Белорусда мухолифат вакиллари ва тарафдорларининг ҳибсга олиниши сўз ва йиғилишлар эркинлигини бузмоқда, деб ҳисоблайди Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Хосеп Боррелл. Дипломат бу ҳақда ўз твиттер саҳифасида ёзди.
"Беларусда тинч намойишчилар, журналистлар ва мухолифат намояндаларининг ҳибсга олиниши сўз ва йиғилишлар эркинлигини бузмоқда ва зудлик билан тўхтатилиши керак", - дейди Боррел.
Европа дипломатияси раҳбари Белорусда бўлажак президент сайловлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) мажбуриятларига мувофиқ эркин ва ишончли тарзда ўтказилиши кераклигини таъкидлади.
Аввалроқ, Беларусда давлат раҳбари лавозимига даъвогар Виктор Бабарико ҳибсга олинган эди. У Белгазпромбанкнинг ноқонуний фаолиятини ташкиллаштиришда гумон қилинмоқда. Белорус давлат назорат қўмитаси раҳбари Иван Тертел Бабариконинг ноқонуний фаолияти ортида Россиянинг Газпром ширкати турганлигини айтди.