«Қатъий таъкидлаймизки, ‘Вақф’ хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган меҳр-мурувват тадбирлари бирор-бир сана ёки ижтимоий байрамларга алоқаси ҳам, Қорбобони таклиф этишда фонднинг ўрни ҳам йўқ.

Жойлардаги тадбирларнинг шакли ва мазмуни ҳудудлардаги ташкилотлар томонидан уюштирилган бўлиб, бундай фаросатсизликка йўл қўйган маҳаллий мутасаддиларни мутлақо оқлаб бўлмайди. Хусусан, мана шу ҳолатга сабабчи бўлган Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимлиги вакиллари узр сўрашлари керак.

Шундай экан, тарқатилган суратлардаги Қорбоболарнинг «Вақф» хайрия жамоат фондига ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Бу ҳолат учун фонд ва унинг ходимларини обрўсизлантириш ҳақорат ва адолатсизликдир. Ҳар қандай тўғри ва ишончли маълумотни исталган вақтда фонднинг ўзидан олиш мумкинлигини яна бир бор таъкидлаймиз», – дейилади «Вақф» фондининг ахборот хизмати баёнотида.