Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Фермерлар ғалласини тортиб олганлар жазоланади
4.07.2021 15:13,  
493

Ғалла хирмонлари шу кунларда донга тўлмоқда. Шундай пайтда ҳосилнинг режадан ортиқча қисмини тортиб олиш ҳолатлари рўй бераётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Адлия вазирлиги фермернинг режадан ортиқча ғалласини тортиб олаётган айрим мансабдор шахсларга амалдаги қонунчиликни эслатиб, бундай ҳолатлар учун жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантиради.

Биринчидан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга кўра, фермер етиштирган маҳсулот унинг мулкидир ва у давлат ҳимоясида. Конституциянинг 53-моддасига кўра, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида.

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунларда ҳам тадбиркор ҳисобланган фермерларнинг мулки давлат томонидан ҳимояланиши кўрсатилган.

Фермерларнинг мулкий ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий (9,8 млн. сўмдан 19,6 млн. сўмгача жарима) ва жиноий (7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) жавобгарлик белгиланган.

Иккинчидан, режадан ортиқча ғаллани олиш мақсадида фуқароларнинг уй-жойларига уларнинг рухсатисиз кириш Конституциянинг 27-моддасига зид келади ва айбдор Жиноят кодексининг 142-моддасига кўра 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Учинчидан, Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан, фермерлар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди.

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга кўра, фермерлар давлат эҳтиёжлари учун етиштирган ҳосилни контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмларда етказиб беришга мажбур.

Контрактация шартномаларида назарда тутилган мажбуриятдан ортиқ ҳажмда маҳсулот талаб қилиш қонунчилик ҳужжатларига зид.

Шартномавий муносабатлар бўйича вужудга келган низолар фақат ўзаро ёки суд тартибида ҳал этилиши лозим. Бундай ҳолатларда зўравонлик ишлатиш ёки ўзгача усулда ноқонуний мажбурлаш – қонун бузилиши ҳисобланади ва жавобгарликни келтириб чиқаради.

Адлия вазирлиги тегишли мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларини қонунларни ҳурмат қилишга ҳамда фермерларнинг ҳуқуқларини бузмасликка чақиради.

Қонунни менсимаган ва фермерларнинг ҳуқуқларини бузган ҳар қандай шахслар жавобгарликка тортилади.  

Адлия вазирлиги ҳуқуқи бузилган шахслар адлия органларига (“1008” – телефон рақам ёки @fermergamadadbot – телеграм орқали) мурожаат қилишини сўрайди.  

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан