Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Трамп Фаластин ва Исроилнинг Қуддус низосини ҳал этмоқчими?
17.02.2020 12:21,  
820

Трампнинг «аср келишуви» икки давлат ўртасидаги халқаро ҳуқуқ меъёрларини қай даражада акс эттирган ёхуд Фаластин учун энг яхши танлов қайси?

2020 йил 28 январ куни АҚШ Президенти Доналд Трамп Исроил ва Фаластин можароси учун ўзининг “Middle East Peace Plan”ини эълон қилди. Ўша заҳотиёқ Исроил Бош вазири Нетаняҳу АҚШ таклиф қилаётган “Аср келишуви”ни Фаластин билан келгуси музокараларга асос қилиб олишга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ Уйда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан ўтказган матбуот анжуманида маълум қилди.  

Президент Трампнинг сўзларига кўра, “Бугунги келишув фаластинликларга ниҳоят ўз мустақил давлатларини ташкил этиш учун тарихий имкониятдир. Бу масалада деярли силжиш бўлмаган охирги 70 йилдан кейин бу улар учун охирги имконият бўлиши мумкин”.

Хўш, шундай экан, 80 саҳифадан иборат “Аср келишуви”да АҚШ лидери Фаластинликларга нималарни таклиф этди?

  • (1) Қуддусни Исроилнинг "бўлинмайдиган" пойтахти сифатида, шаҳарнинг шарқий ва шимолий қисмини Фаластин пойтахти сифатида ташкил қилиш.
  • (2) Фаластин ҳудудидаги Исроил босиб олган аксарият аҳоли пунктларини тан олиш. Фаластин давлати Ғарбий соҳилнинг йўқотилган 30%ини қоплаш учун Ғазо яқинидаги ҳудудни, асосан чўлни олади. Ғазо ва Ғарбий соҳилни тезюрар темир йўллар боғлайди.
  • (3) Исроил босиб олган Ғарбий соҳилнинг учдан бир қисмини ташкил этувчи Иордан водийсини тан олиш. Миср билан чегарадош чўл қисмларни келажакда тузилажак Фаластин давлатининг ҳудуди сифатида тан олиш.
  • (4) Фаластин ҳукумати ХАМАС ҳаракатини қўллаб-қувватлашни тўхтатиши ва террорчи-худкушлар оилалари учун компенсация сўрашдан воз кечиши лозим. 
  • (5) Баъзи ҳудудларда, хусусан, денгизда ҳам Исроил томонидан хавфсизликни назорат қилиш эвазига армиясиз Фаластин давлатини қуриш. Шунингдек, режа Фаластин мустақилликка эришгунга қадар бажариши керак бўлган қатор шартларни, жумладан Ғазони бошқарадиган "Хамасни тўлиқ демонтаж қилиш" ни ҳам ўз ичига олади.
  • (6) 10 та чегара шаҳарчада яшовчи ўн минглаб араб исроилликларидан Исроил фуқаролигини тортиб олиш эҳтимоли мавжуд бўлиб, ушбу шаҳарлар ва уларнинг аҳолиси бўлажак Фаластин давлатига киритилиши.
  • (7) Фаластинлик қочқинларга нисбатан олдинги можароларда Исроилга йўқотилган уйларга "қайтиш ҳуқуқи"ни рад этиш. Режада таъкидланишича, фаластинлик қочқинлар Исроилда жойлаша олмайдилар, улар ё Фаластин ҳудудида яшашлари, ё учинчи давлатга кетишлари керак бўлади.
  • (8) Фаластинликлар тажовузкорликни йиғиштириб, исроилликларга ҳужум қилган инсонларнинг оилаларини молиялаштиришни бас қилишлари керак.
  • (9) Қуддуси Шарифдаги мусулмонлар ва яҳудийлар учун муқаддас объектлар бўлган Ал-Ҳарам тепалиги ўзгаришсиз қолиши керак.

Хўш, ушбу режа Фаластинликларга нималарни ваъда қилади?

  • (1) Трамп янги Фаластин давлатига 50 миллиард доллар инвестиция ваъда қилмоқда. Бу эса режа муаллифлари фикрича, миллионлаб иш ўринлари яратишга ва Фаластин ялпи ички маҳсулотини 2 мартадан кўпроққа оширишга имкон беради.
  • (2) Режада Фаластин Исроилнинг Хайфа ва Ашдод портлари инфратузилмасидан фойдаланиш имконини қўлга киритиши белгиланган. Шунингдек, Фаластинга Ўлик денгизнинг шимолий соҳилида курорт очишга рухсат берилади. Режада Фаластиннинг Иордан водийсида “қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини давом эттириши” кўзда тутилган, водийнинг ўзи эса Исроил назоратида бўлади.
  • (3) Исроил Фаластин ҳудудида тураржойлар қуришни 4 йилга тўхтатиши керак бўлади.  Бу муддат ичида, яъни 4 йил мобайнида фаластинликларнинг янги давлати учун ажратиладиган ерлар очиқ бўлади ҳамда уларга тегилмайди.

Шу пайтгача нашрий ва интернет манбаларида Араб-Исроил можароси етарлича таништирилган десам муболаға бўлмайди.  Муаммо чуқур ва жуда ҳам чигал бўлиб, халқаро ҳуқуқ ва муносабатлар соҳасида доимо диққат марказда турадиган мавзулардан биридир. Аслида, Трампнинг “Аср келишуви”нинг белгилари унинг сайловолди кампанияси давомида ҳам равшан эди.

Олдиндан айтай: халқаро ҳуқуқ меъёрлари турли кўринишда мавжуд бўлса-да, келишаётган икки давлат албатта ушбу меъёрлар ёки БМТ резолюцияси ёинки БМТ халқаро суди қарори ёки тавсиявий фикрига бўйсуниши лозим деган қоида халқаро ҳуқуқ қоидаси мавжуд эмас. Албатта, бошқа тарафнинг ҳақ-ҳуқуқини бузаётган ёки суверенитетига дахл қилаётган томон халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра ҳаракат қилиши зарур. Аммо агар зарар кўраётган давлат бундай муомалага очиқдан-очиқ рози бўлса, халқаро ҳуқуқ бундай музокара ва унинг натижаларининг легитимлигини инкор этмайди. Шундай бўлса-да, АҚШ режаси халқаро ҳамжамият асосланиб келаётган халқаро ҳуқуқ мезонларига қай даражада мос тушади?

Аввало, халқаро ҳуқуқ Қуддус бўйича ҳеч кимнинг эгалигини белгиламаганига қарамасдан Қуддус шаҳри мақоми бўйича АҚШ жуда ҳам радикал таклиф билан чиққан. Халқаро ҳамжамият Шарқий Қуддусни, шу жумладан бутун Эски шаҳарни, босиб олинган Фаластин ҳудудининг бир қисми ҳисобласа-да, Ғарбий ёки Шарқий Қуддус на Исроил ва на Фаластин давлатининг бир қисми деб тан олинган.

1947 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинни қисмларга ажратиш режасига биноан, Қуддус шаҳри Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бошқариладиган шаҳар бўлиши керак эди. 1948 йил урушида шаҳарнинг ғарбий қисми янги ташкил топган Исроил давлати кучлари, шарқий қисми эса Иордания томонидан босиб олинган. Халқаро ҳамжамият Қуддуснинг ҳуқуқий мақомини асосан бўлиниш режасидан келиб чиқади деб ҳисоблайди ва мос равишда шаҳар устидан Исроил суверенитетини тан олишдан бош тортади.

Натижа эса ўртада: Иордан ҳукумати кучлари чиқиб кетгач, шаҳар назорати амалда Исроил қўл остига ўтди. АҚШ эса ўз элчихонасини Қуддусга кўчириш орқали ҳали тўлалигича ҳал этилмаган масалада бир томонлама ён босиб, Фаластин томони ҳуқуқларини задалади. Шу сабабли ҳам, “Аср келишуви” эълон қилиниши биланоқ Фаластин томонидан қатъий рад этилганига ажабланмаса ҳам бўлади.

2-чи ва 3-чи таклифлар масаласига келсак, Исроил билан низони ҳал қилиш борасидаги музокараларда Фаластин 1967 йилгача бўлган чегараларга қайтишни, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Ғазо секторини Фаластин ҳудуди деб тан олишни талаб қилиб келади. Исроилнинг эгаллаб олган ҳудудлари эса “ишғол қилинган ҳудудлар” (occupied territories) дея юритилиб, уларга оид жуда кўплаб БМТ резолюциялари чиқарилган. Бундай таклифлар халқаро ҳуқуқнинг шу пайтгача қабул қилинган меъёрларини АҚШ эътиборга ҳам олмаганлигини кўрсатади.

Бундан ташқари, Исроилнинг фаластинликлар яшайдиган ҳудудларни ажратиш мақсадида қурган девори БМТ халқаро суди томонидан 2003 йилда халқаро ҳуқуққа зид дея топилган бўлиб, Исроил уни аслида бузиб ташлаши керак. Исроил бундай қилмай ҳали-ҳамон халқаро ҳуқуқ меъёрларига беписанд бўлиб келмоқда. Бундан ташқари, Фаластинни озод қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, Трамп режаси тарихий Фаластин ҳудудининг фақатгина 15%инигина қайтаради холос

4-чи ва 5-чи таклифлар Хамас ва қурилажак янги Фаластин давлатининг қуролли кучлари масаласига тегишли бўлиб, олдингилардан ҳам оғир шартлар ҳисобланади. Хамас 2006 йилда Ғазо минтақасида демократик қоидаларга мувофиқ тарзда сайловларда ғалаба қозонган ва ушбу муваффақиятни кўпчилик давлатлар тан олган. Аммо АҚШ ва бир қисм Ғарб давлатлари Хамасни террорчи ташкилот деб ҳисоблайдилар. Шундай экан, дунё ҳамжамиятининг Хамасга нисбатан қараши турлича бўлиб, Хамас фаолиятидаги муаммоли ҳаракатлар ҳам талайгина. Аммо Ғазо минтақасига татбиқ этиладиган халқаро меъёрлар бу – халқаро инсонпарварлик ҳуқуқи эканини ва Хамас ўша ердаги аҳолининг демократик йўллар билан сайланган ташкилотилигини ҳисобга олсак, Хамас халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилашга бўлган муҳим ҳуқуқига асосланиб тузилган ташкилот эканлиги намоён бўлади.

Шунингдек, армиясиз янги Фаластин давлатини қуриш Исроилнинг халқаро ҳуқуқ нормаларини менсимаслигига йўл очиб берадики, бунда ҳам Исроил ва АҚШ томонининг ўта бешафқат тарзда масалага ёндашаётганлигини англатади. Шунингдек, АҚШ янги Фаластин давлатини қуришни таклиф этса-да, уни икки томон музокарасига ташлаш орқали муфассал маълумотларни берганича йўқ. Бу ҳам Исроилга устун мавқе бериб, ҳар бир ҳолатни ўз фойдасига ҳал қилишига йўл очиб беради ва алал-оқибат музокаралар узайиб кетишига сабаб бўлади.

АҚШ режасидаги 6-7-чи бандлар халқаро қочқинларга оид мезонлар нуқтаи назаридан ҳам ўта муаммолидир. У нафақат 5 миллиондан зиёд Фаластинлик қочоқларни, балки ҳозирда Исроилда яшаётган 1.5 миллион Исроил фуқароси бўлган арабларни ҳам қийин вазиятга тушириб қўяди. Бошқа томондан, бу моддалар Исроилнинг шу пайтгача халқаро мезонларга зид тарзда қуриб келган яҳудий маҳаллаларини ўзгармасдан қолишини ҳам билдиради. 

АҚШнинг таклифлари орасида халқаро ҳуқуқ мезонларига мувофиқ келадигани юқоридаги 8- 9-чи ўринда турганларидир. Албатта, ҳудкуш портлатишларни оқлаб болмайди. Бундан ташқари, Қуддуснинг Эски шаҳридаги муқаддас жойлар ҳақиқатан ҳам ўзгаришсиз қолиши лозим. Буни ҳеч ким рад этмайди. Зотан, тарихий обидаларнинг муҳофаза этилишини халқаро ҳуқуқ қоидалари ҳам такрор-такрор таъкидлайди. 

Хулоса  

Хўш, ярим асрдан зиёд уруш, муҳожирлик ва еридан жудо бўлишни бошидан кечираётган фаластинликлар учун энг маъқули йўл қайси? Маҳмуд Аббос қилаётганидек, оёқни тираб қаршилик кўрсатишми ёки Трамп куёви ёқимтой жаноб Жейред Кушнер айтганидек, адолатли бўлмаса-да, аммо прагматик (амалий) ечимга келиш тўғрими?

Аслида, харитада бироз бордек кўринса-да, Фаластин деган давлат аллақачон ғойиб бўлган. Ҳозирда Исроил кучлари бутун Фаластин ҳудудини ҳам ўз назоратига олган. Исроилнинг Ғарбий соҳил ҳудудларини эгаллаб, у ерда яҳудийлар манзилгоҳларини қуриши эса ҳамон давом этмоқда. Бу дегани агар Фаластинликлар бу режага рози бўлишса-бўлишмаса, тез орада улар қолган ҳудудлардан ҳам қувиб чиқариладилар.

Фаластинликларда танлов имконияти деярли қолмаган. Ё АҚШ таклиф этаётганидек, икки давлат режасига рози бўлишлари ёки бўлмаса, ҳозирги Фаластин ҳукуматини тарқатиб юбориб, Исроил давлати фуқароларига айланишлари лозим. Ана шундагина улар Исроилнинг араб фуқаролари каби тенг ҳақ-ҳуқуқларга эга бўладилар. Албатта, бунга ҳам Исроилликлар розилиги талаб этилади. Чунки, Исроил давлати ҳам арабларга ўз фуқаролигини бериб, уларни яҳудий фуқаролари даражасида ҳақ-ҳуқуқлар билан таъминлашни асло истамайди.

Бу ерда бир неча мавжуд фактларга ҳам назар ташлаган маъқул. Кўрфаздаги бой Араб давлатларининг деярли барчаси АҚШнинг сиёсий таъсирига ўтиб бўлди ва ҳатто Саудия Арабистонининг бўлажак қироли ҳам бу масала АҚШ таклиф этганидек ҳал этилиши лозимлигини очиқдан очиқ тан олишни бошлади. Бунинг мисоли сифатида Оқ Уйдаги Тинчлик режаси эълон қилинган пайтда шу давлатларнинг АҚШдаги элчилари қатнашганининг ўзи ҳам буни кўрсатиб турибди. Сурия муаммоси ва ўзининг ички зиддиятлари туфайли халқаро обрўси ўта пасайиб кетган Туркия Жумҳуриятидан ҳам катта мадад кутиб бўлмайди. Иқтисодий санкциялар туфайли Эроннинг ўзи қийин кунларни бошидан кечирмоқда. Молиявий ёрдамсиз ва сиёсий ҳимоясиз Фаластин давлатининг аҳволи тобора ёмонлашаётганлиги энди ҳеч кимга сир эмас.

Балки, бу таклиф Фаластин давлатининг яшаб қолиши учун охирги имкониятдир. Ким билади? Чунки Исроилнинг яҳудий манзилгоҳларини ўрнатиш орқали Ғарбий соҳилдаги Фаластин ерларини илма-тешик шаклида аста секинлик билан емириши Фаластин давлатининг тобора йўқ бўлиб бораётганлигини билдиради. Буни Фаластинликлар имкониятга айлантира оладими ёки йўқми, билмадим. Ҳар қалай Маҳмуд Аббоснинг куни кеча Нью-Йорк шҳридаги музокара ўтказишга тайёр эканлигини билдириши ҳам Фаластинликларнинг ҳам мавжуд ҳолатни инкор эта олмасликларининг яққол намунаси холос. Тақдир уларга жуда ҳам қаттиқ ҳаётни тақдим этаётганлиги аниқ.  

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан