Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Путин Трампдан нима истайди?
8.12.2016 14:22,  
20

АҚШнинг янги сайланган президенти ва Американи ўлгудай ёмон кўрадиган КГБнинг собиқ агенти ўртасидаги илиқ муносабатлар Американинг аксарият иттифоқчилари кўнглига ғулғула солиб қўйди. Бу муносабатлар Эдуард Сноуденнинг тақдирига оид бир қанча саволлар пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлди.

Улар ўртасида илк телефон қўнғироги аллақачон бўлиб ўтди. Сайлов натижалари эълон қилинганидан кўп ўтмай, кейинги ҳафтанинг душанба куни Доналд Трамп Владимир Путин билан гаплашди. Кремл расмийлари маълум қилишича, суҳбат жуда илиқ тарзда ўтган. Путин АҚШнинг янги сайланган президентини йирик ғалаба билан қутлаган. Улар бир-бирига қандай мурожаат қилганларини аниқ билмаймиз. Аммо тахмин қилиш мумкинки, улар ўзаро «Владимир» ва «Доналд» деб гаплашишган.

Рус матбуотига кўра, ҳар иккала раҳбар АҚШ-Россия алоқалари «мутлақо қониқарсиз» эканлиги борасида якдил фикрда бўлишган. Икки мамлакат ўртасида «тенглик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик» тамойиллари асосида янги музокаралар бошланиши арафасида. Улар доимо алоқада бўлишади ва тез орада учрашишлари ҳам мумкин. Эътиборли томони шундаки, мазкур телефон суҳбатидан бир неча соат ўтиб, рус самолётлари Сурияни бомбалашни бошлаб юборган.

Воқеалар ривожи 2017 йилнинг баҳорида ёхуд ёз ойларида юзага чиқиши мумкин. Тасаввур қилинг: кўп сонли Chevrolet машиналаридан иборат кортеж XV асрга оид тарихий ёдгорлик – Кремл ҳовлисига кириб келиб, олтин гумбазлар остида тўхтайди. АҚШнинг 45-президенти шахдам қадамлар билан ичкарига киради.

Трамп ва унинг делегацияси ўрта асрлар жангида душманларига қарата ўқ узаётган рус камончилари тасвирланган суратлар ёнидан ўтади. Сўнгра, Манҳеттендаги “Трамп Тауэр” минораси каби олтину жавоҳирлардек товланиб турган ҳашаматли хонага киради. У ерда кичкина жуссали бир киши АҚШнинг янги президентини кутиб олади. Илиқ табассумлар ва қўл сиқишиш… Путин, одатда, ҳаммани атайин узоқ куттиради. Аммо тахмин қилиш мумкинки, у Трамп учун ўз вақтида ҳозир бўлади. Трампнинг ғалабаси Путин чин дилдан орзу қилган, аммо амалга ошиши даргумон бўлган тилак эди. Сайлов кунида рус телеканаллари сайловлар натижаси олдиндан аниқ бўлгани ва Ҳиллари Клинтоннинг ғалабаси келишилгани ҳақида хабар тарқатди.

Трамп ва Путиннинг илк учрашуви халқаро муносабатларнинг бўлажак кўринишини чизиб беради. Учрашув Трамп томонидан Россиянинг мураккаб характерли ва ўжар президенти номига айтилган мақтовлар туфайли довдираб қолган ғарб хавфсизлик тузилмаларини ё тинчлантиради ёки баттар ташвишга солади.

Путин Трампдан нима исташини англаш мушкул эмас. Россия раҳбарининг Америкадан сўрайдиганлари рўйхати жуда узун; унинг геосиёсий амбициялари бир неча йил олдинги тарихга бориб тақалади. Унинг Барак Обама ва Жорж Буш билан муносабатлари мураккаб кечди.

Аввало, Кремл 2014 йилда Қрим яриморолининг Россия томонидан босиб олиниши ортидан киритилган санкцияларни бекор қилинишини хоҳлайди. Украина шарқини қисман мунтазам ҳарбий қўшинлар, қисман эса кўнгиллилар ёрдамида эгаллаб олиниши туфайли Европа Иттифоқи томонидан ҳам санкциялар билан жазоланган эди.

АҚШ давлат ғазнаси ҳазилни ёқтирмайди. Санкциялар ва ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилган кишилар Путиннинг миллиардер дўстлари сифатида, «Россия Федерациясининг юқори мартабали мулозими»га яқинлиги туфайли бундай жазога муносиб кўрилган. АҚШ ҳукумати уларнинг юз миллиардлаб долларлик мол-мулкларини аслида Путинга тегишли деб ҳисоблайди.

Иккинчидан, Путин Трампнинг шу пайтгача бирор бир йирик давлат қилмаган ишни – Қримни Россиянинг мулки сифатида тан олишини истайди. Бошқа мамлакат ҳудудининг босиб олиниши тарихнинг энг қора кунларига қайтишни англатади. Дарҳақиқат, Қримнинг босиб олиниши Европада 1945 йилдан бери биринчи марта куч билан чегараларнинг ўзгартирилиши ҳисобланади. Трамп бунга рози бўлармикин? Гарчи, бу амалга ошадигандай кўринса ҳам, ҳеч ким аниқ айтолмайди.

Яна Сурия ҳам бор. Бу сафар Путин АҚШнинг президент Башар Асадни ҳокимиятдан кетказиш ҳақидаги талабидан воз кечишини истайди. Бунинг ўрнига «террорчилар»га (Россия учун Башар Асад режимига қарши бўлган ҳамма террорчи саналади) қарши халқаро урушда Трамп билан ҳамкорлик қилишни сўрайди.

Ва ниҳоят, охиргиси – янги пост-либерал даврда дунёни қандай бўлиб олиш масаласи. Кремл дунёни «таъсир доиралари»га бўлиб олиш истагида. Россиянинг амбициялари собиқ Совет Республикалари, шарқий ва марказий Европани ўз ичига олади. Рус ақидапарастлари Россияни АҚШга қарши туриш учун оламшумул қудратга эга ҳокимиятга айлантириш ниқобланган «цивилизациявий минтақалар» ва «плюри-центризм» ҳақида гапиришмоқда.

Путин иккинчи жаҳон урушидан кейинги Европа тақдирини ҳал қилган АҚШ, СССР ва Британия ўртасидаги 1945 йилдаги Ялта шартномасининг янгича вариантини хоҳлайди. Аммо у Трамп томонидан Россиянинг собиқ ҳудудларига бўлган, «қонуний манфаатлари» тан олинган келишувга эришиши лозим. Трамп аллақачон НАТОнинг ролини сўроқ остига олган, АҚШ бундан буён НАТОнинг харажатлари учун ўз ҳиссасини қўшмайдиган мамлакатларни ҳимоя қилмаслигини айтган.

Болтиқбўйи давлатларининг ташвишга тушиб қолганидан, Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Трампнинг ғалабасидан кейиноқ фавқулодда йиғилиш ўтказишидан ва Россия билан чегарадош давлатлар орасида саросима кучайганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Уларнинг қўрқуви шундан иборатки, «таъсир доиралари»дан мурод қўпорувчилик, босқин ёки кремлпараст номзодлар фойдаси учун сайловларга таъсир ўтказиш бўлиши мумкин. Бундай ҳаракатлар аллақачон Россия томонидан амалга оширилиб, исботини топган.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Трамп ва Путин ташқи сиёсатга нисбатан «концептуал ёндашув» ҳақида фикр алмашганлар. Уларнинг қарашлари «фавқулодда яқинлиги»ни намоён қилган. Дмитрий Песков, шунингдек, Россия ҳукумати Трампнинг жамоасини яхши билишини ҳам тан олган – улар сайлов кампанияси вақтида доимий алоқада бўлишган.

Хўш, Трамп Путиндан нима хоҳлайди? Аслида мана шу савол кўпчиликни қизиқтиради. Чунки Трампнинг нияти ҳозирча номаълум. Фойдасиз битим тузмайдиган, пишиқ тадбиркор ва баъзан алдашни ҳам қойиллатадиган айёр киши сифатида Россиянинг хоҳишлари эвазига нимадир талаб қилса керак, ҳарҳолда. Ҳақиқатда эса Москва Оқ уйга таранглашиб қолган, икки томонлама алоқаларни яхшилашдан ўзга кўп нарса таклиф қилолмайди.

Бир фаразга кўра, Путин 2013 йилдан бери Москвада яшаётган қочоқ агент Эдвард Сноуденни Трампга туҳфа қилиши мумкин. Сноуденнинг яшаш рухсатномаси келаси ёзда тугайди. Кремл томонидан Сноуден сиёсий бошпана олиш тартибини бузгани сабаб, чуқур афсус изҳор қилган ҳолда унинг АҚШга экстрадиция қилинишини осонгина тахмин қилиш мумкин.

Аммо бу тахминлар Трампнинг Путинга нисбатан симпатиясини тушунтиришга ожизлик қилади. Сайловолди тадбирлари давомида Россия президенти номига Трамп қайта-қайта мақтовлар ёғдирди. У Путинни Обамадан кўра «кучлироқ етакчи», деб атади ҳамда Россияни Клинтонга қарши киберҳужумлар уюштиришга ундади. АҚШ ҳукумати Клинтоннинг электрон почтаси билан можаролар ортида Россия турган деб ҳисоблайди. Клинтоннинг ошкор бўлган хатлари унинг мағлубиятига олиб келди дейиш қийин, аммо мағлубиятга ўз ҳиссасини қўшгани тайин.

Журналистлар Путиннинг Трампга қанчалик таъсири борлигини аниқлашга роса уринишди. АҚШ президентлигига номзодни Американи ўлгудай ёмон кўрадиган КГБ агенти билан нима боғлаб турибди ўзи? Ушбу саволга жавоб излашни Трампнинг сайлов кампанияси собиқ раҳбари Пол Манафортдан бошлаш керакдир балки? Манафортнинг олдинги мижози 2014 йилги ҳукуматга қарши намойишлардан кейин Россияга қочиб қолган Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович бўлган эди.

Манафорт Янукович орқали Украинанинг қудратли олигархлари билан яқин алоқалар ўрнатиб олди. Улар орасида Манафортнинг қалтис бизнесига пул тиккан Олег Дерипаска ва Дмитрий Фирташ ҳам бор. Улардан бири Ню-Йоркда кўчмас мулк бизнеси билан шуғулланади. Guardian мухбирларининг ҳар иккала олигарх билан суҳбатлашишга уринишлари зое кетди. Трампнинг ғалабаси замирида Россиянинг қанча пули ётганлиги номаълумлигича қолди.

Мукаммал тадқиқотларга қарамасдан, журналистлар Френсис Фукуяманинг саволига жавоб топа олишмади. Financial Timesда ёзилган мақоласида тарихчи «Трампнинг нима сабабдан Путин ҳақида бирорта танқидий фикр билдирмагани»га оид саволни кўтарган эди. Фукуяма Трампнинг йирик бизнес империясини юритиш учун Россиядан «қарздор» бўлиши мумкинлигига ишора қилган эди.

Трамп Москвада

Трампнинг Москвага сўнгги ташрифи 2013 йилнинг ноябрида – «Дунё гўзали» танлови вақтида бўлган эди. Унинг мезбони асли озарбайжонлик, кўчмас мулк магнати Арас Агаларов эди (Агаларовнинг айтишича, Путин Трамп билан учрашувни режалаштирган, аммо охирги дақиқаларда бекор қилган – Трампга жимжимадор безакли қутида совға ҳамда дўстона мактуб йўллаган). Зиёфатнинг зўри эса расмий учрашувдан сўнг чиройли қизлар оғушида Москва тунги клубларидан бирида бўлиб ўтган.

Агаларовнинг ҳашаматли қасри бўлишига қарамасдан, Доналд Трамп Москванинг Ритз Карлтон номли беш юлдузли меҳмонхонасидаги илгари Обама фойдаланган люкс хонада қолишни маъқул кўрган. Америка матбуотида Трампнинг меҳмонхонада ФСБ (Россия махфий хизмат идораси) томонидан видеотасвирга олингани тўғрисида гаплар урчиган бўлса ҳам, бундай видеонинг мавжудлиги ҳозирча аниқланмаган. Аммо ФСБ Трампга эътибор қаратмаслиги ҳам мумкин эмас.

