Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Деярли 40 нафар спортчи олий таълим муассасаларига қалбаки ҳужжат билан ўқишга киргани аниқланди
2.11.2021 10:09,  
138

Туризм ва спорт вазирлигида ўтказилган йиғилишда Бош прокуратура томонидан олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича белгиланган спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорларига олий таълим муассасаларига кириш имтиёзининг берилишида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, охирги уч йилда 4 001 спортчи давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда (тиббиёт йўналишидаги ОТМлардан ташқари) имтиёздан фойдаланишган.

Ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, спорт мусобақаларини ўтказиш ҳамда иқтидорли спортчиларни танлаб олиш ва имтиёз бериш тизимини тартибга солишда муаммолар аниқланган.

«Спорт соҳаси вакилларига имтиёз беришдан мақсад Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, Жаҳон чемпионатларига иқтидорли спортчиларни тайёрлаш ва юксак натижаларга эришишдан иборат бўлсада, бироқ кўп ҳолларда имтиёзлар «айрим ёшлар» учун ўқишга кириш воситасига айланиб қолган», - дейилади хабарда.

Хусусан, 2018 йилда 421 нафар, 2019 йилда 1 213 нафар ва 2020 йилда 2 367 нафар ёшлар спортдаги ютуқлари учун имтиёздан фойдаланиб, олий таълим муассасаларига ўқишга кирган ва ўтган 3 йилда имтиёздан фойдаланувчилар сони 5 баробарга ортган.

Шу билан бирга, имтиёздан фойдаланувчилар сонини сунъий ошириш мақсадида айрим спорт мусобақаларининг сони ҳам орттирилган. Жумладан, имтиёз берувчи олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича 2018 йилда 206та мусобақа ўтказиш белгиланган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилда 296тани ташкил этиб, 30 фоизга ошган. Бу ғолиб ва совриндорлар сонининг ҳам ортишига олиб келган.

Масалан, календарь режага мувофиқ, 2018 – 2021 йилларда баскетбол, волейбол ва чим устида хоккей бўйича 146та республика чемпионатлари ўтказилиши лозим бўлсада, амалда икки баробар кўп, яъни 273та ўтказилган. Натижада, бу спорт турлари бўйича 2018 йилда – 18 нафар, 2019 йилда – 82 нафар, 2020 йилда – 295 нафар ва 2021 йилда – 308 нафар спортчи имтиёз асосида ўқишга тавсия этилган.

Шунингдек, миллий чемпионатларни ўтказиш жараёнини электронлаштириш, видео ва фото тасвирга олиш тизимли йўлга қўйилмасдан, барча ҳужжатлар қоғоз шаклида юритиб келинган. Бу эса айрим спорт мураббийлари томонидан мусобақа натижалари сохталаштирилишига имкон яратган. Масалан, 2020 йилда 31 нафар спортчи қалбаки ҳужжатлар асосида олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда қабул қилинганлиги аниқланган.

Ғолибликни қўлга киритмаган яна 7 нафар спортчига имтиёзлар тақдим этилган. Йиғилишда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётгани айтилди.

Шу билан бирга, олий таълим муассасаларига кириш учун имтиёзли асосда тавсия этилган 1 921 нафар спортчи касбий (ижодий) имтиҳондан ўтказилгани аниқланган.

Натижаларга кўра, иштирокчиларнинг 213 нафари максимал баллнинг 36 фоизини ҳам тўплай олмаган, 41 нафари эса ижодий имтиҳон талабларини умуман бажара олмаган ва яна 147 нафари турли баҳоналар билан имтиҳонларда иштирок этмаган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан