Фарғона вилояти ҳокими турк инсвесторининг соқолини олишни буюрди, кимлар депутат бўлишини очиқлади

Фарғона вилояти ҳокими турк инсвесторининг соқолини олишни буюрди, кимлар депутат бўлишини очиқлади

Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги иш жойларида намоз ўқишга шароит яратиладиган ҳолатлар аниқланса, ўша корхона раҳбарига жиноят иши очилишини маълум қилди. У шунингдек, унинг олдида ким бўлишидан қатъий назар рўмол ўраб олган аёлга кўзи тушса унинг рўмолини ўша туман ҳокими оғзига тиқиб қўйиш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда Фарғона вилоят ҳокими ўтган ҳафтанинг бошида ўтказган селектор йиғилиши аудиоси асосида BBC хабар қилди.

Ҳоким ҳижоб маданиятига риоя этмаётган аёллар аниқланиб, 300 нафарининг ташқи қиёфаси ўзгартирилганини ҳисобот берган.

Фарғона вилоят ҳокими вилоятга келган меҳмонларнинг ҳам соқолини олишни талаб қилган.

Шунингдек, у Марғилонда лозим , яктак ва бошига дўппи кийиб ётган беморни кийими учун шифохонадан чиқариб юборганини айтиб мақтанган.

"Мен айтдим, яхши қўшма корхона очибсизлар раҳмат. Лекин бунақа соқолни қўйиб олманглар. Чет эллик меҳмон, лекин бу шу ерда фаолият юритиб тирикчилик қиладиган бўлса, Ўзбекистон қонунларига бўйсинишга мажбур бўлади ва соқолини оламиз биз. Туркия республикаси фуқаросини. Шундай дедимми?", дейди у Қува тумани ҳокимига.

Қува тумани ҳокими вилоят ҳокимининг гапини тасдиқлаган ва ундан сўнг ўзлари яна гаплашиб олганини таъкидлайди.

"Қарор ижроси юзасидан ўтказилаётган тадбирлар давомида 1249 нафар фуқароларнинг беўхшов соқол қўйиш ҳолатлари аниқланди. Қарордан тўғри хулоса чиқарилди. Қўқон, Фарғона, Марғилон шаҳарларида Фарғона, Бувайда туманларида беўхшов соқол қўйиш ҳолатлари кенг авж олган", дейди ҳоким.

Вилоят ҳокими хотин-қизлар орасида кийиниш, рўмол, ҳижоб маданиятига риоя этмаётган жами 851 нафар хотин қизлар аниқланганини айтди.

Шуҳрат Ғаниев яқинлашиб келаётган парламент сайловларида кимлар депутат бўлиши мумкинлигига ишора берган.

"4 кундан кейин сайловлар турибди. Сайловларда ҳам ким депутат бўлади? Мана шу масалаларда ўзини кўрсатган одамлар депутат бўлади".