Трампнинг Россияга навбатдаги ташрифи дабдабали бўлади. Путин тушликка тўкин дастурхон ҳозирлайди. Қадаҳ сўзлари янграйди. Барча белгилар иккала раҳбар яқин алоқаларни тез орада ривожлантиришидан дарак беради. Путин Герҳард Шрёдер ва Силвио Берлускони билан бирга бундай яқин алоқалар нашидасини сурган эди.

Хўш, бошқаларга нима? Ўтган ойда Британия Ички разведка хизмати (MI5) раҳбари Эндрю Паркер ташкилотнинг 107 йиллик тарихида илк бор матбуотга интервью берди. У Россия томонидан таҳдиднинг кучайишидан огоҳлантираркан, уни «ўта тажовузкор» деб атади.

Паркернинг айтишича, Кремл раҳбарияти ўзининг ташқи сиёсатини хорижда ёйиш учун катта куч сарфламоқда. Шу мақсадда руслар пропаганда, жосуслик, бузғунчилик ва киберҳужумлардан фойдаланмоқда. MI5 разведкачиларида кўра, айни пайтда Буюк Британиядаги рус жосуслари сони совуқ уруш давридагидан ҳам кўп.

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Буюк Британиянинг АҚШ билан алоқалари бошқаларникидан кўра ўзгача. Аммо сўнгги пайтларда бу ўзгачалик унчалик кўзга ташланмаяпти.

Буюк Британия ва АҚШ Сноуден борасида умумий манфаатларга эга. Аммо Трампнинг Сноуденга қандай муносабатда бўлиши ҳозирча мавҳум. Бундан ташқари, британ махфий хизматчилари яна бир муаммодан хавфсирамоқда. Трампнинг хуфиялари рус жосуслари билан қанчалик яқин алоқада бўлиши мумкин? Трамп маъмурияти Британиянинг махфий маълумотлари, жумладан, қироличанинг сирларини ҳам ФСБ билан бўлишиши мумкинми? Трамп Британиянинг махфий операцияларини Россияга сотиши мумкинми ва ҳоказо.

Жосуслар русларнинг нимага қодирлигидан яхши хабардор. Январь ойида истеъфодаги судья Роберт Оуэн томонидан олиб борилган тергов россиялик сиёсий қочқин Александр Литвиненкони ўлдириш учун ФСБ иккита қотилни ёллаган деган хулосага келган эди. Уларнинг қуроллари радиоактив чой бўлиб чиққан. Аммо Трамп бу масалада ҳам Путиннинг тарафини олган эди.

2016 йил Путин учун омадли келди: Молдова ва Болгариядаги сайловларда россияпараст номзодлар ғалаба қозонишди. Европа Иттифоқи инқироз туфайли кучсизланди. Дунё сиёсатидаги етакчи фигуралардан бири бўлган Ангела Меркелнинг мавқеига ҳам путур етди. Келаси йилнинг майида бўлиб ўтадиган Франция президентлиги учун сайловларда русларга хайрихоҳлиги билан танилган Марин Ле Пен номзод бўлмоқчи.

Кремлнинг ягона муаммоси – мафкура. Путин доимо аксил-американизм ғоясини ёқлаб келган. Трампнинг ғалабасига қадар аксарият россияликлар ғарбга қарши уруш аллақачон Сурия ва Украинада бошланган деб ҳисоблашган. Энди эса АҚШнинг биринчи рақамли душманлиги масаласи кун тартибидан кўтарилади. Бу бўшлиқни тўдирмоқ керак.

Ҳозирдан бошлаб сўнгги 15 йилда илк маротаба Вашингтон ва Москва ўртасида илиқлик пайдо бўлди. Трамп-Путин алоқалари бир муддат давом этиши мумкин. Путин Трамп тайёрлаган имкониятлардан вақтинча фойдаланиши эҳтимол. Сўнгра яна ўз сиёсатига қайтади: Америка – душман.

Люк Ҳардинг

Theguardian.com сайтидан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан