Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Евросиё Иқтисодий иттифоқи: Десталинизация амалга ошмаган Россиядан тенгҳуқуқли муносабатларни кутиб бўладими?
4.10.2019 18:38,  
1067

Мен умумий қадриятлар асосида қурилган давлатлараро интеграциясининг ижобий ролига ишонаман. Бунда, барча мавжуд муаммоларини инобатга олган ҳолда, энг мувафаақиятли намуна деб Европа Иттифоқини ҳисоблайман. Шунинг учун ЕОИИ блокига аъзолик ҳақида фикр юритар эканман, ЕИни амалий эталон сифатида қабул қилдим.

Европа Иттифоқи маълум мафкура тизими асосида бирлашган. Улар учун "умумий урушлар ва ғалабалар" асосида бирлашиш ғалати бўлар эди: инсоният тарихи мобайнида европа халқларичалик бир-бирини энг кўп қирган миллат бошқа ҳеч давр ва маконларда учрамаса керак.

Иккинчи жаҳон уруши якуни билан Ғарбий Европа элиталари Ренессанс мутафаккирлари орзу қилган "Умум Европа уйи" ғоясини ҳаётга тадбиқ қилишга азму қарор қилдилар. Ва ниҳоят, Совет блоки қулаши билан Европа Иттифоқи номли янги сиёсий субъект пайдо бўлди. Камбағалроқ Европа мамлакатларига ўз иқтисодларини яхшилаб олишга имконият туғилди, аммо Франция, Германия каби ривожланган давлатларининг бундай имкониятга унчалик эҳтиёжлари бўлмаган эди. Таъкидлаймиз, ЕИ пойдеворида инсонпарварлик (гуманизм) фалсафаси, умумий тинчлик, ҳамкорлик ва ўзаро тотувлик билан ҳаёт кечириш истаги ётади. Яқин муддатли ва тор иқтисодий мақсадлар эса қуйироқ даражали аҳамиятга эга бўлган.

Энди бизга таклиф қилинаётган ЕОИИ асосида қандай ғоявий асослар бор? Ўз номида мавжуд бўлган «иқтисод»ми? Бунга ишониш қийин бўляпти. "Иқтисодий иттифоқ" кўпроқ геосиёсий лойиҳа эканлигини хатто иқтисодий таҳлилчилар ҳам айтадилар. Ва бундай сиёсий манфаат иттифоқ учун умумий бўлмай, балки шу жамоанинг энг катта ўйинчиси Путин бошчилигидаги Россияга тегишли холос. Хозирги кунда Кремл ўзининг глобал кун тартибини илгари суриш мақсадида Россия иқтисодий манфаатларини ҳеч иккиланмай қурбон қилаверишини бир неча бор кузатганмиз. Унинг спонтан ташқи сиёсий ва ҳатто ҳарбий ҳаракатлари ён қўшнилари, иттифоқчиларига зарар етиб қолиши ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайди, ўзаро консултация деган нарса бундай зеҳниятга буткул ёт. Қандай иттифоқ ҳақида гап бўлиши мумкин?!

Бошқарув борасида Европа тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак: ЕИ демократик йўллар билан иқтидорга келган партиялар ва улар тайинлаган вазирликлар томонидан идора қилинади. ЕИ бюрократиясини ҳар қанча танқид қилиш мумкин, лекин уни хатарли шошқалоқлик, шаффофсизлик, шунингдек тизимсизликда айблаш мумкин эмас. Бу эса кўпдавлатли ягона тизим учун ўта муҳим талаб. ЕОИИ қандай идора қилинади? Кимлар идора қиляпти? Бу саволларга жавобни ўқувчининг кузатувчан фаҳмига қолдирдим.

ЕОИИ блокига чорлаётган Россияда якуний десталинизация бўлиб ўтмади (сталинизм жиноятларига тўлақонли сиёсий ва ҳуқуқий баҳо берилмади), неоимпериалистик иддаолар расмий риторикада сизилиб туради, марказий ҳукумат ва унга маслаҳатгўйлик қилаётган экспертлар хали ҳам «глобал қутбларга қарам регионал таъсир доиралари», каби архаик дунёқараш ва Совет даврини қўмсаш кайфиятида ўралашиб қолган. Бундай шароитда тенгҳуқуқли муносабатларни қандай кутиш мумкин?

Ўзбекистон учун мустақил давлатчилик манфаатлари мавҳум иқтисодий манфаатлардан устун бўлиши лозим. Умид қилардимки, яқин келажакда Ўзбекистонинг ўзи ҳамжиҳатлик, эркинлик қадриятлари, инсон ҳуқуқлари ва модернизация ғоялар асосида интеграцион лойиҳаларни атроф мамлакатларга таклиф қила оладиган даражага ета олади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан