Наманганда ота-онадан қолган меросни талашиш мудҳиш якун топди. Ака ўз укасининг хотини ва болаларини пичоқлади. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида маълум қилинди.

Тўрақўрғон туманида яшовчи Абдурашид Аъзамов 2018 йилдан бери ота-онасидан мерос қолган уй-жойнинг бузилиши натижасида қолган қурилиш материаллари ва маблағни укаси билан талашиб келади.

Ўша куни соат 23:00 лар атрофида спиртли ичимлик таъсирида яна укаси билан гаплашиб олиш учун унинг хонадонига боради. Укаси Бахтиёрнинг хотини Гулнора қайнакасининг чақирувига жавоб бериш учун унинг олдига чиқиб, эри уйда йўқлигини айтади.

Шунда бу гапдан жаҳли чиққан Абдурашид Аъзамов келини Гулнора, жиянлари Холида ва Гулнозага ёнида олиб келган пичоқ билан жароҳат етказади. Олган тан жароҳатлари оқибатида Гулнора ва Холида шу вақтнинг ўзида ҳалок бўлади. Ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли Гулнозанинг ҳаёти сақлаб қолинди.

«Онамнинг бўйнидан қон оқиб ерда ётарди. Амаким кейин опамга ташланди. Опамни ҳимоя қилмоқчи бўлиб, уларга яқинлашганимда менга ҳам пичоқ билан ташланиб кетди. Тўққиз жойимга пичоқ билан урди», — дейди ушбу воқеа гувоҳи Гулноза.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти судида ушбу жиноят иши кўриб чиқилди. Абдурашид Аъзамовга содир этган жинояти учун 25 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.