Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Алишер Қодиров Таълим ва тарбия вазирлиги ташкил этиш таклифини билдирди
12.01.2022 20:54,  
84

Ўзбекистонда юқори фаоллик билан тараққиёт стратегияси муҳокама қилинмоқда. Бу фаоллик - жамиятимизнинг давлат тақдирига масъулияти, халқимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий тафаккури ошиб бораётганига яққол далилдир. «Миллий тикланиш» ДП фракция мажлисида илгари сурилган ва жорий йилнинг 11 январь куни режалаштирилаётган партия фаолларининг кенгайтирилган муҳокамасида илгари суриладиган ташаббуслардан бирини алоҳида ёзишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.

Тарбия - пойдевор! Тарбия кўрмаган олим - зарарли, аскар - сотқин, мансабдор - коррупционер бўлиши, тарбияли чўпон олимдек фойдали, ҳарбий - ватанпарвар, мансабдор эса халқпарвар бўлишини инсоният тарихи такрор-такрор исбот қилмоқда.

Яна бир ҳақиқат шуки, ўз қадрини англамаган инсонни қадрлаш нафақат шу инсоннинг ўзи, балки жамият учун фойдадан кўра зарарлироқдир.

Ўзини англаш ва қадрлаш эса болаликдан, тизимли равишда онгостига жойлаштирилиши зарур бўлган муҳим кўникмадир.

Инсон барча яхшиликлар ва ёмонликларнинг муаллифи экан, яхши инсоннинг кўп бўлиши жамиятда адолатни ва мамлакатда тараққиётни кафолатлайди.

Шу сабабли, мамлакатни ўрта ва узоқ истиқболдаги равнақи учун педагогика соҳасини ислоҳ қилишга устуворлик берилиши керак. Бунда:

1) Оиладаги муҳит илмий таҳлил қилиниши ва камчиликлар бартараф этилиши зарур. Бирламчи таклиф сифатида, 18 ёшгача фарзанди бор аёлларга алоҳида кўмак кўзда тутилиши муҳим. Бу кўмак моддий қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, ота-оналарни фарзанд тарбия қилиш бўйича малакасини оширишга қаратилган манзилли ва масофавий ўқув-маслаҳат тизимларини яратиш, меҳнат ҳуқуқларида алоҳида имтиёзлар бериш ҳисобига амалга оширилади.

Шу билан бирга, ота-оналарнинг фарзанд тарбияси учун масъулияти ва жавобгарлиги кучайтирилади ва қонунда аниқ белгилаб қўйилади.

2) Болалар боғчаларида тарбия методикаси белгиланиши керак. Бу методика Парламентда ҳимоя қилинсин. Методика миллий ва умуминсоний қадриятларни боланинг онгостига жойлаштиришни таъминлаши керак.

3) Мактабларда ўқувчи билими ва педагог фаолияти янги тизими - видео кузатув асосида баҳоланиши зарур.

7-синфдан бошлаб педагогик кенгашнинг хулосалари ва якуний жамланган баҳоларга мувофиқ ўқувчилар учта тоифада: академик, тадбиркорлик, ҳунармандлик кўникмаларини рақобатбардош даражага олиб чиқиш учун, махсус дастурлар асосида тайёрланиши лозим.

Мактабни тугатган ёшларга тадбиркор ёки ҳунармандлик фаолиятини йўлга қўйиш учун бир марталик субсидия кафолатланиши керак.

4) Тарбия ва таълим сифатини назорат қилиш Инспекцияси Парламент ҳузурида ва Парламентга бевосита ҳисобдор бўлиши керак.

5) Педагогика институтларига танлов махсус тизим асосида, фақат педагогик қобилияти бўлганларнигина саралаб олишга қаратилиши лозим. Ҳарбий соҳада бўлганидек, бу соҳада ҳам хато танлов миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўрилиши керак.

Педагогларни тайёрлашда давлат асосий буюртмачи бўлиши, буюртмачи сифатида келишилган талим муассасасида, ўз соҳасида 5 йил ишлаш мажбуриятини юклаши ва битирувчиларни иш билан таъминлаш вазифасини зиммасига олиши зарур.

Педагогик фаолият учун ҳар 3 йилда малака синовидан ўтиши мажбурий қилиб белгиланиши керак.

6) Тарбия ва таълим вазирлиги ташкил этилиб, вазирнинг учта: оила ва хотин-қизлар масалаларига масъул, боғчада тарбия ва бошланғич таълимни ташкил этишга масъул, мактабда таълим ва тарбияни ташкил қилишга масъул ўринбосарлари бўлиши таклиф қилинади.

Бу вазирлик ҳар бир болани оиладан бошлаб мактабдан чиқиб кетгунича (туғилганидан 18 ёшгача) бўлган даврда тарбияси ва таълим сифати учун масъул бўлади. Вазирликка ота-оналар билан яқиндан ишлаш, уларни малакасини ошириш билан бирга, масъулиятсизлик учун жавобгарликка тортишни ташаббус қилиш ваколатлари ҳам берилиши керак.

Инсоннинг эртага қандай бўлиши, унинг бугун кўрган тарбиясига боғлиқ.

ИНСОН ЎЗГАРСА - ЖАМИЯТ ЎЗГАРАДИ.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан