Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






АҚШ уйғурлар масаласи сабабли Хитойга виза беришда чекловлар ўрнатади
10.10.2019 14:58,  
253

АҚШ мусулмон аҳолига нисбатан қатағон сиёсати олиб борилаётгани туфайли хитойлик масъулларга нисбатан виза чекловларини ўрнатишини айтди.

Бу қарор Шинжон минтақасида инсон ҳуқуқларини бузувчи амалиётларга алоқадор деб кўрилган Хитойнинг 28 та муассасаси душанба куни АҚШ Савдо департаменти “қора рўйхати”га киритилиши ортидан эълон қилинди.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Хитой ҳукумати “ўта қаттиқ қатағон кампаниясини ташкиллаштиргани” ҳақида гапирган.

Хитой эса бу айбловларни асоссиз дея рад этади.

Давлат департаменти чиқарган баёнотда Майк Помпео Хитой ҳукумати уйғурлар, шу билан бирга этник қозоқ, қирғиз мусулмонлари ва бошқа мусулмон жамоаси вакилларига қарши босим ўтказаётганига урғу берган.

Бу босим оммавий қамоқ лагерлари, мунтазам кузатув, маданий ва диний қарашлар, ўзига хосликларни қатъий назоратга олиш, хориждаги мусулмон фуқароларини Хитойга қайтишга мажбурлаш кабиларни ўз ичига олади.

Хитой эса бунга “Бу ерда АҚШ даъво қилаётганидек ҳеч қандай “инсон ҳуқуқлари бузилиши” йўқ”, дея жавоб қайтарди.

Виза чекловлари Хитой ҳукумати вакиллари ва Коммунистик партия расмийлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига нисбатан қўлланади.

“Америка Қўшма Штатлари Хитой Халқ Республикасини зудлик билан Шинжондаги қатағон амалиётларига чек қўйиш, барча қамоқ лагерларида тутиб турилганларни озод этиш ва хориждаги хитойлик мусулмон жамоалари вакилларини куч билан ортга қайтаришни бекор қилишга чақиради”, дейилади Давлат департаменти эълон қилган баёнотда.

Хитой сўнгги йилларда мамлакатнинг энг ғарбий минтақаси бўлган Шинжонда оммавий хавфсизлик амалиётларини ўтказиб келади.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва БМТ эса Хитой бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа этник озчилик вакилларини қамоқ лагерларида тутиб тургани, уларни Исломдан воз кечиш, фақат Хитойнинг мандарин тилида гапириш ва коммунист ҳукуматга содиқ бўлишга мажбурлаётгани ҳақида айтади.

Хитой эса бу лагерлар “касбга ўргатиш марказлари” экани, у ердагилар иш ўрганиб, Хитой жамиятига мослашиши учун тутиб турилгани, шу йўл билан террорчиликка қарши курашаётганини даъво қилади.

Аммо вақт ўтган сари АҚШ ва бошқа давлатларнинг Хитой Шинжонда олиб бораётган сиёсатига қарши танқидлари ортиб бормоқда. Масалан, ўтган ҳафта Ватиканда ўтган матбуот анжуманида Майк Помпео Хитой “ўз фуқароларини Худога эмас, ҳукуматга сиғинишга мажбурлаётгани” ҳақида баёнот берганди.

Жорий йил июл ойида эса БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасидаги 20 та давлат Хитойнинг уйғурлар ва бошқа мусулмон жамоаларга қарши чоралари қораланган хатга имзо чеккан.

Уйғурлар кимлар?

Уйғурлар – этник турк мусулмонлари. Улар Шинжон минтақаси аҳолисининг 45%ини, Хитой ханлари эса 40%ини ташкил этади.

1944-1949 йилларда қисқа муддат мавжуд бўлган Шарқий Туркистон Республикаси қулаганидан кейин 1949 йили Хитой Шинжон минтақасида тўлиқ ўз назоратини тиклаган.

Шундан буён минтақага катта сонда хан хитойликлар кўчириб келтирилган, уйғурлар эса бу ўзларининг маданиятига хавф солишидан қўрқади.

Хитой худди жанубдаги Тибет сингари Шинжон минтақасига ҳам расман мухторият мақомини берган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан