Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Эрдоған суриялик қочқинларни ватанига қайтармоқчи. Ҳаммага яхши бўладими?
20.10.2019 02:12,  
530

2011 йилда бошланган уруш Сурия халқини хонавайрон ва саргардон қилди. Миллионлаб суриялик уйларини тарк этиб, дунёнинг турли мамлакатларига тарқалиб кетди. Энг кўп суриялик қочқинга мезбонлик қилаётган давлат – Туркия. Охирги маълумотларга кўра, бу ерда 3 миллион 674 минг 588 нафар суриялик бор.

Булар рўйхатдан ўтганлари, рўйхатдан ўтмаганлари қанчалигини, турган гапки, ҳеч ким билмайди. Баъзи шаҳарларда суриялик қочқинларнинг сони маҳаллий аҳоли сонига нисбатан жиддий равишда кўп. Масалан, Килисда бу кўрсаткич қарийб 85 фоизга, яъни қочқинлар сони салкам маҳаллий аҳолининг сонига етиб қолган. Шу пайтгача Туркиядаги сурияликлар оиласида 450 мингдан зиёд чақалоқ туғилди, бу болалардан баъзилари аллақачон мактабга қатнай бошлаган ва улар ҳеч қачон ватанини кўрмаган. Туркиядаги суриялик қочқинларнинг атиги 2 фоиздан кўпроғи махсус лагерларда яшайди, қолганлари турли ҳудудларга тарқалиб кетган.

Суриялик қочқинлар масаласи анчадан бери туркияликларнинг норозилигига сабаб бўлиб келяпти. Масжидларда ансорлар ва муҳожирлар ҳақидаги гаплар энди гапирилмай қўйилган. Одамлар норози: иқтисодий қийинчиликларга, уй ижараси нархининг ошишига ва ишчи кучининг арзонлашишига суриялик қочқинларни сабабчи қилиб кўрсатишяпти. Ижтимоий тармоқларда суриялик қочқинлар орқали ҳукуматни танқид қилмоқчи бўлганлар мой устига олов сепяпти, аммо улар тарқатаётган маълумотларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эмас. Очиғи, оммага бу маълумотларнинг тўғри ёки нотўғрилиги кўпам қизиқ эмас, улар учун муҳими – кўчаларидаги қочқинларнинг кетиши.

9 октябрь куни турк армияси Суриянинг шимолида бошлаган ҳарбий операциянинг аксар туркияликлар томонидан қўллаб-қувватланишига сабаблардан бири суриялик қочқинларнинг ватанига қайтарилиши ҳақида ваъда бўлди дейиш мумкин. Операция арафасида президент Ражаб Тоййиб Эрдоған Суриянинг шимолида хавфсиз ҳудуд барпо этилишини ва у ерга 2 миллион қочқин жойлаштирилишини маълум қилди.

Туркия бундан аввал ҳам Сурияда икки марта ҳарбий операция ўтказган ва ўшанда ҳам туркияликларнинг қочқинларга нисбатан норозилиги кучайган эди. “Бизнинг аскарларимиз Сурияда жанг қиляпти, суриялик эркаклар эса бу ерда маза қилиб юрибди” қабилидаги гап-сўзлар кўп янгради. Қочқинлар бу айбловга жавобан одатда Сурияда жанг қилаётган томонларнинг кўплигини ва улар қайси томондан туришни билмасликларини айтишади.

Туркияликларнинг ғазабини қўзғайдиган яна бир ҳолат бор – суриялик қочқинларнинг ҳайит байрамларида ватанига бориб келиши. Ҳар ҳайитда ОАВ минглаб сурияликнинг чегарадан ўтаётгани, байрамдан кейин эса уларнинг қайтаётгани ҳақида хабарлар тарқатади. Яқинда худди шу масала Германияда ҳам кўтарилди. Айрим сиёсатчилар суриялик қочқинларнинг ватанига бориб келаётганини ва уларни қочқинлик мақомидан маҳрум қилиш кераклигини таъкидлади.

Адолат нуқтаи назаридан айтиш керакки, ҳар қандай мамлакатда тили бегона бир неча миллион қочқиннинг пайдо бўлиши вақти-соати билан ижтимоий норозиликка сабаб бўлиши тайин. Чунки бундай ҳолат ўша мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсир кўрсатмай қолмайди.

Хуллас, Эрдоған айтганидек икки миллион суриялик ватанига қайтариладиган бўлса, туркияликлар енгил нафас ола бошлайди, норозилик кайфияти ҳам юмшайди. Ўша икки миллион сурияликни эса яна муаммолар қарши олади: ишсизлик, қимматчилик ва вайронага айланган ватан.

Нилуфар Адҳамова

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан