Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бопладинг, Шомуродов!
15.03.2021 09:33,  
10569

Италия А Серияси қизғин паллага кирди. Чемпионлик, совринли ўринлар, Еврокубок йўлланмалари ва лигада жон сақлаб қолиш учун рақобатлашаётган жамоалар номи деярли аниқланиб бўлди.

Элдор Шомуродов тўп тепаётган “Женоа” бу жамоалар сирасига кирмайди. Генуяликлар хавфли ҳудуддан чиқиб кетганига анча бўлган, лекин жадвалда янада юқорилаш эҳтимоли ҳам жуда кам.

“Женоа” мавсумда ўз олдига қўйилган вазифа – лигада қолишни уддалашига шубҳа йўқ. Балки, Давиде Баллардини бу мавсумда жанговар таркибни шакллантириб, келаси йили юқорироқ натижа учун ҳаракат қилиб кўрар.

Италия чемпионатини кузатиб бораётган мутахассислар 27-тур учрашувлари таҳлилини қилмоқда. Хусусан, “Женоа”да фаол ўйнаётган Элдор Шомуродовнинг хатти-ҳаракатлари ҳам таҳлилчилар эътиборидан четда қолгани йўқ.

Кейинги пайтда Шомуродов гол ура олмаётгани учун танқид қилинмоқда. Албатта, мухлислар ва мураббийлар ҳар доим ҳужумчидан тўп киритишини кутади. Бу одатий ҳол. Лекин Элдор ҳар бир учрашувда рақиб дарвозасини ишғол қиладиган тўпурар бўлганида ҳозир “Женоа”да эмас, балки “Ювентус”, “Реал”, “Барса” ёки “Манчестер Юнайтед”да ўйнаётган бўлармиди?

Шунга қарамай, Элдор “Удинезе” билан бўлган учрашувда ҳам жамоасига фойда келтирди. Элдор Шомуродов бошланғич таркибда Горан Пандев билан бирга ҳужум жуфтлигини ташкил қилди. Одатда, легионеримиз асосий тўпурар Маттиа Дестро билан ўйнарди. Италиялик ҳужумчи сафдан чиқди.

Ҳисоб саккизинчи дақиқада Горан Пандев томонидан очилди. Лекин голли вазиятни яратган футболчи Шомуродов бўлди. Легионеримиз Кевин Стротманни аниқ пас билан ҳужумга ташлади, маҳоратли футболчи ўзидан ҳам тажрибали бўлган Пандевни гол учун қулай позицияга чиқарди. Шу тариқа, Элдор “Женоа”да ўнинчи марта голли вазиятда бевосита иштирок этди. Дебют мавсум учун яхши кўрсаткич, демоқда мутахассислар.

Шомуродов беллашув давомида “Удинезе” дарвозаси томон учта зарба берди. Шулардан иккитаси хавфли бўлди. Бу генуяликлар орасида энг яхши натижа. Элдор рақиб ҳимоячиларини алдаб ўтиш ва ҳаводаги курашларда ҳам устунлигини кўрсатди. У тўрт бор “иккинчи қаватдаги” курашларда ғолиб чиқди, рақибдан тўрт маротаба тўпни олиб қўйди, жамоадошларига 21 марта тўп оширди, шулардан 19 таси манзилга аниқ етиб борди. Ҳужумчи учун ажойиб статистика.

Жами 89-дақиқа ўйнаган ҳужумчимиз Whoscored сайти томонидан 6,9 баллга лойиқ кўрилди ва бу борада “Женоа” футболчилари орасида Пандев, Стротман, Зайцдан кейин тўртинчи бўлди. Шунча ҳаракатга қарамай, “Женоа” ғалабани қўлдан чиқарди ва 1:1 ҳисобидаги дуранг натижасида бир очкога эга бўлди.

27 та учрашувда 28 очко тўплаган генуяликлар мусобақа жадвалида 14-поғонада қайд этилган. “Женоа”нинг ғалабасиз сериясини олтита ўйинга етди. Шулардан тўрттаси дуранг билан якунланган.

Кейинги турни “Женоа” бошлаб беради. Генуяликлар 19 мартга белгиланган 28-турнинг дастлабки ўйинида “Парма” жамоаси меҳмони бўлади. Бу тўқнашувда Шомуродов жамоасига осон бўлмайди. Чунки пармаликлар 19-поғонада бормоқда ва лигада жон сақлаб қолиш учун уй учрашувларда ҳар қандай рақибдан очко тортиб олиш ҳаракатида бўлади. “Женоа” эса анча чўзилиб кетган ғалабасиз серияга барҳам бериш учун бор кучини аямайди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан