Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ироқ Курдистони ёхуд дунё сиёсий харитасидаги янги давлат истиқболлари
19.06.2017 22:36,  
33

7 июн куни Ироқ Курдистони расмийлари жорий йилнинг 25 сентябрида ҳудуд мустақиллиги учун референдум ўтказилишини маълум қилди. 6 декабрда эса президент сайловлари бўлиб ўтиши белгиланган. Эрбил шаҳри аҳолиси эса бу сайловлар мустақил давлатда бўлиб ўтишига умид қилмоқдалар. Ҳудудни мустақил бўлишга уриниш учун керакли ишлар амалга оширилган. Бу мавжуд сиёсий ҳокимият, куч ишлатар тизимлар, дунёнинг кўпгина шаҳарлари билан алоқа қилишга ёрдам берадиган инфратузилма ва ниҳоят, Эрбилда жуда кўплаб давлат ва халқаро ташкилотларининг консулликлари ҳамда ваколатхоналари фаолият юритаётганлигидир. Эрбилда йирик қора олтин захираларининг кўплигини алоҳида қайд этиш керак ва бу ироқлик курдларнинг фикрича, янги давлат тараққиётининг иқтисодий асоси бўлмоғи лозим.

Мустақиллик ҳақидаги бу каби тарихий воқеалар учун қадамлар, муболағасиз айтиш керакки, ўз-ўзидан эмас, Ироқ Курдистонининг сиёсий фаоллари маслаҳатларига биноан ва Эрбилнинг халқаро ҳамжамият кўмагига таянгани ҳолда олиб борилди. Бироқ бундай ҳаракат тўла даражада муваққиятга эришмаганини айтиш жоиз.

Ироқ Курдистони аҳолиси аксарининг мустақиллик ва референдум ўтказиш борасида фикри бир бўлишига қарамасдан, сиёсий партиялар ўртасида ихтилофларга сабаб бўлмоқда. Эрбилдаги йирик мухолиф партиялари “Ўзгаришлар учун ҳаракат” ва “Курдистон Ислом Гуруҳи” бўлиб, улар кутилаётган референдумни ўтказиш тартибларини ишлаб чиқишдан иштирок этишдан бош тортишди ва референдум ўтказишдек келажакни белгиловчи қарорлар мухтор ҳудуднинг бош органи қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниши кераклиги, фуқароларнинг давра гапларида бундай қарор қабул қилиш тўғри эмаслигини таъкидлаб ўтишди. “Ўзгаришлар учун ҳаракат” партияси билан юзага келган сиёсий қарама-қаршилик натижаси ўлароқ 2015 йилнинг октябр ойидан Ироқ Курдистони парламенти фаолиятига чек қўйилган.

Охирги пайтларда юқори мартабали курд расмийлари Норвегия, Нидерландия, Словакия, Венгрия, Черногория, Иордания Қироллиги , Япония ва бошқа хорижий мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари билан ҳудуднинг кейинги тақдири масаласида учрашувлар ўтказган. Исроил эса бу қадамни очиқдан очиқ қўллаб қувватлаган.

Курдистон Хавфсизлиги Кенгаши май ойида Вашингтонда AҚШ расмийлари билан референдум ўтказиш борасида учрашувлар ўтказди. AҚШ Давлат Департаменти бу мавзуда учрашувгача бўлган даврда “Исломий Давлатга қарши курашишда бу масала чалғитувчи эканлигини, Aмерика Ироқни яхлит, барқарор, демократик давлат сифатида”, қолишини таъкидлади. Аммо кейинроқ Разведка Бюроси директори генерал Винсент Стюарт сенатда Курдистон мустақиллиги ҳал этилган масала эканлиги ва гап Ироқ Курдистонида референдумнинг бўлиб ўтишида эмас, қачон бўлиб ўтишида эканлигини таъкидлаганди.

Курдлар мустақиллиги масаласида Франция ва Буюк Британия ҳукуматлари керакли ҳарбий ва иқтисодий ёрдамни беришга тайёр эканлигини ҳам таъкидлаган.

Йирик курд жамоалари истиқомат қилаётган қўшни давлатлар Ироқ Курдистонининг мустақилликка интилиш ғоясини олқишлаганларича йўқ. Қўшни давлатларда истиқомат қилаётган курд жамоаларининг сиёсий қарашлари бир бўлмаса-да, мустақил Курдистоннинг пайдо бўлиши нафақат Ироқ, балки, бутун Яқин Шарқда сиёсий тарангликни кескинлаштириб юбориши аниқ.

Расмий Теҳрон Ироқнинг яхлитлигини сақлаб қолиш масаласида кескин баёнот билан чиқди. ТИВ расмий вакили Баҳром Қосимий “Яхлит, бир бутун Ироқ барча ироқликлар учун барқарорлик ва тинчлик кафолати, Курдистон Ироқнинг таркибий ва ажралмас қисмидир. Эрон буни қўллаб қувватлайди”, деб таъкидлаган.

Ўз ўрнида оятулло Хоменеийнинг ташқи ишлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Aли Aкбар Вилоятий AҚШни курдларнинг мустақиллик учун ҳаракатларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишда айблаган.

Май ойида Россиядаги суриялик курдлар вакили Жавод Муҳаммад СAР курдлари Ироқдаги референдумни қўллаб қувватлашини ва бу референдум “100 фоизлик” муваффақиятга эришишини айтиб ўтганди. Расмий Дамашқ воқеаларнинг бундай тус олишидан хурсанд эмас. Чунки Сурия ҳукумати курдларга ён бериб, мухториятга эга бўлишлари учун уларга имкон берди. Курдлар эса тўла мустақилликни истаётгани парокандаликдир.

Расмий Aнқарада ҳам курдлар референдуми саволларни юзага келтирмоқда.  Бир томондан олиб қараганда, сўнгги пайтларда турклар Эрбил билан яхши муносабатларни йўлга қўйганлар. Туркия Ироқ Курдистонидан нефт сотиб олади ва бу ҳамкорликни олиб боришдан манфаатдор. Бошқа томондан эса, агар Курдистоннинг Ироқдан ажраб чиқиши юз берса, ҳудудда ҳарбий тўқнашувларни юзага келтиради. Натижада Туркияга Эрбилдан нефт етказиб бериш мушкул бўлиб қолади. Ва бу айни ҳақиқат, чунки Эрбил Ироқ Курдистонининг расмий белгиланган чегараларидан ташқарига чиқувчи ҳудудларга ҳам кўз тикмоқда ва бу унинг келажакдаги Курдистон мустақил давлати ҳудудининг кенгайтиришга бўлган сиёсий амбициялари кучли эканлигини кўрсатади.  Биринчи навбатда ҳудуд учун даъвогарлик Киркук маъмурий ҳудуди билан боғлиқ бўлиб, бу ҳудуддаги йирик қора олтин захираси манбалари  2014 йилдан буён курд ҳарбий тузилмалари томонидан  назорат қилинмоқда. Табиийки, Бағдод йирик нефт захирасидан айрилишни истамайди ва бунинг учун қон тўкишга ҳам тайёр. 2017 йилнинг апрел ойида Эрдўғон курдларнинг Киркукка бўлган даъволаридан воз кечишга, Киркук узра ҳилпираётган курд байроғини туширишга чақирди, “Биз  Киркук курдлар учун баёнотига қўшилмаймиз” деди турк бошқони.

Россиянинг курдларга нисбатан сиёсати Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Халқаро Иқтисодий Форум доирасида курд делегациясига бош бўлган Нечирвон Барзоний билан музокараларда ойдинлашди. Учрашувнинг қай даражада долзарблиги 2 июн санасида курд делегациясининг Россия президенти В.Путин ва ТИВ Сергей Лавров қабулида бўлганлиги ҳамда Россия Энергетика Вазирлиги , “Газпром нефт” ва “Роснефт” компаниялари раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувларидан ҳам билиб олса бўлади.Натижада 20 йилга мўлжалланган икки томонлама 20дан ортиқ шартнома ва битимлар имзоланди. Музокаралар якунлангач, С. Лавров Россия Курдистондаги вазиятни кузатиб бориши ва ҳудуд билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратишини айтиб ўтди. Расмий Москванинг таъкидлашича, ҳудуднинг марказ билан муносабатлари Ироқнинг ички ишидир. Бироқ, референдум ўтказилса ва Эрбил мустақиллик эълон қилса, Москва янги давлатни тан олажагини ҳам таъкидлади.

  Шу тариқа, Ироқ Курдистони расмийларига ХХР тутган позицияни аниқлашгина қолди.  Расмий Пекин ура-ура баёнотлар бермайди, аммо режали тарзда, шиддат ва шижоат билан дунёнинг кўп ҳудудларида ўз мақсадини амалга ошириб келмоқда. Дунё харитасида янги давлат пайдо бўлса, Хитой Курдистонда ўзи зарур деб топган бўшлиқни тўлдириши аниқдир.

Антон Веселов, ФСК

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан