Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Биз қачон бахтли бўламиз?
9.11.2019 10:28,  
498

Инсон ўзини бахтли ҳис қилиши учун муҳим туйғулардан бири муҳаббатдир. Муҳаббат деганда кенг маънода унинг турли кўринишлари айтилмоқда, фақат эркак ва аёл ўртасидаги эмас. Масалан она-бола ўртасидаги меҳр, қалин дўстлар орасидаги меҳр-оқибат ва ҳоказо.

Психологлар ёзишича, бизнинг ҳатти-ҳаракатларимиз, феъл-атворимиз ана шу муҳаббатга эришиш учун ёки кенгроқ олганда, тан олиниш, севилиш, меҳр қозониш учун бўлар экан. Баъзан ўша муҳаббатни моддий воситалар орқали қозонишга уринарканмиз. Масалан, қиммат машина миниш, данғиллама иморат солиш ва ҳоказо. Меҳр-муҳаббатни етарли дозада олиб турган киши хотиржам бўларкан.

Яна психологлар таъкидлашича, инсонга бахтиёрлик ҳиссини берувчи омил моддий нарсалар эмас, балки ўша меҳр-муҳаббат, дўстлик ришталари ва эътибор экан. Масалан, болаликдаги қалин дўстлар билан отамлашиш, сизни гўдаклигингиздан севиб эркалаган аммангиз ёки холангиз билан самимий суҳбатлашиш, бобонгиз ёки бувингиз ёнида ўзингизни яқин ҳис этиш — буларнинг ҳаммаси ўша муҳаббатга дахлдор, ич-ичингиздаги севиш ва севилиш, эъзозлаш ва эъзозланиш, кимгадир кераклилик, ардоқланиш ғаризаларини қондирар экан.

Ҳиссиётларсиз инсон ўзини кемтик ҳис қила бошлайди, нимадир етишмаётгандек бўлаверади. Қалбини тушкунлик қоплайди.

Шу маънода Эркин Аъзам қаламига мансуб "Анойининг жайдари олмаси" қиссаси асосида тайёрланган радиодрамани тинглаб, қалбимда ажиб ҳиссиётлар уйғонди. "Чантраморе" кинофилми ҳам шу китоб асосида олинган. Бу ҳикояда икки дўст ўртасидаги самимийлик, илиқлик, беғуборлик моҳирона тасвирланган.

Радиодрамани тингларканман, ичим тўлиб бўғзимга нимадир тиқилди, кўзимга ёш келди. Дарҳақиқат, ҳозирги тўкин-сочинлик даврида бизга энг етишмаётган нарса бу самимий муносабатлар, ўша кенг маънодаги соф муҳаббат, меҳр- оқибат, беғараз биродарлик бўлса керак.

Руҳиятимиздаги кемтиклик сабабини тўғри аниқламасак, ташхис қўймасак, ҳар қанча моддият билан қондиришга уринмайлик, барибир бахтиёр бўлолмаймиз. Замонавий дунёда энг кўп йўқотилган ва муштоқ бўлинаётган нарса ана шу самимий ва илиқ муносабатлар бўлса керак.

Ўзбек адабиётидан мен ўқиган нарсалар асосан ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларигача ёзилган асарлардир. Мустақилликдан сўнгги ўзбек адабиётига менсимайроқ қарардим. Эркин Аъзам каби бир қатор адибларнинг суҳбатини тинглагач, менда ўзбек замонавий адабиётига яна қизиқиш уйғонди. Иншоллоҳ, Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон ва бошқа кўп ёзувчиларнинг китобларини ўқимоқчиман.

Бемалол айтоламанки, Эркин Аъзамнинг ўша "Анойининг жайдари олмаси" жаҳон адабиёти дурдоналари қаторига қўшилишга арзийдиган даражада зўр ёзилган.

Севимли ёзувчимиз Эркин Аъзамга соғ-саломатлик, ижодига барака тилаб қоламан.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан