Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бухоро вилоятида қурилиш қиймати 2,8 миллиард АҚШ долларига тенг газ-кимё мажмуаси барпо этилади
5.06.2021 22:28,  
157

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот маркази хабар беришича, Бухоро вилоятида қурилиш қиймати 2,8 миллиард АҚШ долларига тенг газ-кимё мажмуаси барпо этилади.

Хабарга кўра, Санкт-Петербург (Россия)да 2021 йил 4 июнь куни «Jizzakh Petroleum» МЧЖ ҚК, «Газпромбанк» акциядорлик компанияси, «ВEБ.РФ» давлат ривожланиш корпорацияси ва Россия экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталаш агентлиги (ЭХИАР) ўртасида янги газ-кимё мажмуасини молиялаштириш бўйича ўзаро англашув тўғрисида тўрт томонлама меморандум имзоланган. МТО (метанолдан-олефинлар) технологиясига асосланган газ-кимё мажмуасини Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида барпо этишга қарор қилинган.

Меморандумнинг имзоланиши тахминий 800 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа молиялаштириши ва молиялаштириш билан боғлиқ хатарларни суғурталаш бўйича келажакдаги ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши айтилмоқда.

«Jizzakh Petroleum» лойиҳанинг инвестори деб ҳисобланади. Қурилиш қиймати 2,8 миллиард АҚШ долларига тенг газ-кимё мажмуаси МДҲда тенгсиз. Завод маҳаллий хом ашё асосида ишлайди, бу эса юқори қўшимча қийматга эга бўлган, экспортга йўналтирилган газ-кимёвий маҳсулотларини ишлаб чиқариш орқали табиий газни монетизация қилиш имконини беради.

«Jizzakh Petroleum» МЧЖ ҚКнинг стратегик ривожланиш бўйича директори Нигора Ибадованинг айтишича:

«Бизнинг жамоамиз қарийб 2 йилдан бери устида ишлаб келаётган МТО лойиҳаси юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар занжирини яратишда катта эътибор қаратилаётган лойиҳалардан бири замонавий Ўзбекистоннинг ёрқин намунасидир. Бу, ўз навбатида, келажакда қўшимча ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш, импорт ўрнини босиш ва янги иш ўринларини ташкил этиш учун ижобий туртки беради. Лойиҳа келажакдаги газ-кимё кластерининг асосий қисмига айланади, унга махсус иқтисодий зона мақоми берилади ва бу Марказий Осиёда бундай биринчи тажриба бўлади. Шуни таъкидлаш керакки, биз учун ГПБ, ВEБ.РФ ва ЭХИАР каби молия институтлари билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга, чунки лойиҳа доирасида ускуналар, маҳсулотлар ва хизматларнинг катта қисмини Россиядан жалб қилиш режалаштирилган. Ушбу меморандумнинг имзоланиши лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамдир».

Имзолаш маросими XXIV Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми маросими доирасида бўлиб ўтган.

Қурилиш ишлари тугагандан сўнг янги олефин ишлаб чиқарувчи завод 1,5 миллиард кубометр табиий газни қайта ишлаши кутилмоқда ва дунё иқтисодиётининг кўплаб соҳаларида қўлланиладиган юқори сифатли полимерларни йилига 720 минг тонна миқдорида ишлаб чиқариши кутилмоқда.

Маълумот учун: «Jizzakh Petroleum» МЧЖ ҚК Ўзбекистонда энергетика соҳасини жадал ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Ўзбекистондаги 104 та нефть конидан фойдаланиш ҳуқуқи ушбу компания ихтиёрига ўтказилган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан