Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Афғонистон томонидан Ўзбекистонга таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймаймиз» – «Толибон» вакили
15.09.2020 10:54,  
489

«Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари Мулла Абдулғани Биродар Ўзбекистоннинг Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилиши ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

«Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласига устувор масала сифатида қарашини яхши биламиз. Шу йилнинг февраль ойида ҳам Дохада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири билан афғон муаммосини ижобий ҳал этиш бўйича фикр алмашгандик. Тинчлик музокаралари доирасида Ўзбекистонда ҳам ташриф билан бўлганмиз ва қатор юзма-юз мулоқотларда қатнашганмиз.

Шу ўринда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ҳукм суриши учун доимий равишда олиб бораётган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз. Жаноб Мирзиёевнинг тинчликни таъминлаш борасидаги кўрсатмалари, йўналишлари биз учун қадрли. Чунки расмий Тошкент бу ташаббуси билан нафақат Афғонистон ёки Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё халқларига тинчлик ва осуда ҳаётни таъминлашни мақсад қилганини яхши биламиз», деди у.

Мулла Абдулғани Биродар Ўзбекистоннинг Афғонистонни қайта тиклаш ишларидаги фаоллигини ҳам эътироф этди. 

«Бугун Ўзбекистон томони Афғонистонни қайта тиклаш ишларида ҳам фаол. Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон ташаббуси билан Афғонистонда амалга оширилаётган Мозори Шариф–Кобул–Пешовар йўналиши бўйича темир йўл, Сурхон–Пули Хумри электр узатиш линияси каби йирик лойиҳалар таҳсинга лойиқ. Бу хайрли ишлар Афғонистон учун жуда муҳим ва бу афғон иқтисодиётини кўтаришга муҳим туртки бўлишига ишонамиз.

Ушбу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун ўзбекистонлик кўплаб мутахассислар Афғонистонда фаолият юритади. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳим масала. Бу жиҳатни эътибордан четда қолдирмаган ҳолда, асосий диққатни шунга қаратамиз», деди «Толибон» вакили.

У бир неча ой муқаддам Дохада «Толибон» ҳаракати ва АҚШ ўртасида имзоланган тинчлик келишувига амал қилинишини таъкидлади.

«Шу нуқтаи назардан айтишим мумкинки, келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймаймиз. Ишончим комилки, Ўзбекистон билан қўшничилик алоқалари янада мустаҳкамланади, илиқ ва самимий муносабатлар ҳар икки мамлакат барқарорлиги учун хизмат қилади.

Яна шуни алоҳида қайд этиб ўтмоқчиманки, келгусида афғон заминида радикал кайфиятдаги гуруҳ ва ташкилотлар, террорчилик гуруҳлари бўлишига йўл қўйилмайди», деб қўшимча қилди Мулла Абдулғани Биродар.

Унинг таъкидлашича, тинчлик келишувида нафақат Толибон, балки Америка томонининг ҳам мажбуриятлари бор.

«Унга кўра, расмий Вашингтон Афғонистондан ўз ҳарбий қўшинларини олиб чиқиб кетади. Ҳарбийлар мамлакатни тарк этгач, биз Афғонистонни осудалик, тинчлик уйига айлантирамиз. Мамлакатда барқарорлик ҳукм суришига эришамиз.

Сир эмас, сўнгги йилларда Афғонистонда ҳарбий ҳаракатлар туфайли вайронагарчиликлар кузатилди, афғон халқининг ҳаёти издан чиқди. Ана шу уруш талафотларини бартараф этишда қўшни мамлакатлар, хусусан, Марказий Осиёнинг йирик мамлакатларидан бири ҳисобланган Ўзбекистон томони яқиндан ёрдам бераётганини қадрлаймиз», деди «Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан