Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






3 та ҳудудда сув тежовчи технология ускуналарини ишлаб чиқарувчи корхоналар қурилади
17.09.2020 11:11,  
171

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 16 сентябрь куни сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Сув тежовчи технологиялар қамрови кенгайиши билан уларни ишлаб чиқаришга ҳам талаб ошади. Бироқ, юртимизда шунга ихтисослашган 13 та корхонанинг қуввати келгуси йил эҳтиёжининг ярмини қоплашга ҳам етмайди. Шу боис мутасаддиларга Самарқанд, Тошкент ва Наманган вилоятларида сув тежовчи технологиялар учун ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Соҳадаги яна бир инновация – кластерлар 3 минг гектардан зиёд экин майдонини лазер ёрдамида текислаш орқали сув сарфини 20-25 фоиз, ўғитни 15 фоиз тежашга, ҳосилдорликни камида 10 фоизга оширишга эришган. Давлатимиз раҳбари бу тажрибани кенг қўллаб, пахта, ғалла ва шоли майдонларини лазер ёрдамида текислаш муҳимлигини таъкидлади. Молия вазирлигига ушбу технологияни жорий қилишга Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан камида 250 миллиард сўм кредит ажратиш топширилди.

Жорий йилда Қуйичирчиқ, Нарпай, Булунғур, Сардоба, Нишон, Касби туманларида сув хўжалиги объектлари хусусий шериклик асосида тадбиркорларга берилиб, намунавий лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу орқали мазкур иншоотлар модернизация қилиниб, эксплуатация харажатлари анчайин қисқаради. Йиғилишда бундай лойиҳаларни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Сув исрофига сабаб бўлаётган муаммолардан яна бири шуки, бугунги кунда 3 мингдан зиёд сув ўлчаш постларининг атиги 2 фоизи, 400 та йирик сув объектининг 2,5 фоизида бошқариш тизими автоматлашган, холос. Шу боис Сув хўжалиги вазирлигига йил якунигача 150 та, келгуси йилдан барча ўлчаш постларида сувни онлайн режимда назорат қилувчи автоматлашган тизим жорий этиш вазифаси юклатилди.

Маълумки, бу йилдан қишлоқ хўжалиги корхоналарига сув солиғи бўйича берилган имтиёзлар бекор қилинди. Шу билан бирга, сувдан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоизга пасайтирилди. Президент ушбу камайтирилган ставкани келгуси йилда ҳам сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлади.

Суғориш меъёрларини ҳисоблаш методикасини БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) талабларига мослаштириш, сув ҳисоблагичлар ўрнатган истеъмолчиларни рағбатлантириш юзасидан вазифалар белгиланди.

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасига коллектор сувларида балиқчиликни ривожлантириш бўйича топшириқ берилди. Наманган тажрибаси асосида гидрогеологик қидирувларни кенгайтириб, ерости сувларидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда сув хўжалиги соҳасида фан ва таълимни ривожлантириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Ирригация ва мелиорация объектларини барпо этиш ҳамда реконструкция қилиш ишларига илмий ходимларни бириктириш муҳимлиги таъкидланди. Бу орқали фан намояндалари объектларнинг лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлашдан уларни фойдаланишга топширишгача бўлган жараёнларда қатнашиб, қурилиш ишларини илмий-техник жиҳатдан кузатиб боради. Фан ва амалиёт уйғунлиги таъминланиб, келгусидаги лойиҳалар пухта ишлаб чиқилишида қўл келади.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокимлари ахборот берди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан