Туркистон тарихи» номли китоби ҳам бор экан) топиб ўқиш ниятим бор.

Ойдин Ҳожиева, Ўзбекистон халқ шоири:
— Сўнгги бор Алишер Мирзонинг «Мусаввир» романини, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Лолалар» ҳикоясини, Дилбар Маҳмудованинг халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ҳақидаги «Ҳалима» китобини, Энахон Сиддиқованинг янги китобини ўқидим. «Китоб олами» газетасининг сўнгги сонидаги барча материалларни ўқиб чиқдим. Ёшлар ижодини мунтазам кузатаман. «Ёшлик», «Шарқ юлдузи» журналларини доим ўқиб тураман.

Абдуҳаким Фозилов, русийзабон ёзувчи: 
— А. Устименконинг «Лист с неровными краями» асарини ўқияпман.

Омон Матжон, Ўзбекистон халқ шоири:
— Чингиз Айтматовнинг ҳикоя ва қиссаларини қайта ўқиб чиқяпман. «Жамила» қиссасини илк бор 1960 йили ўқиган эканман.

Шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари:
— Умуман олганда юртимизда чиққан 15000 дан ортиқ диний-маърифий китобни ўқиб чиққанман. Ҳар куни аҳолидан тушаётган диний-маърифий саволларга жавоб бериш жараёнида 10 дан ортиқ китоб кўраман. Бир кунда 50-100 та саволга ёзма ва оғзаки жавоб беришга тўғри келади. Фатво китобларидан «Фатовои Оламгирия», «Фатовои Қозихон», «Хулосатул фатово», тафсир китобларидан «Тафсири Насафий»,  «Баҳрул улум», ҳадис китобларидан Суютийнинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ», фиқҳ китобларидан «Ал-мавсуъ ал-фиқҳия» (30 жилдли исломшунослик энциклопедияси), «Мухтасар ул-виқоя», «Ҳидояи шариф» китоблари кундалик кўрадиган манбаларимдир.

Баҳодир Йўлдошев, режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти:
— Жастин Мароццининг «Тамерлан. Завоеватель мира» (Москва, 2004) китобини ўқияпман. Муаллиф асарда буюк Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига янгича нигоҳ билан қараган. Абдулла Қодирий ҳақидаги илк роман – Абдулҳамид Исмоилнинг «Жинлар базми ёхуд катта ўйин» («Академнашр», 2017) ҳам яхши таассурот қолдирди.

Бахтиёр Исабеков (Ўрдабекли), филология фанлари номзоди, доцент:
— Мен ҳозирги кунларда таниқли журналист Абдулҳамид Исмоилнинг «Жинлар базми ёхуд катта ўйин» номли романини ўқияпман, «Академнашр» 2017 йили чоп этган. Бу – Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги илк роман бўлиб, ҳажми ҳам салмоқлигина – 500 саҳифа атрофида. Романни ўқиб тугатгач, ХХ аср бошларидаги Туркистон тарихига оид китобларни топиб ўқимоқчиман.

Анатолий Бауэр, русийзабон ёзувчи:
— Абдуҳаким Фозиловнинг «Уникальное подпространства» қиссасини ўқидим.

Тоҳир Малик, Ўзбекистон халқ ёзувчиси:
– Шу кунларда ҳинд адиби Рабиндранат Тагор ҳикояларини мутолаа қиляпман. Ҳисоблаб кўрсам, унинг ҳикояларини бундан эллик йил муқаддам ўқиган эканман.

Шодмон Отабек, ёзувчи ва публицист:
– Чингиз Айтматовдан «Сиз кўп ёзасизми?» деб сўраганларида «Йўқ, мен кўп ўқийман», деб жавоб берган экан. Одил ака Ёқубов раҳматли «Ёзувчиларимизнинг энг катта қусури, касали – улар китобни кам ўқийди», деган эди. Бундан икки-уч ҳафта муқаддам Алишер Мирзаевнинг «Мусаввир» номли романини ўқиб чиқдим. Нафақат рассом бўламан деган инсон, балки ҳар бир зиёли ўқиб чиқиши керак бу китобни. Ашурали Жўраевнинг Ботир Зокировга бағишланган «Юрак бўронлари»ни мутолаа қилдим. Ғафур Ғулом нашриёти чоп этган Павел Чернишнинг «Почему мы стареем», Носир Муҳаммаднинг тарихий мавзудаги «Сирли зарварақлар»и, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Донишманд Сизиф»и, Абдусаид Кўчимовнинг «Мен шоирман, истасангиз шу» китобларини ўқидим. Тоҳир Малик қаламига мансуб икки томли «Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи»ни ўқиб «Ҳуррият» газетасида тақриз эълон қилган эдим. Мана энди «Тоҳир Малик гурунглари» китобини қўлимга олдим.

Маҳмуд Йўлдош, психология фанлари доктори:
— Яқинда ўқиб тамом қилган китобларим: Радий Фиш. Жалолиддин Румий, Жамол Камол таржимасида;   «Мустабид тузумнинг Ўзбекистон бойликларини талаш сиёсати: тарих шоҳидлиги ва сабоқлари» («Шарқ», Тошкент, 2000). Бугун тамом қилаётган ва энг катта таассурот қолдирган китобим: Отто Вайнингер. «Пол и характер» (Москва, 2011 йил, 500 бетли асар).

Эркин Комилов, Ўзбекистон халқ артисти:
— Тўғрисини айтсам, иш, учрашувлар, югур-югурлар билан бўлиб фақатгина пьесалар ўқишга вақт бўляпти, холос. Сўнгги марта Қамчибек Кенжанинг «Палахмон» романини ўқигандим. Бахтиёр Ҳайдаровнинг «Инсоннома», «Бахт нима?» китобларини доим варақлаб тураман.

Ҳалима Худойбердиева, Ўзбекистон халқ шоири:
— Чингиз Айтматов қиссаларини қайта ўқиб чиқишни бошламоқчиман. У кишининг асарлари қон-қонимга сингиб кетган.

Анвар Обиджон, Ўзбекистон халқ шоири:
— Кечагина Иқбол Мирзонинг болалар учун кичик шеърлари тўпланган «Эркатой эрка той» китобини ўқидим. Аввалроқ «Турон қавмлари», Шукур Қурбоннинг «Эркин Воҳидов сабоқлари» китобини тугатгандим. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девони луғотут-турк» асари янги нашрини («Мумтоз сўз» нашриёти) ҳайрат билан мутолаа қиляпман. Боболаримиз ишлатган сўзлар, туркий тилнинг ажойиботлари мени яна ўзига тортди. Янги нашрда сўзлар изоҳи такомиллаштирилибди.

Олимжон Салимов, Ўзбек миллий академик драма театри режиссёри:
— Кечагина Хайриддин Султоновнинг «Умр эса ўтмоқда» ҳикоялар тўпламини ўқиб чиқдим. Аввалроқ Алишер Мирзонинг «Каллахоналик йигитча», «Мусаввир» романларини, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Бозор» романини ўқиб чиққандим. Ишим тақозоси билан ҳар куни пьесалар ўқийман.

Афзал Рафиқов, Ўзбекистон халқ артисти:
— Ҳозир Баҳриддин Насриддиновнинг ўтган асрда яшаган шоир ва драматург Хуршид ҳақидаги китобини ўқияпман. Навоий асарларининг 10 жилдлигини доим ўқиб бораман.

Владимир Васильев, шоир ва ёзувчи:
— Жасур Исхаковнинг «Сны о Ташкенте» асарини ўқидим.

Галина Востокова, ёзувчи:
— Даниэль Васильевнинг «Званый и избранный» асарини ўқияпман.

Аҳмад Муҳаммад Турсун, ёзувчи:
— Ҳозир Имом Ғаззолий ва Имом Термизий ҳақларида катта китоб ёзяпман. Ёзиш жараёнида турли тарихий асарларни, Имом Шамсиддин Заҳабийнинг «Машҳур даҳолар сийрати», Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумид дин» китобларини ўқияпман.

Қозоқбой Йўлдошев, филология фанлари доктори, профессор:
— Айни дамда турли қўлёзмаларни ўқиш билан бандман, аммо уларнинг аксари пичоққа илингудек эмас. Охирги вақтларда менга манзур бўлган асар Сойим Исоқнинг «Қиёматга қолмаган қасос» романи бўлди.

Иброҳим Ҳаққул, адабиётшунос:
— «Ситораи Моҳи Хоса»да дам оляпман. Ўзим билан Лев Толстойнинг «Иқрорнома»сини олиб келдим. Сўнгги кунларда Юсуф Хос Ҳожиб қалами мансуб «Қутадғу билиг» асарининг усмонли туркчага қилинган таржимасини ўқияпман.

Усмон Азим, Ўзбекистон халқ шоири:
— Айни пайтда Апулейнинг «Метамарфоза» асарини ва Гоголнинг «Невские проспекты»сини ўқияпман.

Бахтиёр Тўраев, фалсафа фанлари доктори, профессор:
— Айни пайтда Чингиз Айтматовнинг «Тавро Кассандра» асарини қайтадан ўқимоқдаман. Бу асардан чиқариладиган бош хулоса шуки, бугунги хатти-ҳаракатларимиз билан келажак учун масъулмиз. Бугун қадамимизни тўғри ташласак, келажакда рўй бериши мумкин бўлган балою офатларнинг олдини оламиз.

Хосият Бобомуродова, шоира:
– Столимда ҳар куни бир кўриб оладиган китоблар туради: Алишер Навоий, Лермонтов, Плутон, Цицерон, Афлотун, қадимий ҳикматлар… Яқинда Н.И.Вавиловнинг «Беш қитъа»сини йиғлаб ўқидим (Дилором Ёрматова таржимаси). Жаҳон мамлакатларини кезиб ўсимликлар оламини кашф этган улуғ олимнинг изтироблари… Охир-оқибатда совет турмасида оч-наҳор ўлган инсоннинг кундаликлари…
Кўнглим байрам қилсин деб «Чолиқуши», «Қора ва қизил», «Сўна», «Ёш Вертернинг изтироблари», жаҳон шоирлари ва ўзимизнинг ижодкорлар асарларини қайта-қайта ўқийман. Ҳаётимни китобларсиз тасаввур қила олмайман. Китоблар менинг ҳаёт тарзимга айланиб бўлган. Бутун умрим сўзлар жанги аро кечди. Китоблар – ҳаётим… Шодликларим, изтиробларим, бахтим, бахтсизлигим қоғозларга кўмилган.

Шароф Бошбеков, драматург:
– Эркин Аъзамнинг «Гули-гули»сини қўлимга олдим. Аввал ўқиган бўлсам ҳам такрор мутолаа қиляпман. Қайта-қайта мурожаат қиладиганим эса турли маълумотномалар, атлас, луғатлар. Эсимдан чиқиб кетмаслиги учун ҳам уларга қайта-қайта кўз ташлаб тураман. Бу ижод жараёнида керак бўлади.

Икром Отамурод, шоир:
— Рус шоири Константин Бальмонтнинг «Стихотворения и поэмы» ва француз шоири Гийом Аполлинернинг «Стихотворения» китобларини ўқияпман.

Хуршид Даврон, Ўзбекистон халқ шоири:
— Айни пайтда венгер файласуфи Ева Анчелнинг «Этос и история» китобини қайтадан ўқияпман. Биринчи марта ўтган асрнинг 90-йилларида ўқиган эдим.  «Этос»  атамаси  қадимги юнон фалсафасида «инсон ахлоқи ва унинг амалий иши ўртасидаги боғлиқлик» ёки эркинроқ, яъни ўзимнинг таърифимча, «маънавий тартиб»  маъносини англатади. Этос инсоннинг ҳар бир иши юзасидан у бу ишни нимадан келиб чиқиб, нима учун қилди, деган саволларга жавоб излайди. Бу асарни яна қайта ўқишга эҳтиёжимга келсак, бугун дунё, инсоният шунчалик мураккаблашдики, англаш тобора қийин кечмоқда. Саволларимга жавоб изламоқчиман. Ўзимизда кечаётган жараёнларни, жуда кўп одамларнинг қилмиш-қидирмишини тушунишга уринмоқчиман. Бу миллатни бугунги маънавий аҳволини, маънавий тартибини ҳам англашга фойда берармикан, деб ўқияпман.

Маъсума Аҳмедова, ёзувчи:
— Машҳур фин ёзувчиси Арто Паасилиннанинг «Қуён йили»  романини ўқияпман. Скандинавия адабиёти, хусусан, фин адабиёти мени анчадан буён қизиқтириб келади. Воқеалар автомобиль ҳалокатида яраланган қуён билан Финландия бўйлаб саёҳатга чиққан бир журналист номидан ҳикоя қилинади. Фин адабиётига хос сарказм, юмор Арто Паасилинна ижодида ҳам яққол кўринади. Қатъий сюжетдан чекинмай, персонажларининг ҳаётини ёрқин, жонли тасвирлаши китобхонни ўзига жалб қилади. Айни шу жиҳатлари билан бу адибдан кўп нарсаларни ўрганса бўлади.

Сотим Аваз, ёзувчи:
– Камина шу кунларда ҳазрат Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» асарини қайта мутолаа қилдим. Ҳар сафар нимадир янгилик оламан ундан. Навоий бундай деган: «Мол улдирким, эл баҳра топғай». Мол деганда мулкни назарда тутган. Мен амин бўлганим, китоб – мангулик сўқмоғи. Мутолаа одамни камол топтиради. Китобга эътибор бўлган юрт юксалади. Яқинда «Мангулик сўқмоғи» номли китобим чиқиш арафасида. У айнан китобга муносабат, китобхонлик, матбаачиликдан ҳикоя қилади.

Турсун Али, шоир:
— Достоевскийнинг «Иблислар» романини, Орзиқул Эргашнинг «Шоҳсанам» қисса ва ҳикоялар китобини ўқияпман.

Шерқўзи Ғозиев, актёр, табиб:
– Ҳозир рўзадорман. Асосан беморларни кўриш билан овораман. Улардан ортган пайтимда интернетга кириб, Фейсбукдаги ҳикояларни ўқийман. Янгиликлар билан танишаман. 2005 йилдан 2010 йилгача Ибн Сино бобомизнинг ҳамма асарларини қайтадан ўқиб чиқдим. Ҳиндистон ва Тибетга оид кўпгина китобларни мутолаа қилдим. 2016 йил ноябрь ойида «Тибет услубида самарали муолажалар» деган китобни ёзиб тугатдим. Ҳозирча нашрга берганим йўқ. Буни институт ва коллежлар учун қўлланма сифатида ёзганман.

Орзиқул Эргаш, ёзувчи:
— Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романини қайта ўқиб чиқдим. Андрей Платоновнинг «Жон» қиссасини ўқияпман.

Абдулҳамид Исмоил, ёзувчи:
— Рамазони шариф эмасми, Қуръони каримнинг 14-порасини, «Саҳиҳ ал-Бухорий»ни ўқияпман. Бундан аввал Кантнинг «Тоза шуур танқиди», Атторнинг «Мантиқ ут-тайр»и билан қиёсан Навоийнинг «Лисон ут-тайр»ини, ундан олдинроқ Патрик Модианонинг «Кўримсиз дўконлар кўчаси» китобини ўқигандим.

Ҳабиб Темиров, ёзувчи:
– Рус олими ва ёзувчиси Викентий Вересаевнинг «Пушкин в жизни» китобини ўқияпман. Унда машҳур шоирнинг ҳаёти ва фаолияти кунма-кун ҳужжатлар асосида ҳикоя қилинган. Асар икки томдан иборат. Адади: 1.700.000. Иккинчи китоб: Гюстав Флобер қаламига мансуб «О литературе, искусстве писательском труде». У «Бовари хоним» муаллифининг дўстларига мактублари ҳамда мақолаларидан иборат. Ҳар иккаласи ҳам ниҳоятда ажойиб, бебаҳо асарлар.

Келдиёр Хўжаёров, продюсер:
— Муслимбек Йўлдошевнинг «Мўминга бегона баҳор» (Абдумўмин Ўтбосаров ҳаёти ҳақида) китобини ўқиб чиқдим. Ҳозирги кунда «Буюк юрт алломалари» номли китобни ўқияпман (тузувчи: Убайдулла Уватов, тарих фанлари доктори, профессор).

Ўктам Мирзаёр, «Ҳуррият» газетаси бош муҳаррири:
— Владимир Набоковнинг 4 жилдли «Танланган асарлари»ни ўқиб бўлдим. Айниқса, «Машинка» номли ҳикояси жуда маъқул келди. Шукур Холмирзаев «Танланган асарлар»ининг 2-жилдини ўқидим. «Омон овчининг ўлими» ҳикояси қалбимга ўтирди. Азим Суюннинг 2 жилдли шеърий тўпламини бошладим. Бўш пайтларда кўпроқ луғат ўқишни ёқтираман.

Ашурали Жўраев, «Ўзбекистон» НМИУ директорининг биринчи ўринбосари:
– Севимли асарларимдан бири «Дунёнинг ишлари»ни қайтадан ўқияпман. Ўткир Ҳошимов ижодини жудаям ҳурмат қиламан. Ҳар сафар мутолаа қилганимда ўзгача ҳис-туйғулар оғушида бўламан. Яна қўлимдаги китоблардан бири – Чингиз Айтматов ва Мухтор Шахановнинг «Чўққида қолган овчининг  оҳу зори». Бебаҳо асар!

Қулман Очилов, ёзувчи, журналист:
— Олмон адиби Ҳайнриҳ Бёллнинг (1917-85) «Глазами клоуна» («Масхарабоз») романини ўқияпман. Энг ёққани — самимияти, тилининг содда-беғуборлиги, оҳанги. Таржима қилаётган жойларим ҳам йўқ эмас: «Мария мени тарк этганидан буён вокзал билан мусофирхонани тез-тез чалкаштириб юборадиган бўлиб қолдим: портье олдида саросимаю талвасада чиптамни қидирсам, перронда вагон оғасидан меҳмонхонадаги бўлмамнинг калитини сўрайман…»
Ҳайнриҳ Бёлль Иккинчи жаҳон уруши йиллари олмон фашистлари сафида қирғинбаротларда иштирок этган. Қўли қонга ботган. Бошида «В темноте» («Рутубат») ҳикоясига шунчаки кўз югуртирган эдим. Кейин интернетдан бошқа асарларини топиб ўқишга тушдим. Адиб Нобель мукофотини беҳуда олмаган экан.

Абдумажид Азим, шоир:
— Бобониёз Қурбоннинг «Шамолнинг сурати» эссе-хотирасини, Турсунбой Адашбоевнинг «Хуфёна жанг» китобини ўқияпман.

Анвар қори Турсунов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби:
— Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Тафсири Ҳилол», Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг «Тафсири Ирфон» китобларини ўқияпман. Шунингдек, Абдуллоҳ Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ини ўқияпман. Мен бу китобни 10 ёшимдан ҳар баҳор ва кузда қайта ўқийман. Бу йил сал кечикдим. Яна Навоийни ҳар куни қўлимга оламан.

Шуҳрат Ризаев, «Жаҳон адабиёти» журналининг бош муҳаррири:
— Яқинда Ян Парандовскийнинг «Сўз кимёси» номли китобини ўқидим. Китобда турли даврларда қалам тебратган ёзувчиларнинг ижодий фаолияти ўзаро таққосланиб, ёзувчилик маҳорати ҳақида яхлит тадқиқот яратилган.

Абдулҳамид Парда, шоир, таржимон:
— Камина бирйўла бир неча китоб ўқийман. Сўнгги ўқиган китобларимдан Йўлдош Эшбекнинг «Қизғалдоқлар очилди» шеърлар тўплами («Ўзбекистон» нашриёти, 2016 йил) манзур бўлди – бу китобга тақриз ёзиб тугатдим ҳисоби. Шу кунларда Нажмиддин Комиловнинг «Маънолар оламига сафар» (Навоий ғазалларига шарҳлар) китобини ўқишга ҳаракат қиляпман. Нажмиддин ака Навоийнинг қатор ғазалларини атрофлича таҳлил қилгани ҳолда айрим ғазалларни қисқача баён қилиб қўяқолганидан афсусдаман, лекин шунисига ҳам шукур. Иброҳим Ҳаққулнинг мақола, эссе, суҳбатлар тўпламларини қайта-қайта ўқишдан эринмайман. Фейсбукда ёш тожик шоирларининг шеърларини лоақал маъносини англаш учун «Девони Фоний»ни (ўзбекча насрий баёни билан) вақти-вақти билан ўқияпман. Фейсбукда қатор шоирларнинг шеърларини ўқиб бораяпман. Шу кунларда, Худо қувват берса, Дантенинг «Илоҳий комедия»сига жиддий киришмоқчиман.

Маҳмуджон Эшонқулов, карикатурачи рассом: 
— Сўнгги бор Саъдулла Сиёевнинг «Яссавий», В. Шишковнинг «Саркаш дарё» романларини ўқидим. Кичик асарларни ҳар доим журнал, газета ва интернетдан ўқиб бораман.

Муҳиддин Раҳим, «Тафаккур» журнали бош муҳаррири ўринбосари:
— Энг охирги ўқиган асарим Фёдор (Фарҳод) Раззоқовнинг «Коррупция в политбюро. Дело «Красного узбека» деган салмоқлигина китоби бўлди. Шуниси мақтовга лойиқ: муаллиф Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятини Шўро салтанатининг 1917 йилдан 1983 йилгача бўлган салкам 70 йиллик тарихи билан уйғун ёритган. Ф.Раззоқов асли диёримиз фарзанди бўлгани сабаб ўзбек халқига ҳам, Рашидов шахсига ҳам меҳр билан ёндашган. Аммо у менда собиқ Иттифоқнинг парчаланишидан қайғуга ботгандек ҳам таассурот қолдирди. Социализмнинг ҳали захира имкониятлари кўп эди, бироқ Андропову Горбачёвдек глобалистлар уни Ғарбга арзонгаров сотиб юборди, деганга ўхшаш даъволар бор. Бу гаплар публицистик асарга ярашаверар балки, аммо асл ҳақиқат-чи, қандай бўлган эди у? Бу саволнинг жавоби Ф.Раззоқовникидан қийинроқ, назаримда…

Зулфия Мўминова, шоира: 
— Муҳаммад Алининг «Улуғ салтанат», Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» романларини ўқияпман.

Ҳалима Аҳмедова, шоира:
— Кнут Гамсуннинг «Пан» романини ўқияпман. Асардаги ёруғ, тиниқ манзаралар ичидаги сукунат мени ўзига тортди. Америкалик шоира Эмили Дикинсоннинг шеърларини қайта ўқияпман. Сўнгги пайтларда тасаввуфий асарларга кўп мурожаат қиляпман. Ҳаким Термизий асарларини ўқиб чиқдим. «Тазкират ул-авлиё»ни ҳар куни ўқийман. Бу китоблар дилни хираликлардан қутқараркан.

Дилмурод Қуронов, филология фанлари доктори, профессор:
— Яқинда «Бобурнома»ни қайта ўқиб чиқдим. Бундан ташқари, янги дарсликлар ёзиш жараёнида чет эл олимларининг адабиётшунослик назариясига оид китобларини ўқияпман.

Абдулла Улуғов, филология фанлари номзоди, доцент:
— Б.Кузнецовнинг «Альберт Эйнштейн» номли илмий-назарий очеркини ўқияпман.

Каримберди Тўрамурод, ёзувчи:
— Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуфнинг «Исломга бағишланган умр» китобини яқинда ўқиб тугатдим. Китоб устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти, одоби, хислатлари, турмуш тарзи ҳақида. Муаллиф акалари ҳақидаги хотираларини гўзал бир услубда битибдиларки, бу усул Ҳазратнинг ҳикоя қилиш усулларидир. Китобни ўқиган киши ўзи учун Шайх ҳазратларини бошқатдан кашф қилиши шубҳасиз.
Айни кунларда Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг «Сиз қандай яшамоқчисиз?» номли китобини мутолаа қилаяпман. Аммо муаллифдан узр сўрайман, китобини «дабдала» қилдим. Сабаби мен китоб ўқиётганимда зўр ибораларни яшил маркер билан, қаттиқ қайтариш учраган лавҳаларни қизил билан, фарзандларим ҳам албатта ўқиши керак бўлган жумлаларни эса сариқ билан бўяб қўяман. Бу китобнинг ичи «лолақизғалдоқ» бўлиб кетди.

Раҳимбой Жуманиёзов, филология фанлари номзоди, доцент:
— Мен бадиий адабиётдан кўра, илмий, фалсафий китоблардан озиқланаман, аниқроғи руҳланаман. «Сержило тафаккур дурдоналари» Машриқу Мағрибзамин алломаларнинг ҳаёти ва ҳикматлари жо бўлган китобни қайта ўқишда давом этмоқдаман.

Амир Худойберди, шоир:
— Сўнгги ўқиган китобим — Афлотуннинг «Қонунлар»и.

Илҳом Зойир, Ғафур Ғулом номидаги НМИУнинг бош муҳаррири: 
— «Афсунгарлар туҳфаси» номли китобни ўқияпман. Унда жаҳон адабиётининг энг сара ҳикоялари жамланган. Тўпламни Ваҳоб Рўзматов таржима қилган.

Раҳимжон Раҳмат, ёзувчи:
— Кейинги пайтда тарихий мавзудаги илмий ва публицистик мақолаларни қизиқиб ўқияпман. Хусусан, Ватанимизнинг кейинги уч юз йиллик тарихи ҳақидаги ёзувлар мени қизиқтиради. Аниқроғи, нима учун Туркистон халқлари  маҳдудлик оқибатида мустамлака ўлкага айланди деган саволга жавоб излайман. Бизнинг ҳам Хитой ва Россия каби буюк, бой ва қудратли мамлакатимиз бўлиши керак эди-ку, нега ундай бўлмади?! Жадид зиёлиларининг публицистикасини ўқийман — изтиробли саволларимга жавоб излайман.
Яна, Чўлпон, Фитрат, Қодирий ва бошқа жадид зиёлиларининг фожиали тақдири қизиқтиради мени. Шуларнинг тақдири тимсолида  Ватанимиз тақдири ва тарихини англаб етгим келади.  Тарих деганда конкрет шахсларнинг тақдирини тушунаман.  Охирги ўқиган асарларим  жадидлар публицистикасидир.
Шу кунларда Эрих Фромм асарларига такроран диққат қилиш ниятим бор. Фромм асарларида замонавий шахс ва жамиятнинг иллатлари чуқур таҳлил этилган.
Тенгдошларим — Назар Эшонқул, Улуғбек ва Исажон Султон ижодини изчил кузатиб боришга ҳаракат қиламан.

Исломжон Ёқубов, адабиётшунос:
— Алишер Мирзонинг «Мусаввир», Асад Дилмуроднинг «Заррадаги олам» китобларини ўқиб чиқдим.

Абдуқаюм Йўлдошев, ёзувчи:
– Шуҳрат Ризаевнинг 2015 йили Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган «Баҳодир Йўлдошев театри» китобини мириқиб  ўқияпман. Номидан билиниб тургандир, китоб театр санъатимиз дарғаларидан бири Баҳодир аканинг ҳаёти ва ижодий лабораторияси ҳақида. Шуҳрат ака самимий меҳр, эҳтиром билан битган мақолалар, бадиалар, қайдлар кўз олдингизда фидойи Ижодкор Шахс сиймосини гавдалантиради.

Назар Эшонқул, ёзувчи:
— Освальд Шпенглернинг «Закат Европы» («Европанинг сўниши») фалсафий трактатини қайта ўқияпман. Бу асар Гётенинг «Фауст» асари таҳлили асосида ёзилган бўлиб, ХХ аср Европасига хос бўлган маънавий-маърифий эврилишлар, ўзгаришлар, инсоният тамаддуни, тақдири ҳақидадир. Трактат 1918 йили ёзилган бўлса-да, ҳамон долзарблигини йўқотгани йўқ.

Карим Баҳриев, ёзувчи, журналист:
— «Рисолаи азиза» (Сўфи Оллоёрнинг «Саботул ожизин» асарига шарҳ) китобини ўқияпман.

Фахриддин Низом, шоир:
— Айни пайтда Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё» тазкираси, ёзувчи Абдулҳамид Исмоилнинг «Жинлар базми ёхуд катта ўйин» романи ва инглиз тилида ижод қилган тринидадлик шоир, Нобель мукофоти соҳиби Дерек Уолкоттнинг (1930- 2017) «White Egrets» («Оқ қарқаралар») шеърий тўпламини ўқияпман.
Тазкира мутасаввиф алломаларнинг ибратли ҳаёт тарзи ва баъзан тайёргарлиги йўқ ўқувчининг ақлига сиғмайдиган ҳайратомуз фикр-мулоҳазаларидан, роман эса қатағон даврида қамоққа олинган ёзувчининг ажал комида туриб ҳам жонини омон сақлаб қолиш ўрнига ижод ҳақида қайғуришидан ҳикоя қилади.
Шоир Дерек Уолкоттнинг «ҳар доим ўзинг туғилиб ўсган миллат қаторида бўлиш, ҳатто муҳаббат ҳаққи-ҳурмати учун ҳам унинг қаторидан чиқмаслик»ни шиор қилиб олгани, шеърлари руҳига ҳам ушбу позиция – турим сингдириб юборилгани ҳайратлантиради. Ташбиҳлари, образлари тиниқ, одамга завқ беради.

Рустам Мусурмон, шоир:
— Миртемирнинг 4 жилдли асарларини, Сирожиддин Рауфнинг «Сиз менга кераксиз» шеърлар тўпламини ўқидим. Кортасарнинг «Другое небо» ҳикоялар тўпламини ўқияпман.

Собир Ўнар, ёзувчи:
— Нажмиддин Комиловнинг Навоий ғазаллари таҳлилига бағишланган «Хизр чашмаси» китобини ўқияпман.

Муҳаммад Исмоил, шоир:
— Мирзо Бобур бобомизнинг қизи Гулбаданбегим қаламига мансуб «Ҳумоюннома» асарини ўқияпман. Бу китоб аввал ҳам чоп этилган. 2016 йил «Ўзбекистон» нашриётида яна қайта чиқди. Форс тилидан Аҳмад Қуронбеков таржимаси. Барчага ўқишни тавсия қилар эдим. Шунингдек, Абдуқодир Жийлонийнинг «Раббонийликни англаш» китобини ўқимоқдаман.

Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари:
— Эркин Воҳидовнинг янги чиққан “Танланган асарлар”ини ўқияпман. Алишер Навоийнинг “Лисонут тайр”ини, Абдулла Ориповнинг “Илоҳий комедия”дан таржималарини қайта ўқидим. Кўҳна япон шеъриятидан таржималар қилдим.

Луқмон Бўрихон, ёзувчи:
— Томас Маннинг «Иосиф ва биродар»лари асарини Шарқ достонларига қиёсан ўқимоқдаман.

Тоҳир Саидов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
– Аваз Муқон тахаллуси билан ёзадиган муаллифнинг (асл исми Болтавой Шодиев) «Чўпон» номли романини ўқиб тугатиш арафасидаман. Ҳажми катта бўлмаган ихчамгина роман. Чиройли ёзилган экан. Қисқача мазмуни бундай: ўзбек чўпон йигити интернет орқали италиялик Севиля деган қиз билан танишиб қолади. Бир-бирларига ёзишади. Ахийри йигит Италияга бориб, қизнинг оиласи билан танишади. У ерда ўзбек ресторанини очади. Қиз эса бизнинг менталитетимиз, урф-одатларимизни ўрганади. Икки ёш қурадими-қурмайдими – билмадим, чунки асарни ҳали ўқиб тугатганим йўқ (кулади).

Мунаввара, шоира:
— Стендалнинг «Қизил ва қора» романини ўқияпман.

Равшан Хонниёз, бизнес-консультант:
– Мен мутолаа қилаётган китоб В.Довганнинг «1000 лет после смерти» («Ўлимдан кейин 1000 йил»). У бахт, бойлик, ривожланиш, муваффақиятга эришиш йўли ва ғолиблар академияси ҳақида.

Баҳодир Каримов, филология фанлари доктори, профессор:
— Саид Аҳмаднинг «Қоракўз Мажнун» ҳикоялар тўпламини қайтадан ўқиб чиқяпман. Ундан олдин Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Донишманд Сизиф» фалсафий романини мутолаа қилган эдим.

Жаббор Эшонқул, фольклоршунос олим:
— Германиялик олим Карл Райхлнинг «Туркий халқлар эпоси» номли китобини қайта варақлаяпман. Олим билан шахсан танишман. Уйимизда бир неча бор меҳмон бўлган, мен уникида. Бу китобда ўзбек фольклор материалларига суянган ҳолда жамики туркий халқлар эпосига янгича бир муносабат мавжуд. Карл Райхл асли инглиз адабиёти мутахассиси. Бир пайтлар Оксфордда шу фандан дарс берган. Жеймс Жойс, Беккет, Кафка, Камю  каби адиблар ижодини яхши билади. Ғарб адабиёти мутахассиси бўлган олимнинг фольклорга ёндашуви тамомила бошқача бўлади. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан