Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Деноминация нима? Ўзбек валютаси деноминация бўлганми?
20.08.2019 20:22,  
1255

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқда 10000 сўм 1 сўмга айлантирилади, янги пул чиқади, пластик картадаги пулларнинг тўртта ноли йўқолади, деган хабар тарқалди. Бугун Марказий Банк раиси Мамаризо Нурмуродов “Деноминация бизнинг ҳаёлимизда ҳам, режаларимизда ҳам йўқ. Бизда ҳозирча бунга эҳтиёж йўқ. Деноминация бу шунчаки нолларни ўчириш эмас, бу катта иқтисодий харажатдир”, деб баёнот берди.

Деноминация нима?

Деноминация — валюта барқарорлигини ошириш ва ҳисоб-китобни ихчамлаштириш мақсадида қоғоз пул номиналини пасайтириш; эски пулнинг курси (қадри) юқори қилиб белгиланган, номи ўзгармаган янги пулга маълум нисбатда алмаштиришдир.

Деноминация мамлакатдаги пул муомаласини тартибга солиш тадбирларидан бири бўлиб, пул қадри пасайишини тўхтатиб қолиш ёки сусайтириш орқали пул тизимини соғломлаштириш мақсадида амалга оширилади. Деноминация муомалада бўлган пул маблағлари (купюра, танга)лар массасини бирмунча камайтириш имконини беради.

Марказий Банк раиси таъкидлаганидек, деноминация иқтисодий барқарорлик шароитида ўтказилади, яъни савдо балансини мусбат қилиб олиб, инвестицион жозибардорликни ошириб, бозор иқтисодиёти талаблари минимум тарзда бажарилса, ундан кейин бемалол деноминация қилса бўлади.

Энг катта деноминациялар

Қуйида тарихда амалга оширилган баъзи деноминацияларни эслаб ўтамиз.

Тарихдаги энг катта деноминация 1946 йили Венгрияда ўтказилган. Ўшанда 400 октиллион пенге 1 форинтга алмаштирилган. (Октиллион – 1 дан кейин 27 та нол!)

Россияда 1922-23 йилларда эски 1 млн. рубл янги 1 рублга, Германияда Биринчи жаҳон уруши ва ундан сўнгги даврларда пулнинг ҳаддан ташқари қадрсизланиши натижасида 1924 йилги пул ислоҳотлари даврида эски 1 трлн. марка янги 1 маркага, Грецияда 1944 йил ноябрда 50 млрд. драхма янги 1 драхмага алмаштирилган эди.

Иккинчи жаҳон уруши якунланиши арафасида ва ундан кейин бир қатор хорижий давлатларда пул ислоҳотлари (Бельгия — 1944 йил, Франция, Дания, Голландия ва Норвегия — 1945 йил, Япония — 1946 йил, Австрия — 1947 йил) амалга оширилди.

Беларус Республикаси янги тарихи мобайнида 3 марта деноминация қилган: 1994 йили рубл 10:1 нисбатида, 2000 йили 1000:1 нисбатида ва охиргиси 2016 йили 10000:1 нисбатида деноминацияланган.

Туркия 2005 йили бирданига олтита нолдан воз кечган (1000000:1 нисбатида). Россия Федерацияси 1998 йил 1000:1 деноминация қилган бўлсада эски рубллар 2003 йилгача муомалада бўлган. 1996 йил Грузия олтита, 2005 йили Руминия тўртта нолдан воз кечган.

Бизда ҳам деноминация бўлганми?

Ватанимиз тарихидаги илк деноминация Бухорода 1922 йили бўлган. 1921 йилда Бухоро Халқ банки муомалага янги, номинали рублда кўрсатилган қоғоз пулларни чиқара бошлаган. Бу пуллар 3000, 10000 ва 20000 рубл номиналга эга бўлган. 1922 йилда Бухоро Халқ банки томонидан деноминация амалга оширилиб, пулнинг номинали юз марта камайтирилган ва 1, 5, 10, 25, 100 рубллик янги пуллар муомалага чиқарилган.

1918-20 йилларда Тошкентда Туркистон АССРнинг пули — туркбонлар чиқарилган. 1921 йил 1 январдан бошлаб, Туркистонда 3 ой давомида пул ислоҳотлари ўтказилиб, туркбон РСФСР пул бирлигига 10:1 нисбатда алмаштирилган.

1992-1994 йилларда Ўзбекистонда сўм-купон амалда бўлган. 1994 йил йил 1 августдан сўм-купон амалдан чиқарилиб, сўмга тўлиқ ўтилган. Сўм-купон 1000:1 нисбатда алмаштирилган.

Мирзаолим Дилшод ўғли

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан