Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Фақат ИИБнинг ўзи келганда бу даражада тўполон бўлмасди, уларнинг орасидаги фуқаро кийимидаги шахслар тўполонни бу даражада кучайиб кетишига сабабчи бўлди» – Олтинсой воқеалари​
18.02.2020 11:09,  
1608

15 февраль, шанба куни, ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари ва аҳоли ўртасида тўқнашув содир бўлгани ҳақидаги видео тарқалди. Видеода таъкидланишича, аҳоли ва ИИБ ходимлари ўртасидаги можаро Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги “Халқобод” маҳалласида содир бўлган. “Дарё” мухбири воқеа тафсилотларини билиш мақсадида Олтинсой туманида бўлди.

71 ёшли Ғаффор бобо Мирзаевнинг маълумот беришича, 14 февраль куни аҳоли яшаётган уйни бузишга келганлар аҳоли норозилиги сабаб аввал ортга қайтган. Бир соат ўтар-ўтмас яна кўпчилик бўлиб бузишга киришган. Ва аҳолининг кескин қаршилигига дуч келган.

МАВЗУГА ДОИР: Олтинсойда фуқаролар ва ИИБ ходимлари ўртасида тўқнашув келиб чиқди (видео)

“Дастлаб бузманг, деганимиздан сўнг техникаларни ортга қайтаришди, — дейди Ғаффор бобо Мирзаев. — Бир соат ўтар-ўтмас эса 5 та машина 15 та машинага айланиб, уйларни бузишга киришди. Шунда ҳамма уларга қаршилик кўрсатди ва тўс-тўпалон бошланди. Аҳоли ўзини ҳимоя қилди. ИИБ ходимлари ҳам урди, одамлар ҳам урди. Фақат ИИБ ходимларининг ўзи келганда бу даражадаги тўпалон бўлмасди, уларнинг орасида бўлган фуқаро кийимидаги шахслар тўпалоннинг бу даражада кучайиб кетишига сабабчи бўлди”.

Воқеа гувоҳларининг қўшимча қилишича, туман ИИБ бошлиғи ҳам аҳолига қўл кўтарган.

“Туман ИИБ бошлиғи Мирзаев урушнинг бошида туриб, одамларни урдиргани етмагандек, ўзи ҳам одамларни урди, — дейди Ғаффор бобо Мирзаев. — Туман ИИБ бошлиғи халқ томонида эмас экан. Халқни ўйламади”.

Видеода судраб кетилган кекса ёшдаги фуқаро Заргул Холмуродованинг отаси Ўринбой Холмуродов бўлиб чиқди.

“Қизим уйи бузилишга тушишини айтганди. ʼҲоким келармиш, прокурор келармиш, кексалардансиз боринғ, дейишганига боргандим, — дейди Ўринбой Холмуродов. — Мен бундай разолатни фақат киноларда кўргандим. Икки томон ҳам бир-бирига кесак ота бошлади. Куёвим одамларнинг оёғи остида қолиб кетган экан. Мени ҳам кимдир урдими ёки ўзим йиқилдимми, ўзимга келсам ерда ётган эканман. Шунда ИИБ ходимларидан бири менинг кўкрагимга урди. Зўрға оёққа туриб, автобус томонга бордим. Борсам, ʼҚизингни автобусга тиқиб олиб кетишдиʼ дейишгач, туман ИИБ га кетдим.

Ўринбой Холмуродовнинг айтишича, у ИИБ биносига борганда вояга етмаган 4 нафар боланинг оёқ кийими ечиб олиниб, бетонда тик турғизиб қўйилган ҳолатига кўзи тушган.

“ИИБга борганимда 4 нафар қишлоқ болаларининг оёқ кийими ечиб олиниб, бетонда оёқяланг турганини кўрдим, — дейди Ўринбой Холмуродов. — Ўша куни ҳаво совуқ эди. Ҳали у болалар ёш ва вояга етмаган уларнинг нима айби бор, қўйиб юборинглар, деб айтдим”.

Қишлоқ аҳлининг таъкидлашича, ўша кунги тўпалон пайтида тоби қочган 3 нафар аёл Олтинсой туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилганда, шифокорлар уларни даволашни истамаган. Тонг азон 3 га қолмасдан уларни шифохонадан чиқариб юборган. ИИБга олиб борилганлар эса тушунтириш хат ёзиб олингач, қўйиб юборилган.

МАВЗУГА ДОИР: ИИВ​ Олтинсой воқеасида Россияда ишлаб юрган фуқарони ҳам айблади

Олтинсойликлар Президент фармони бўлишига қарамай кадастр ҳужжати берилмаганини айтмоқда

«Эрим ва қайнонамни судрашгач, уларни қутқаргани бордим. Ҳомиладорлигимни айтсам ҳам, судрашди ва кўтариб автобусга тиқишди» – Олтинсой воқеалари

“Туман шифохонасидан аёлларни даволашмаётганини эшитганимиздан кейин боши ёрилган Илҳом Муҳаммадиевни Термиз шаҳридаги шифохонага олиб бордик”, — дейди суҳбатдошлар.

“Дарё” мухбири билан телефон орқали мулоқот қилган Илҳом Муҳаммадиевнинг маълумот беришича, унинг бошини ИИБ ходимлари ёрган.

“Бошимга тош билан уришди, — дейди Илҳом Муҳаммадиев. — Икки кундан бери шифохонадаман”.

Сурхонадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Заҳриддин Тўраевнинг “Дарё”га маълум қилишича, вилоят ҳокими Тўра Боболов Олтинсой туманига бориб, халқободликлар билан суҳбатлашган.

“Вилоят ҳокими “Халқобод” маҳалласидаги 6 та хонадон вакиллари билан гаплашиб, туман ИИБ, прокуратура ва ҳокимлик масъуллари уйни бузишда бироз шошганини айтди, — дейди Заҳриддин Тўраев. — Ҳоким 6 та хонадон вакилларига бошқа жойдан ер участка берилиб, уй-жойларини қуриб битказишгач, экин майдонида қурилган уйлари бузилишини маълум қилди”.

Эслатиб ўтамиз, мазкур воқеага муносабат билдирган Бош прокуратура ноқонуний қурилган уй-жойлар “Оқолтин манзараси” фермер хўжалигига қарашли пахта ва ғаллага мўлжалланган экин ер майдонининг жами 0,39 гектарида эканлигини айтиб, 6 нафар фуқаро ерни ноқонуний эгаллаб, 235,35 квадрат метр майдонида яшаш имконияти мавжуд бўлмаган уй-жой бинолари қуриб олинганини ёзганди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан