Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бойсун ва Сариосиё туманлари “Кичик Швейцария”га айлантирилади – Тўра Боболов
13.03.2021 18:43,  
226

Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида Сурхондарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.

Унда Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан вилоятни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни комплекс равишда ўрганиш якунлари ҳам батафсил муҳокама қилинди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, вилоятда 2020 йилда ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 24 трлн. сўмни, ўсиш суръати 2019 йилга нисбатан 104,4 фоизни ташкил этган. Шу жумладан, 5,5 трлн. сўмликдан ортиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган, 7,9 трлн. сўмликдан зиёд хизматлар кўрсатилган, чакана савдо айланмаси 12 трлн. 352,6 млрд. сўмдан иборат бўлган.

Вилоятда пандемия шароитида 63,3 мингдан зиёд муҳтож оилага ижтимоий ёрдам кўрсатилган, тадбиркорлик субъектларининг 5 мингдан зиёд кредит шартномалари тўловларнинг муддати узайтирилиши натижасида 21,5 мингдан ортиқ корхоналар фаолияти қайта тикланишига эришилган.

Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 2,5 трлн. сўмга тенг бўлган 752 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 6,4 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилган. Хорижий инвестиция иштирокидаги 252 та лойиҳа бўйича 221,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва хорижий кредит маблағлари ўзлаштирилган. Вилоятда 245,2 млн. АҚШ долларига тенг маҳсулотларнинг 26 та давлатга экспорти амалга оширилган.

Қолаверса, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида тижорат банклари томонидан қарийб 17,7 мингта жисмоний ва юридик шахсларга, хусусан, “Темир дафтар”га киритилган 1 минг 260 та оилага кредит маблағлари ажратилган.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда 3 минг 820 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш (3 минг 797 гектар томчилатиб, 23 гектар ёмғирлатиб суғориш) бўйича ишлар амалга оширилган.

Вилоятда болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражасини ошириш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида 43 та мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш учун имтиёзли кредит ажратилган.

Ҳудудда бугунги кунгача 29 минг нафарга яқин хотин-қизлар 9 тоифага ажратилган ҳолда, “Аёллар дафтари” электрон базасига киритилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилган.

Вилоятда 37 минг нафардан ортиқ ёшларга 16 минг 320 гектар ер майдони ажратиб берилиши назарда тутилган бўлиб, бугунги кунгача 870 нафардан ортиқ ёшларга жами 507 гектар ер майдони ажратиб берилган.

Яна бир жиҳат. Бугунги кунда вилоятда 560 дан ортиқ маданий мерос ёдгорликлари мавжуд бўлиб, туризм соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар натижасида 2019 йилда ташриф буюрган хорижий туристлар сони 2018 йилга нисбатан 4 баробарга ошган.

Келгусида Бойсун ва Сариосиё туманларида кичик туризм зоналарини барпо этиш орқали ҳудудни “Кичик Швейцария”га, Термиз туманидаги “ал-Ҳаким ат-Термизий” мажмуаси атрофини “Ўрта асрлар шаҳарчаси”га айлантириш, Термиз шаҳридаги “Бахт” боғи ҳудудида “Япон боғи” ва “Като Кюдзо” мемориал музейини барпо этиш назарда тутилган.

Шу билан бирга, мажлисда  вилоятни ривожлантириш борасида ўз ечимини кутиб турган айрим муаммо ва камчиликлар борлиги ҳам қайд этилди.

Жумладан, 2020 йил якунига кўра, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг дастлабки рейтинг кўрсаткичлари бўйича Қизириқ ва Узун туманлари “сариқ ҳудуд”дан “қизил ҳудуд”га ўтган.

Музработ тумани “Обиҳаёт” маҳалласидаги 27 та кўп квартирали уй-жойни таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан зарур маблағ ажратилмаганлиги боис ушбу уйлар ўта таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

Денов ҳамда Сариосиё туманларидаги “Мурувват уйлари”да яшаётган ногиронларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида ушбу муассасаларни физиотерапия аппаратлари билан таъминлаш лозим.

Халқаро аҳамиятдаги М-41 “Бишкек-Душанбе-Термиз” автомобиль йўлининг 1444-1622 км. қисмларини реконструкция қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар ижроси таъминланмаган.

Бундан ташқари, вилоятда 2020 йил давомида жами 3,1 мингдан ортиқ жиноят содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан қарийб 40 фоизга ошган. Хусусан, ўта оғир ва оғир турдаги жиноятлар сони 72-77 фоизга кўпайган.

Мажлисда вилоятни ўрганиш якунлари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2021 йил 20 февралдаги сессиясида танқидий муҳокама этилганлиги, унда мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари эшитилиб, камчиликларга йўл қўйган вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари ҳамда 6 нафар вилоят ташкилоти раҳбарларига нисбатан тегишли чоралар кўрилганлиги таъкидланди.  

Шунингдек, вилоят даражасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича 45 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унда белгиланган ҳар бир чора-тадбир ижроси устидан депутатлик назорати йўлга қўйилганлиги, вилоят Кенгаши сессиясида мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳар чоракда ҳисобот бериб бориши белгиланганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалалари батафсил муҳокама қилинди. Ўрганиш давомида аниқланган республика даражасидаги муаммоли масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

 Мажлис якунига кўра, вилоятда ўз ечимини кутиб турган республика даражасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди ва ижроси устидан сенаторлик  назоратини йўлга қўйиш белгиланди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан