Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






АҚШ-Эрон зиддиятига муқобил ёндашув: провокациялар, саботажлар ва қутблашув жараёнлари
1.10.2019 15:11,  
478

2019 йилнинг 14 сентябрь куни Саудия Арабистонининг Абқаиқ ва Хурайсдаги нефтни тозалаш ва қайта ишлаш объектларига уюштирилган ҳаво зарбаларининг ортида Эрон тургани ҳақидаги иддаолар Яқин Шарқда уруш эҳтимоли билан боғлиқ ҳавотирларни янада юксалтирди. АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эрон раҳбарларининг мақсади низо чиқариш эканини ва уюштирилган ҳужум учун жавоб қайтарилишини таъкидлади.

Бир қарашда 2019 йилнинг 14 сентябрь куни Саудия Арабистон нефтни тозалаш ва қайта ишлаш объектларига қилинган ҳужум, 13 июнь куни Уммон Кўрфазида Япония ва Норвегияга тегишли иккита нефт танкерининг ҳужумга учраши, 12 май куни эса Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) Фужайра портида амалга оширилган портлашлар АҚШ ва Эрон ўртасида юзага келиши мумкин бўлган уруш эҳтимолининг яқин эканига ишорат қилмоқда. Бироқ воқеалар ривожининг парда орқасидаги воқеалар вазиятнинг анча мураккаб эканини кўрсатмоқда.

Қуролли гуруҳлар томонидан нефт танкерларига ёки АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базаларига нисбатан уюштирилган ҳужумларда Эроннинг қўли борлиги ҳақидаги ёндашув кўпчилик томонидан эътироф этилса ҳам сўнги икки ҳолатдаги ўхшаш параллеллар ҳужумлар ортида яширин режалар, фитналар ва саботажларнинг мавжудлиги борасидаги шубҳаларни юзага келтиради. Шу сабабли ҳам мазкур таҳлил давомида жорий йилнинг 13 июнида Уммон Кўрфазида нефт танкерларига нисбатан уюштирилган ҳужум ва 14 сентябрь куни Саудия Арабистонига қарашли нефтни қайта ишлаш объектларига қилинган ҳужумларга оид муқобил ёндашувлар ҳақида сўз боради.

Уммон Кўрфазидаги танкер ҳужумларидаги шубҳали ҳолатлар

Аваламбор 13 июнь куни нефт танкерларига нисбатан уюштирилган ҳужумларда АҚШ расмийларининг Эронни айблашга қаратилган баёнотлари фақатгина Англия томонидан қўллаб қувватланиши ва ҳужум борасидаги қарама-қарши фикрларнинг пайдо бўлиши воқеаларга нисбатан турли гумонларни келтириб чиқарди.

АҚШ Президенти Доналд Трамп АҚШ ҳарбийлари томонидан тақдим қилинган видео тасвирларда Уммон Кўрфазидаги ҳужумни Эроннинг Инқилоб Муҳофизлари Корпуси (ИМК) томонидан амалга оширилгани акс этганини таъкидлади. Эрон эса бу айбловларни кескин равишда рад қилди.

Япония танкери эгаси ва кема экипажининг гувоҳлик беришича, ҳужум АҚШ ҳарбийлари таъкидлаганидек миналарнинг портлаши оқибатида эмас, балки ҳаво зарбалари орқали содир бўлган. Қизиқарли томони Япония Эронга нисбатан ҳеч қандай айбловни илгари сурмади. Айни пайтда Германия ҳам АҚШ томонидан тақдим қилинган видео-тасвирларни далил сифатида қабул қилмаслигини билдирди.

Ушбу ҳолатларда кўрилганидек баёнотларнинг бир бирига зидлиги ҳақиқатнинг юзага чиқишини қийинлаштиради. Бунинг устига танкер ҳужумларининг Япония Бош вазири Шинзо Абининг Эронга қилган расмий зиёрати арафасида амалга оширилиши эса алоҳида диққатга моликдир. Бу ҳолат эса ҳужумларнинг ортида провокация ёки саботаж мақсадидаги ҳаракатларнинг мавжудлигига ишорат қилмоқда.

Танкер ҳужумларидаги потенциал провокаторлар ва саботажчилар

Уммон Кўрфазида нефт танкерларига уюштирилган ҳужум бўйича зиддиятли ёндашувлар мазкур амалиётнинг провокация эканига доир тахминларни кучайтиради. Танкер ҳужумлари бевосита ИМКнинг ташқи бўлинмаси бўлган Қуддус кучлари томонидан амалга оширилган тақдирда ҳам Эрондаги консерватив кучлар томонидан АҚШга қарши уюштирилган провокация сифатида баҳоланиши мумкин. Бироқ бу ердаги асосий масала ҳужумнинг Эрон ва АҚШ ўртасида уруш чиқишини жуда истаган учинчи кучлар томонидан уюштирилган бўлиш эҳтимолидир.

Бошқа томондан Эронни урушга жалб қилиш учун провокацияга келтириш масаласи АҚШнинг Эрон стратегиясида назарда тутилган режалардан бири эканини ҳам унутмаслик керак. Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталамиз. Ушбу ҳужумлардан уч ой ўтиб Президент Трампнинг Миллий Хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтоннинг ишдан олиниши ва Трампнинг Эронга нисбатан ҳарбий куч қўллашдан кўра иқтисодий босим сиёсатини афзал кўриши инобатга олинадиган бўлса, Оқ Уйда АҚШнинг Эрон сиёсати борасида фикр якдиллиги мавжуд эмас деган хулосага келиш мумкин. Бу ҳолатда эндиликда собиқ маслаҳатчи Жон Болтон ва Давлат котиби Майк Помпео АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Эрон сиёсатига қарши асосий потенциал провокаторлар сифатида гавдаланади. Бироқ бу тахмин ҳам навбатдаги муқобил ёндашувдир албатта. Чунки АҚШ ва Эрон ўртасида уруш чиқишини истовчилар ҳақида сўз борар экан авваламбор Исроил ва Саудия Арабистон каби давлатларнинг провокация уюштириш эҳтимолини унутмаслик лозим.

Танкер ҳужумларидаги яна бир жиҳат, ҳужумларнинг Япония Бош вазири Шинзо Абининг Теҳронга расмий зиёрати пайтида амалга оширилишидир. Бу ҳолат ҳам ҳужум амалиётига нисбатан саботаж эҳтимолини кучайтиради. Япониянинг АҚШ ва Эрон ўртасидаги инқирознинг ечим топишидаги ролининг муҳим эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бироқ, Япониянинг ўз геосиёсий манфаатларининг мавжудлигини ҳам унутмаслик керак. Расмий учрашувлар вақтида Япониянинг Чабаҳор порти лойиҳасига инвестиция киритишига доир музокараларнинг ўтказилиши кунчиқар давлатнинг Эрон орқали Афғонистон ва Ўрта Осиёга чиқиш ниятининг борлигини кўрсатади. Бу эса Япониянинг анъанавий рақиби бўлган Хитой атрофини ўраб олишга интилиш сифатида баҳоланиши мумкин. Бошқа тарафдан эса, Япониянинг бу ташаббуслари иқтисодий рақобат жиҳатидан Хитойни, мустақил ташқи сиёсат юритишга уруниши жиҳатидан эса АҚШни безовта қилиши мумкин. Шу сабабли ҳам Шинзо Абининг Теҳронга қилган расмий зиёрати пайтида Японияга тегишли нефт танкерининг ҳужумга учраши юқоридаги давлатлардан бири томонидан амалга оширилган саботаж бўлиш эҳтимоли ҳам мавжуддир.

Энди асосий гумондор бўлган Эрон ИМК Қуддус кучлари масаласига қайтадиган бўлсак “ўйин ичида ўйин” формуласига дуч келамиз. Чунки бу ерда энг катта эҳтимол ИМК Қуддус кучлари ҳужумни айнан Шинзо Абининг ташрифи арафасида амалга ошириб айбни бошқаларнинг гарданига юклашни режалаштирган бўлиши мумкин. Бундай режанинг амалга оширилиш эҳтимолини кучайтирадиган яна бир жиҳат эса АҚШга бўлган ишончсизликни орттиришдир. Шу йўл билан ИМК АҚШ билан музокараларга илиқ ёндашадиган Эрондаги ислоҳотчи қатлам ва уруш тарафдори бўлган консерваторлар ўртасидаги тортишувларга чек қўйишни режалаштирган бўлиши мумкин.

Aramco ҳужумларидаги шубҳали ҳолатлар

Саудия Арабистон нефтни тозалаш ва қайта ишлаш объектларига қилинган ҳужум ортидан АҚШ давлат котиби Майк Помпео ҳужумлар учун Эронни айблади. Эрон эса ҳар доимгидек бу айбловни рад қилди. Умуман олганда ҳужумлар учун масъулиятни зиммасига олган Ямандаги Хусий исёнчи гуруҳи ортида Эроннинг тургани барчага маълум бўлган ҳақиқатдир. Ҳаттоки Эрон ИМКнинг Ямандаги ҳарбий инструкторлари ҳужум амалиётида бевосита иштирок этган бўлиши эҳтимоли ҳам жуда юқори. Бироқ шу ўринда вазиятни чигаллаштирувчи қуйидаги ҳолатлар алоҳида эътиборга лойиқдир:

Биринчидан, хусийларнинг ҳарбий жиҳатдан ягона қўмондонлик остида вертикал тарзда бирлашмагани, замонавий дронларни бошқариш малакасининг етишмаслиги инобатга олинса шу пайтгача ҳеч қайси давлатнинг хусийлар баёнотига жиддий эътибор қаратмаганининг сабаби аён бўлади. Бундан ташқари хусийларнинг жорий йилнинг май ойида амалга оширган ҳаво ҳужумларида қўлланган дронлар билан Aramco ҳужумларида қўлланилган дронлар мутлақо бошқа категориядаги техника воситалари саналади.

Иккинчидан, ҳужумларда дронлар билан бирга қўлланилган қанотли ракеталарнинг қолдиқлари Эронда ишлаб чиқарилган Quds-1 ракеталарига тегишли экани аниқланди. Бироқ, бу ўз-ўзидан хусийларнинг иддаоларини йўққа чиқаради. Чунки Яман чегарасидан Саудия заводларигача бўлган масофа минг километрдан ортиқ. Эронда ишлаб чиқарилган Quds-1 ракеталар 700 километргача бўлган масофада ҳужумга яроқли саналади. АҚШ ракеталарнинг Эрондан, тўғрироғи 300 км масофадаги Форс Кўрфазининг нариги қирғоғидан отилган деган гумонда. Саудия Арабистон эса ракеталарнинг Ироқнинг жанубидаги томонидан отилган деган тахминни илгари сурди. 450 ким масофадаги бу ҳудудлар эса Эрон томонидан дастакланадиган Хашд аш-Шааби (Оммавий Сафарбарлик Кучлари) кучлари томонидан назорат қилинади.

Учинчидан, Aramco ҳужумларидан икки ҳафтача олдин Исроилнинг Jerusalem Post газетаси Исроил махсус хизматлари томонидан Ливан ҳудудидаги Эронга тегишли дрон базасига ҳужум уюштирилгани ва дронларни бошқаришни ўрганаётган Хизбуллоҳ жангариларининг ўлдирилгани ҳақида ёзди. Газета ҳаво зарбаларида ўлдирилган жангарилар билан бирга Эронда ишлаб чиқарилган дронлар ва ракеталарнинг расмларини ҳам жойлади. Aramco ҳужумлари олдидан Эронда ишлаб чиқарилган дронларнинг Исроил махсус хизматлари қўлига тушганлиги ҳам ҳужумлар борасида қўшимча шубҳаларга замин яратади.

Тўртинчидан, ҳужумлардан бор-йўғи уч кун олдин, 11 сентябрь куни Invest Brothers сайтида эълон қилинган хабарда Москва биржасида жисмоний шахслар орасида тузилган нефт савдоси бўйича узоқ муддатли фьючерс битимлари сонида кескин ортиши ҳақида ёзилди. Хабарда ёзилишича, жисмоний шахслар орасидаги битимлар сони бир кунда 173%га ортиб 605.9 мингтага етган. Жорий йилнинг май ойида хусийлар томонидан Саудия Арабистон нефт объектларига уюштирган ҳужумлар олдидан ҳам худди шундай ҳолатнинг кузатилгани тасодифлар эҳтимолини деярли йўққа чиқаради. Демак ягона тахмин сифатида Россиядаги баъзи шахсларнинг Aramco ҳужумларини олдиндан билишгани илгари сурилиши мумкин. Бу эса ҳужум ортидаги провокация эҳтимолини кучайтиради.

Aramco ҳужумларидаги потенциал провокаторлар ва саботажчилар

Aramco ҳужумлари борасидаги баҳс ва мунозараларда ўртага ташланган муқобил ёндашувлардан бири ҳужумларнинг бевосита жаҳон бозорида нефт нархининг кўтарилишини истаган кучлар томонидан амалга оширилганидир. Масаланинг нефт нархи билан боғлиқ жиҳати қанчалик ҳақиқатдан йироқ бўлса ҳам ёндашувнинг қайсидир маънода спекулюция ва провокацияга ишорат қилишини ҳисобга олиб қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳеч қандай “қора куч” ёки “оқ куч” қисқа муддатли спекуляция ҳисобидан фойда олиш учун бу турдаги таваккалга йўл қўя олмайди. Айниқа нефт ишлаб чиқариш соҳасида. Чунки нефт нархининг узоқ муддатли ортиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Абқаиқ ва Хурайсдаги нефтни қайта ишлаш объектларига уюштирилган ҳаво зарбаларининг жаҳон бозорида нефт нархининг кескин ошишига сабаб бўлмагани ҳам бунинг яққол далилидир. Нефт нархининг ошишига йўл қўймаган реал фактлар эса қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, Saudi Aramco компанияси 48 соат ичида нефт қазиб олиш ҳажмини ҳужумлардан олдинги ҳолатнинг 1/3 қисмига етказиш ва икки ҳафта ичида нефт ҳажмини олдинги ҳолатга чиқара олиш имкониятига эга эканини маълум қилди.

(Изоҳ: Компания баёноти аксар аксар кузатувчилар томонидан шубҳа остига олинса ҳам ҳужумларлан икки ҳафта ўтиб 2019 йилнинг 29 сентябрь куни Saudi Aramco компаниясининг нефт қазиб олишни 9,8 миллион баррелга етказгани ҳақида хабарлар чиқди. Бу эса ҳужумлардан олдинги ҳажмнинг қайта тикланганини ангатади).

Иккинчидан, Саудия Арабистоннинг Голландия, Япония ва Миср портларида жойлашган нефт захиралари қазиб олишдаги узилишлар ўрнини қоплашга етади.

Учинчидан, ҳужумлар ортидан АҚШ Президенти Трамп Твиттер аккаунти орқали ёзган постида зарурат туғиладиган бўлса мамлакатнинг стратегик резервлари ҳисобидан бозордаги бўшлиқни тўлдириши мумкинлигини маълум қилди.

Тўртинчидан, нефт қазиб олишда узоқ муддатли узилишлар бўлган тақдирда ҳам АҚШдаги мавжуд катта ҳажмдаги синтетик нефт резервлари нарх мувозанатини сақлашга қодир.

Демак нефт нархидаги қисқа муддатли ошишларни ҳужум мақсади сифатида талқин қилиш билан боғлиқ ёндашув ҳақиқатга мутлақо зиддир.

Бошқа бир муқобил ёндашув эса Saudi Aramco компаниясининг IPO (Initial Public Offering/Бирламчи оммавий таклиф) процедурасидан ўтиши билан боғлиқ. Қиймати 2 триллион долларга яқин экани айтиладиган компаниянинг 1% акцияси сотувга чиқарилиш арафасида акция қийматини тушишидан манфаатдор кучларнинг ҳужумга алоқаси бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. Бироқ бу ерда жиддий эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳат шуки, дастлабки IPO босқичи маҳаллий даражада ўтказилиши аввалдан маълум қилинган. Демак ушбу провокация эҳтимолига жиддийроқ ёндашиладиган бўлса ҳужум орқасида турган ёки дастаклаган кучлар Сауд қироллик оиласи атрофидан изланиши керак бўлади.

Саудия Арабистони ички сиёсатидаги ўзаро курашлар мавзусига кирилар экан, ҳақиқатга янада яқинроқ бўлган бошқа бир муқобил ёндашувдан сўз юритиш керак бўлади.

Маълумки, Saudi Aramcoга тегишли нефтни тозалаш ва қайта ишлаш объектлари АҚШдан сотиб олинган Пэтриот PAC-2 мудофаа тизимлари билан қўриқланади. Ушбу мудофаа тизимининг қанотли ракета ва дрон ҳужумларининг бартараф қилолмагани кўплар саволларни ўртага чиқарди. Асосий эътирозлар мудофаа тизимининг функцияси фақатгина қанотли ракеталарни уриб тушириш эмас, балки радар тизими орқали 100 мил радиусдаги ҳар қандай жисмни аниқлай олиши ва бу ҳақда сигнал бериш салоҳиятига нисбатан билдирилди. Билдирилган айрим изоҳларда эса Пэтриот тизими ўша куни 18 та дрон ва 7 та қанотли ракетани аниқлагани, бироқ Қироллик кучлари дронларга қарата пала-партиш ўт очишлари натижасида нефт объектларига етказилган катта зарарнинг олди олинмагани айтилади.

Бундай изоҳлар Саудия Арабистони қуролли кучларини ноқулай бир вазиятга қўйиши мумкин албатта. Бироқ бундай лаёқатсизлик атайлаб қилинган бўлсачи деган савол туғилади. У ҳолда уюштирилган саботаж ҳужумни амалга оширилган ташкилотчиларга ичкаридан дастак сифатида баҳоланиши мумкин. Агар ҳақиқатан ҳам шаҳзода Муҳаммад ибн Салмонга рақиб бўлган кучларнинг ҳужумга алоқаси бўлса ҳеч қандай мудофаа тизими натижа бермаслиги аниқ.

Саудия Арабистони ички сиёсатидаги потенциал саботажчилар борасида эса иккита тахминни илгари суриш мумкин:

Биринчиси, бевосита қирол оиласи аъзолари орасида шаҳзода Салмонга рақиб бўлган кучлар ташқи душманларга ичкаридан дастак берган ҳолда шаҳзода Салмонни дискредитация қилишга уринишлари мумкин. Бундай кучларнинг бошида тура олиши мумкин бўлган энг муҳим исмлардан бири эса шаҳзода Салмоннинг салафи бўлган Муҳаммад ибн Найфдир. 2017 йилнинг июнь ойида бир вақтнинг ўзида ҳам валиаҳдликдан, ҳам Ички Ишлар Вазири ва Вазирлар кенгаши аъзоси сифатидаги барча лавозимларидан четлатилган шаҳзода Найфнинг бу ишга алоқадорлик эҳтимолининг сабаби фақатгина аламзадалик билан чекланмайди албатта. Авваламбор шаҳзода Найфнинг ташқи сиёсат борасида Қатар ва Эрон билан алоқаларни яхшилашга интилиши шу ўринда муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан шаҳзода Найфни валиаҳд шаҳзода Салмоннинг сиёсатига қарши саботаж уюштириш эҳтимоли учун энг муносиб номзод дейиш мумкин. Бунинг устига 2018 йилнинг октябрь ойида Саудия Арабистоннинг Истанбулдаги консуллигида ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчи жинояти борасида ҳам Қироллик оиласи ичидаги ўзаро рақобат билан боғлиқ саботажлар ҳақидаги мунозаралар эсга олинса бу эҳтимол ҳам эътиборга моликдир.

Иккинчиси, Қироллик оиласига оид бўлмаган ички сиёсатдаги кучлар билан боғлиқдир. Маълумки 2018 йилнинг октябрь ойида шаҳзода Салмон мамлакат сиёсатида муҳим рол ўйнайдиган бир қанча қабила бошлиқларини ҳибсга олишни буюрганди. Ҳибсга олинганлардан баъзилари эса аъзолари сони 5 миллиондан ортиқ бўлган Шаммар қабиласининг етакчи кишиларидир. Асли келиб чиқиши Яманга бориб тақаладиган Шаммар қабиласи нафақат ички сиёсат, балки Саудия Арабистоннинг Сурия ва Ироқдаги алоқаларида ҳам муҳим рол ўйнайди. Энг қизиқарли томони Абқаиқ ва Хурайсдаги нефтни тозалаш ва қайта ишлаш объектларини муҳофаза қилувчи Миллий Гвардия таркиби ҳам айнан Шаммар қабиласи вакилларидан иборат эканидир.

Шаҳзода Салмон ва нуфузли қабилалар ўртасидаги низоларнинг яна бир сабаби эса шаҳзода Салмоннинг “Saudi Vision 2030” лойиҳаси билан боғлиқдир. Саудия Арабистонни нефт экспортига қарамликдан қутқаришга қаратилган ушбу лойиҳа асосий бойликларини нефт сотиш орқасидан тўплаган қабилаларнинг манфаатларига мутлақо зиддир. Шундай экан нефт объектларига уюштирилган ҳужумларда ичкаридан дастак берилгани эҳтимоли жуда юқоридир.

АҚШнинг Эрон стратегиясида “провокация режаси”

Юқорида АҚШнинг Эрон сиёсати борасида Оқ уй вакиллари орасида фикр якдиллигшини мавжуд эмаслиги ва Президент Трампнинг Эрон сиёсатига қарши ички саботаж эҳтимоллари ҳақида сўз юритдик. АҚШнинг Эрон сратегияси билан боғлиқ ички зиддиятларнинг муҳокамаси сўнги ойларда Яқин Шарқ минтақаси ва Кўрфазда кетма кета содир бўлаётган сирли ҳужумлардан манфаатдор кучларни аниқлаш нуқтаи назаридан муҳимдир.

Президент Трампнинг иқтидорга келган илк кунлардан бошлаб Майк Помпео ва Жон Болтон каби Эронга қарши бўлган исмларни атрофига тўплаши АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаш эҳтимолини кун тартибига олиб чиқди.

2019 май ойида Болтоннинг Яқин Шарққа 120000 аскар юбориш режасини очиқлаши ортидан уруш эҳтимоли билан боғлиқ мунозаралар қайтадан жонланди. Бироқ орадан икки ҳафта ўтиб Трампнинг минтақага юбориладиган аскарлар сонини 1500 га камайтиргани эса Оқ уйда Эрон сиёсати билан боғлиқ зиддиятларнинг мавжудлигига оид иддаоларни пайдо қилди. Чунки аввал бошданоқ Болтон ва Помпео Эронга қарши ҳарбий куч қўллаш тарафдори эканликларини яширмас экан Трамп ижтимоий тармоқлар орқали бир неча маротаба Эронни музокара столига даъват қилиб ўзини вазиятни қутқарувчи сифатида намоён қилишга ҳаракат қилди. Бошида бу Трамп ва атрофидагиларнинг ўзаро “ёмон ва яхши полиция” ўйини сифатида ҳам талқин қилинганди. Бироқ Болтоннинг ишдан олиниши Оқ уйдаги зиддиятларнинг ҳақиқатга яқин эканини кўрсатди.

2009 йили АҚШдаги йирик молиявий доиралар томонидан дастакланадиган The Brookings Institution томонидан “Қайси йўл Эронга олиб боради: Эронга қарши янги АҚШ стратегияси учун танловлар” (Which Path to Persia? Options for a New American Strategy towards Iran) сарлавҳали 170 бетлик бир тадқиқот эълон қилганди. Тақдиқотдаги энг муҳим нуқта “АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий аралашувини амалга ошириш учун Эроннинг провокацияга келтирилиши ва провокация уюштирмасдан қилинган ҳар қандай ҳужумнинг моддий бадали жуда оғир бўлиши” очиқчасига ёзилганидир. Тадқиқот муаллифларига кўра, провокациялар АҚШнинг Эронга қарши ҳаво зарбаларини амалга ошириши учун баҳона сифатида қўлланилиши лозим. Провокация қанчалик разил ва қурбонлар сони кўп бўлса ҳарбий ҳаракатларни бошлашда АҚШ учун шунчалик яхши бўлади. Тадқиқотдаги бошқа бир жиҳат эса Эронни провокацияга келтириш учун баъзи усулларнинг таклиф қилинишидир. Булардан бири эса баъзи шартлар асосида Эрон билан битим тузиш ва кейинчалик эса битим шартларига риоя қилмаганликда Эронни айблашдир.

Шу маънода АҚШнинг 2015 йили имзоланган “Кенг қамровли қўшма ҳаракатлар режаси”дан (Ядро битими) чиқиш қарорига сабаб ўлароқ, АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ва Доналд Трамп ўртасидаги сиёсий қарашлардаги ихтилоф сабаб ўлароқ кўрсатилса ҳам аслида Эронга битимнинг таклиф қилиниши, имзоланиши ва кейинчалик АҚШнинг битимни тарк этиши юқоридаги тадқиқотда таъкидланганидек, Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни асослаш учун баҳона сифатида ишлатиш учун олдиндан ишлаб чиқилган режа эканини тахмин қилиш мумкин.

Бироқ кейинги воқеалар режа ва амалиётнинг ўзаро мос келмаганини кўрсатмоқда. Бу эса ўз навбатида қуйидаги иккита ҳолат билан изоҳланиши мумкин:

Биринчиси, юқорида тилга олинган тадқиқот тайёрланганидан бери ўтган 10 йил мобайнида Эроннинг ҳарбий салоҳиятида катта юксалиш бўлди. 2003 йилги Ироқ урушидан сўнг минтақа бўйлаб таъсир доирасини кенгайтира бошлаган Эрон бугун ҳарбий жиҳатдан ўз тарихида энг юксак даражага етди дейиш мумкин. Бу ҳолатда Эрон билан уруш АҚШ учун йирик йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин. Бу сабаблар эса Трампнинг Эрон сиёсатида ҳарбий аралашув ўрнига иқтисодий босим ўтказиш йўлини афзал кўрди дейишга асос бўла олади.

Иккинчиси, юқорида таъкидланганидек, иқтидорга келишининг илк кунларида Помпео ва Болтон каби исмларни атрофига тўплаган Трамп даставвал Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар борасида атрофидагилар билар ҳамфикр бўлса ҳам анъанавий иттифоқчилари бўлган Европа давлатларининг Эрон ядро битими борасида фарқли йўлдан кетиши Оқ уйдаги режаларнинг бузилишига сабаб бўлди дейиш мумкин.

АҚШ-Эрон зиддияти фонида глобал ва минтақавий кучлар орасидаги қутблашув жараёнлари

АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддиятни янада кучайтирадиган ҳар қандай ҳодиса айни пайтда глобал ва минтақивий кучларнинг манфаатларига таъсир қилади. Шу нуқтаи назардан Япония Бош вазири Шинзо Абининг Эронга ташрифининг Ҳиндистон манфаатларига таъсири эътиборга моликдир. Юқорида таъкидланганидек, Япония Эроннинг Чабаҳор порти лойиҳасига инвестиция киритар экан айни пайтда Ҳиндистон билан ҳам ҳамкорга айланади. Чунки Чабаҳор лойиҳасига 500 миллион долларлик инвестиция киритиган Ҳиндистон портнинг каттагина қисмида бошқарув ҳуқуқига эгадир. Шу билан бирга Япония ва Ҳиндистонни бирлаштирган бошқа бир омил эса Хитойдан келадиган таҳдид саналади. Шунга қарамасдан бу учала давлатнинг Эрондан нефт олувчи энг йирик мижозлари экани уларни АҚШ-Эрон зиддиятида муҳим кучларга айлантиради.

Рақамларга қаралса Хитой, Ҳиндистон ва Япониянинг Эроннинг нефт савдосида ўта муҳим рол ўйнайдиган давлатлар экани аён бўлади. АҚШнинг Эронга қарши санкциялари кучга киргандан сўнги даврда, 2018 йилнинг ноябрь ва 2019 йилнинг март ойларида Эрон экспорт қилган кунлик 930 минг баррел нефтнинг 740 минг баррели юқоридаги уч давлат ҳиссасига тўғри келади. АҚШ санкциялар кучга кириши билан 8 та давлатга импорт имтиёзларининг бекор қилиниши ортидан Япония ва Ҳиндистон Эрондан нефт сотиб олишни тўхтатишганди. Бироқ Хитой эса Эрондан нефт сотиб олишни давом эттирди. Ҳиндистон ва Япония Эрондан нефт сотиб олишни қайтадан йўлга қўйишлари ҳақида турли баёнотлар берган бўлишларига қарамасдан АҚШга қарши боришга ботинишмади. Шу сабабли ҳам Эроннинг халқаро нефт бозоридан ажралиб қолмаслиги ва АҚШ санкцияларининг оқибатларини юмшатиши учун ҳозирда Хитой Эрон учун энг муҳим ҳамкор мавқеидаги давлат дейиш мумкин. Эрон Япония ва Ҳиндистон билан ҳам алоқаларни давом эттиришига қарамасдан Хитойнинг Эрондан нефт сотиб олишдан воз кечмаганининг яна бир сабаби эса АҚШ ва Хитой ўртасидаги тижорат уруши билан изоҳланиши мумкин. Хитойнинг АҚШ томонидан қўлланиладиган молиявий жазоларга қарамасдан Эрондан нефт сотиб олишни давом эттириши аслида АҚШ билан бўлаётган тижорат урушларида Эрондан фойдаланишдир. Чунки Хитойнинг умумий нефт импортида Эрон нефтининг улуши атиги 6% экани ҳисобга олинса Хитойнинг Эрон нефтидан воз кечиши мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатмайди.

АҚШ-Эрон зиддиятида Япония ва Ҳиндистоннинг Хитойга қарши тарафда жой олиши билан бир айни пайтда АҚШ ҳамда Эрон билан ҳам қалин алоқа ичида эканини таъкидлаш лозим. АҚШ ва Хитой ўртасидаги тижорат уруши ҳисобга олинганда Хитойга қарши АҚШ-Япония-Ҳиндистон учлигининг айни байроқ остида бирлашганини кўриш мумкин. Бироқ бу иттифоқ қаршисида Хитойнинг ёлғиз эмас албатта. Эрон билан қалин алоқада бўлган Хитой айни пайтда бошқа бир глобал куч бўлган Россия билан ҳам қайсидир маънода иттифоқ ҳолда ҳаракат қилмоқда.

2019 йилнинг 29 октябрь куни АҚШ Сенатида бўлиб ўтган хисобот мажлисида Миллий Разведка директори Дэн Коатс ва Марказий Разведка Бошқармаси бошлиғи Гина Хаспеллар томонидан тақдим қилинган “АҚШга қарши глобал таҳдидлар билан боғлиқ доклад”да Россия ва Хитойнинг ҳозирда АҚШ манфаатлари учун энг катта таҳдид экани айтилади. Россия ва Хитойнинг ўтмишда рақобат қилишгани эътиборга олинса уларнинг яқинлигини анъанавий ҳамкорлик дейиш қийин. Бироқ ҳозирда бу икки давлатни АҚШга қарши манфаатлар бирлаштирмоқда дейиш мумкин. Россиянинг ҳам Эрон билан ижобий алоқаларни давом эттираётгани инобатга олинса юқоридаги учликка қарши Хитой-Россия-Эрон учлигининг шаклланганини кўриш мумкин.

Албатта бу қутблашувлар Кўрфаз ташқарисидаги кучлар орасидаги манфаат тўқнашувлари билан боғлиқдир. Бироқ АҚШ ва Эрон орасидаги зиддиятга таъсир кўрсатиш салоҳияти ҳисобга олинганда рўйхатнинг бошида Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Исроил каби давлатлар учлигини кўриш мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддият ўз навбатида минтақавий ва глобал кучлар орасида ҳам қутблашув жараёнларининг бошланишига сабаб бўлди. Шу сабабли ҳам бу зиддиятнинг бир қисми бўлган турли ҳужумлар минтақада уруш бошланишидан манфаатдор бўлган кучлар томонидан уюштирилган провокация ёки турли ташаббусларга қарши саботаж ҳаракатлари бўлиш эҳтимоли муқобил ёндашув сифатида кўриб чиқилиши лозим.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан